ЯММТда нима ўзгарди

06.05.2020

Солиқ органи солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетларига ЯММТга ходимлар тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни киритиш ҳамда янги ва амалдаги меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисида эслатма йўллади. Хушхабар: электрон меҳнат дафтарчалари тизими қайта ишланди ва яхши томонга ўзгарди. Вuxgalter.uz ЯММТ дирекцияси мутахассислари билан биргаликда унинг янги техник имкониятлари шарҳини тайёрлади.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг ПҚ-4502-сон қарори ва 971-сон ВМҚга асосан 2020 йил 1 январга қадар тузилган меҳнат шартномаларини шу йилнинг 1 сентябридан кечиктирмай ЯММТда рўйхатдан ўтказиш зарур. Бу талаб мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар барча иш берувчиларга, шу жумладан алоҳида таркибий тузилмалар, ХК ва ЯТТга тааллуқли.

ЯММТда меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳақида батафсил бу ерда ўқинг.

Йил бошида биз ЯММТ билан ишлашдаги мураккабликлар ҳақида ёзгандик. Талай муаммоли масалалар ишлаб чиқувчилар томонидан ҳал қилинди:

1. Авторизациянинг муқобил усуллари пайдо бўлди

Энди тизимга кириш ва унда ишлаш чоғида раҳбар номига берилган юридик шахснинг ЭРИдан фойдаланиш шарт эмас.

Биринчидан, ҳар бир бўлим, бўлинма ёки филиалда меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш учун масъул ходим тайинланиши мумкин. У ўзининг номига берилган жисмоний шахснинг ЭРИ ёрдамида ЯММТга кириши ва ўз ваколатлари ва ўзига ишониб топширилган бўлинма доирасида ишлаши мумкин.

Масъул ходимга киришни тақдим этиш учун ташкилот раҳбари:

  • юридик шахснинг ЭРИ ёрдамида ЯММТ тизимига кириши;
  • унга фақат шу бўлим (бўлинма, филиал ва ҳ.к.) билан ишлаш ҳуқуқи берилган масъул ходимнинг бўлими (бўлинмаси, филиали ва ҳ.к.)ни яратиши;
  • масъул ходимнинг иш ўрнини яратиши ва у билан меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказиши;
  • бош саҳифада “Кириш ҳуқуқи"ни танлаши, “Фойдаланувчини қўшиш” тугмасига босиши;
  • тегишли майдонга масъул ходимнинг ЖШШИРни, у бевосита ишлайдиган бўлим (бўлинма, филиал ва ҳ.к.) номини киритиши ҳамда уларни таклиф этилган рўйхатдан танлаган ҳолда  унга ваколатлар бериши керак.

Натижада мазкур масъул ходим ЯММТ билан ишлаш ваколатига эга ташкилот ходимлари рўйхатига киритилади. У фақат ўзининг шахсий жисмоний шахснинг ЭРИ ёрдамида ЯММТга кириши, ташкилотни танлаши ва ўз мажбуриятларини бажаришга киришиши лозим бўлади.

Иккинчидан, энди ташкилот раҳбари номига берилган жисмоний шахснинг ЭРИ ёрдамида авторизация қилиш ва ЯММТда ишлаш мумкин.

Эътибор беринг
Мазкур ҳолатда ҳисоб маълумотларида кўрсатилган шахс ташкилот раҳбари ҳисобланади. Агар корхонада раҳбар ўзгарган бўлса, солиқ тўловчининг шахсий кабинетининг махсус функциясидан фойдаланиб, ҳисоб маълумотларига тегишли ўзгартиришларни киритинг.

2. Автоматик режимда зарур миқдорда бир хил иш ўринлари (иш ўринлари нусхалари)ни яратиш имконияти пайдо бўлди

Илгари кадрлар бўлими ходими ҳар бир ходимга қўлда иш ўрни яратишига тўғри келарди. Агар, корхонада, мисол учун, бир хил меҳнат шартлари билан 50 нафар чилангар ишласа, бу ўта ноқулай эди. Айнан бир хил ахборотни тизимга 50 марта киритиш зарур эди!

Энди ҳаммаси анча соддалашди. Сиз фақатгина битта иш ўрнини қўлда яратасиз ва “Ўринлар сонини кўрсатинг” махсус сатрида (шаклнинг охирида жойлашган) сонини кўрсатасиз. Яратилган позиция қанча зарур бўлса, шунча “кўпайтирилади”.

3. Ходимнинг амалдаги иш жойи бўйича илгариги лавозимларини рўйхатдан ўтказиш таомили соддалаштирилди

Илгари бир неча марта бир лавозимдан бошқасига, бир бўлинмадан бошқасига ўтказилган ходимлар тўғрисидаги ахборотни киритиш кўп меҳнат талаб қиларди. Ҳар бир қўшимча келишувга иш ўрни яратиш зарур эди. Энди буни бажариш зарур эмас. Ходимга унинг жорий лавозимига асосан иш ўрни яратилади, олдинги лавозимлари тўғрисидаги ахборот эса шунчаки алоҳида саҳифада санаб ўтилади.

Эслатиб ўтамиз: ЯММТ билан ишлаш чоғида юзага келадиган барча саволлар бўйича скриншотлар билан бирга расмий йўриқномаларни ҳавола бўйича ўтиб топиш мумкин.

Қуйидаги телефон рақамлари орқали қўшимча маслаҳатлар олиш мумкин:

  • 99 444-70-32 (33, 34, 35, 36, 37, 38);
  • 90 938-68-64;
  • 94 467-69-93;
  • 99 810-20-08;
  • 91 485-85-93;
  • 91 228-68-38;
  • 90 580-73-83.

Олег ГАЕВОЙ

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал