Сайр қил, азизим! – Ходимга отгулни қандай тўғри бериш мумкин

16.05.2020

“Агар дам олиш куни ишга жалб қилинган бўлсам, отгул олишга ҳуқуқим борми? Мен тўлиқ иш куни эмас,балки атиги 3 соат ишлаб берган бўлсам, унинг давомийлиги қандай бўлиши керак”?

Ҳатто ходим ишланмайдиган кунда атиги 1 соат ишлаб берган бўлса ҳам, у тўлиқ кун отгулга ҳуқуқи бор. Ушбу вазиятда отгулларни расмийлаштиришнинг ўзига хос жиҳатларини меҳнат ҳуқуқи бўйича «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА гапириб берди:

- Иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина, жамоа шартномасида белгиланган асослар бўйича ва тартибда жалб қилиш мумкинлигидан бошлаймиз . Агар жамоа шартномаси мавжуд бўлмаса, жалб қилиш тартиб-таомилини иш берувчи ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб белгилайди. Дам олиш кунларида бажарилган иш учун компенсация назарда тутилган .

Икки ҳисса ставка ёки отгул

МКнинг 157-моддасига асосан дам олиш кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида ёки иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб белгиланади. Яъни локал тартибда дам олиш кунидаги ишлар учун икки ҳисса миқдордан ортиқ миқдорда ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин. Шу билан бир вақтда ходим бошқа дам олиш куни (отгул) сўраш ҳуқуқига эга. Бу ҳолда дам олиш кунидаги ишлар учун бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланади,  бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, ходимга иш кунига тўланадиган ҳақ миқдорида  ҳақ тўланади.

Отгул – бу ходимга ишланмайдиган вақтдаги ишлар ёки навбатчилик учун компенсация сифатида тақдим этиладиган дам олиш вақти.

Шу тариқа, ходимда унинг дам олиш кунидаги меҳнатини компенсация қилишнинг иккита варианти бор: ёки унга бир ҳисса ставка тўланади ва бошқа дам олиш куни берилади ёхуд отгул тақдим этмасдан, шунчаки икки ҳисса миқдорда ҳақ тўланади.

Отгул соатларда бериладими ёки тўлиқ кунга?

Агар ходим бошқа дам олиш кунини танлаган бўлса, дам олиш кунидаги ишлар учун бир ҳисса ставка тўлашдан ташқари, дам олиш кунидаги иш қанча вақт – тўлиқ кун ёки 1 соат давом этганлигидан қатъи назар, унга  тўлиқ кунга отгул тақдим  этилиши керак. МКнинг 157-моддаси 2-қисмини сўзма-сўз ўқиш шундай хулосага келиш имконини беради. Мазкур моддада иш вақтидан ташқари ишлар билан бўлган ҳолатдаги каби “дам олиш кунидаги иш учун дам олиш соатларига тенг келадиган миқдорда”  тўғрисида эмас, балки айнан “дам олш куни” хусусида айтилмоқда.

Яъни дам олишнинг давомийлиги билан дам олиш кунидаги ишларнинг давомийлиги ўртасида боғлиқлик йўқ. Ишлаб берилган вақтнинг ҳар қандай соати учун ходимга барибир тўлиқ дам олиш куни тақдим этилади.

Отгулларни қачон олса бўлади

Меҳнат кодексида отгулни тақдим этиш муддатлари бўйича чекловчи нормалар йўқ. Шу боис иш берувчи билан келишган ҳолда исталган вақтда белгиланган бошқа дам олиш кунини олиш мумкин.

Масалан, ходим дам олиш куни ишлаб берган ўша ойда ёки исталган кейинги ойда отгул олиш мумкин. Бироқ битта ўзига хос жиҳат мавжуд! Ходим отгул учун аризани дам олиш кунида ишлаб берган ўша ойда ёзиши керак, сабаби ушбу ариза – тегишли ҳақ ҳисоб-китоби учун асос ҳисобланади. Усиз бухгалтерия жорий ой учун дам олиш кунидаги иш учун икки ҳисса миқдорда ҳақ ҳисоблаши даркор бўлади.

Эътибор беринг
Отгул учун ариза ходим унга ҳуқуқга эга бўлган ўша ойда ёзилган бўлиши керак.

Шунингдек, отгулни йиллик таътил ёки ҳар ҳафталик дам олиш кунларига қўшишга тақиқ мавжуд эмас. Ягона чеклов: бошқа дам олиш кунлари берилиши туфайли ишлаб чиқариш зарар кўрмаслиги керак, шу боис отгулдан фойдаланишнинг аниқ санаси тўғрисидаги масала иш берувчи билан келишган ҳолда ҳал қилиниши лозим.

Эътибор беринг
Агар ходим дам олиш вақтини иш берувчи билан келишмаган ҳолда мустақил равишда танлаб, шунчаки ишга чиқмаган бўлса, бунга прогул сифатида қаралиб, бунинг учун раҳбарият ишдан бўшатишгача бўлган интизомий жазони қўллашга ҳақли .

Отгул қандай расмийлаштирилади

Амалдаги меҳнат қонунчилигида ходим дам олиш кунидаги иш учун компенсация сифатида отгул олиш ҳақидаги ўз хоҳишини маъмурият эътиборига айнан қандай шаклда (оғзаки ёки ёзма) етказиши кераклиги белгиланмаган. Бироқ келгусида низоли вазиятнинг олдини олиш учун ходимдан ёзма ариза олиш мақсадга мувофиқдир (намунага қаранг). У ҳар қандай ҳолатда ҳам ходимнинг бошқа дам олиш куни олиш хоҳишининг тасдиғи ва ифодаси ҳисобланади.

Ариза ташкилот раҳбарининг ёки ушбу масалани ҳал қилиш ваколатига эга бошқа шахснинг номига эркин шаклда ёзилади. Шунингдек, аризада инсон ишдан озод этилишга талабгор бўлаётган асос ва уни олиш истагида бўлган аниқ сана кўрсатилади.

Агар буни компаниянинг корпоратив сиёсати талаб этса, отгул учун аризани ходимнинг бевосита бошлиғи билан келишиш лозим бўлади.

Ариза асосида отгул тақдим этиш тўғрисида буйруқ чиқарилади. Унда отгул тақдим этиш учун асос мажбурий кўрсатилади, мавжуд тасдиқловчи ҳужжатларга ҳавола келтирилади, бошқа дам олиш кунининг санаси ва давомийлиги белгиланади. Буйруқ раҳбар ёки бошқа ваколатли шахс томонидан имзоланади. Буйруқ билан ходимнинг ўзи, кадрлар ишини юритувчи ва табеллаш учун жавобгар бўлган мутахассис, шунингдек бухгалтерни таништириш зарур.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал