ЯММТ: ечим топилмаган вазиятларда қандай йўл тутилади

31.01.2020

ЯММТда ишлашда кадрлар хизмати ходимлари норматив ва техник жиҳатдан тартибга солинмаган ҳолатларга ҳам тўқнаш келадилар. «Norma» ПРМда Ленара ХИКМАТОВА ўтказган тренинг ва семинарлар тингловчилари томонидан берилган саволлар асосан шу ҳақда бўлди. ЯММТ ишлаб чиқувчилари тезроқ бунинг ечимини топишлари, норматив-ҳуқуқий базада тегишли қоидаларни қайд этишлари ва улар билан ишлаш учун техник имкониятлар яратишлари лозим. Бу иш қанчалик тез амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

 1. Ходим кўп йиллар олдин ташкилотга ишга кирган, у вақтларда меҳнат шартномалари ҳам расмийлаштирилмас эди. Ходимни ишдан бўшатиб туриб кейин янги меҳнат шартномасини тузиш орқали ишга қабул қилиш варианти қониқтирмаётган бўлса, ЯММТда у билан меҳнат муносабатларини қандай рўйхатдан ўтказиш керак? Ходимнинг бунга розилик бермаслик учун арзирли сабаби бўлиши мумкин. Масалан, корхонада бир ташкилотда узлуксиз ишлаганлик учун устамалар ва қўшимча таътиллар назарда тутилган бўлади.

2. ЯММТда ходим тўлиқ бўлмаган ставкага ишга қабул қилинган ҳолатларда техник жиҳатдан маълумотлар аниқ кўрсатилиши имкони назарда тутилмаган. Сонли қийматларни минггача улушга яхлитлаш талаб этилганда муаммолар юзага келади. Масалан, ходим 0,375 ставкага ишга қабул қилинган. ЯММТ ишлаб чиқувчилари расмий телеграм-каналида ўнгача улушга яхлитлаш тавсия этилади. Мазкур ҳолатда тузилган меҳнат шартномасидаги маълумотлар ва иш вақти ҳисоб-китоби мос келмаслиги мумкин. Ўн ёки юзгача улушга яхлитлаш ходим келишилган соатлардан кўп ёки кам ишлаб бериши кераклигини англатади. Бу унинг иш ҳақи миқдорига таъсир қилади.

3. Меҳнатга ишбай ҳақ тўлаш тизими ЯММТда қандай тўғри акс эттирилади? ЯММТда бундай техник имконият назарда тутилмаган. Ишлаб чиқувчилар мазкур ҳолатда расмий телеграм-каналда «штат жадвалига мувофиқ» вариантни танлашни тавсия қиладилар. Бироқ бу нотўғри, сабаби амалдаги ҳақиқий ҳолатни акс эттирмайди.

4. ЯММТда қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қайта тузиш, бирлаштириш) жараёни қандай акс эттирилади? Айниқса, ҳуқуқий ворис ҳисобланган иш берувчида бошқа СТИР бўлган ҳолатлар мураккаб ва ноаниқ бўлади.

Тизим қайта ташкил этишдан кейин олинган янги юридик шахснинг СТИРини автоматик равишда юридик шахслар базасига мувофиқлаштирадими? Бу ходимнинг электрон меҳнат дафтарчасида акс эттириладими? Ходим қайта ташкил этилган корхонада ишлашни давом эттираётганлигини ЯММТдаги ёзувлар бўйича қандай билса бўлади?

Ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ва уни корхона қайта ташкил этилганидан кейин қайтадан ишга қабул қилиш - бу тўғри эмас, чунки Меҳнат кодексининг 98-моддасига мувофиқ корхона мулкдори алмашганда, худди шунингдек корхона қайта ташкил этилганда меҳнат муносабатлари ходимнинг розилиги билан давом этаверади. Бир ташкилотда узлуксиз иш стажи, масалан, жамоа шартномаси бўйича бунинг учун устама ёки қўшимча таътил назарда тутилганда, муҳим роль ўйнайди.

5. Ходимнинг аввалги ишига, масалан суднинг қарорига кўра тикланиши тизимда қандай акс эттирилади? Тизимда, «ишга тиклаш» далилини рўйхатдан ўтказиш функцияси умуман назарда тутилмаган. Янги меҳнат шартномасини тузиш тартиб-таомилига қараганда, ушбу тартиб-таомилнинг ҳуқуқий оқибатлари мутлақо бошқача. Илгари ноқонуний тарзда бекор қилинган меҳнат шартномасида назарда тутилган томонларнинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари тикланади.

6. ХК ёки МЧЖ директори ягона муассис бўлса, табиийки у билан меҳнат шартномаси тузилмайди ва бу ҳолатда ЯММТда қандай рўйхатдан ўтказилади? Бундай ходим буйруқ асосида ишга киришади. Намунага қаранг. Мазкур ҳолатда қандай йўл тутилади? Уни фақат буйруқ бўйича рўйхатдан ўтказиш мумкинми?

7. Тизимда меҳнат шартномалари муайян (меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати бошланадиган ва тугалланадиган аниқ саналар кўрсатилган ҳолда) ва номуайян муддатга назарда тутилган, бироқ бошқа муддатларга шартнома тузиш назарда тутилмаган. Бироқ муайян ишлар бажариладиган муддатга, шунингдек асосий ходим ишда бўлмаган муддатга меҳнат шартномаларини тузиш мумкин. Мазкур ҳолатларда кўпинча меҳнат муносабатлари тугалланадиган аниқ санани олдиндан билиб бўлмайди. Бунда уларни муайян муддатга тузилган деб ҳисоблаш ҳам нотўғри бўлади. ЯММТга етишмаётган устунларни киритиш билан ушбу муаммони ҳал этиш мумкин.  

Кадрлар масалалари бўйича эксперт «Norma» МЧЖ Ленара ХИКМАТОВА амалиётда бундай вазиятларга тўқнаш келган кадрлар хизмати ходимларига ўз муаммолари ҳақида +998 71 200 70 30 телефони орқали ёки телеграм-каналда ишлаб чиқувчиларга хабар беришларини тавсия этади. Бу вазиятга тезроқ ечим топишга хизмат қилади.

ЯММТ билан ишлаш тўғрисида кўпроқ маълумотни бу ерда, бу ерда, бу ерда, бу ерда, бу ерда ва бу ерда олиш мумкин.

Олег ГАЕВОЙ.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал