Ҳужжатларда иш вақти ҳисобини юритиш
Ҳар бир ходим иш вақтининг ҳисобини юритинг ва бунинг учун махсус мўлжалланган ҳужжатда: табель, журнал ва бошқаларда уни қайд этинг.
Иш вақти ҳисобини кунбай ёки жамлаб юритиш турига қараб ҳисоб юритиш ҳужжатини расмийлаштиринг.
Кунбай ҳисоб юритишда ҳар бир ходим ишлаган соатлар ҳисобини ҳар куни юритинг. 5 кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги иш вақти 8 соатдан, 6 кунлик иш ҳафтасида эса 7 соатдан ортиб кетмаслиги лозим. Кўрсатилган давомийликдан ортиқча иш соатларини иш вақтидан ташқари ишланган соатлар деб ҳисобланг. Бунда баъзи ходимларга қисқартирилган ёки тўлиқсиз иш вақти белгиланганлигини ёддан чиқарманг. Шу боис уларнинг ҳар кунги иш вақти нормаси умумбелгиланган нормадан камроқ бўлади.
Ходимнинг ҳар кунги иш давомийлиги ўзгариб турса ёки кундалик иш вақтининг нормал давомийлигига риоя этиб бўлмаса, иш вақти ҳисобини жамлаб юритиш усулини қўлланг.
Бундай усулда ходим ишлашига рухсат бериладиган иш соатларини бир кун учун эмас, балки узоқроқ вақт оралиғи (ҳисоб юритиладиган давр): ҳафта, ой, чорак ва ҳ.к. учун белгиланг. Бунда ҳисоб юритиладиган давр 1 йилдан, иш куни (смена) эса 12 соатдан ошмаслиги кераклигини унутманг.
Ҳисоб юритиладиган даврда ишланган вақт белгиланган нормадан ошиб кетмаслигини кузатиб туринг. Ҳисоб юритиладиган давр бир ой деб олинган бўлса, ходим баъзи ҳафталарда 40 соатдан ортиқ ишлаши мумкин, бироқ бир ой ҳисоб-китоб қилинганда ортиқча ишланган соатлар бўлмаслиги лозим. Яъни ишланган соатларнинг умумий сони ҳисоб юритиладиган давр учун йўл қўйиладиган иш вақти давомийлигига тўғри келиши керак.
Ҳисоб юритиладиган давр учун йўл қўйиладиган иш вақти давомийлиги қандай ҳисобланади
Муайян календарь даврлари (ой, чорак, йил) учун иш вақти нормаларини ходим учун белгиланган ҳафталик иш вақти давомийлигидан (40 соат, 36 соат, 24 соат ва ҳ.к.) келиб чиқиб ҳисобланг. Ҳафтадаги соатлар сонини ҳафтадаги иш кунлари сонига (5 кунлик иш ҳафтасида – 5 ва 6 кунликда – 6) бўлинг. Олинган сонни бир ойдаги иш кунлари сонига кўпайтиринг.
Ташкилот ходимлари учун 40 соатлик иш ҳафтаси белгиланган. Иш вақти ҳисоби жамлаб· юритилади. Ҳисоб юритиладиган давр календарь ой ҳисобланади. 2018 йил октябрь ойи учун иш вақти нормасини ҳисоблаймиз.
– Октябрь ойида 5 кунлик иш ҳафтасида календарь бўйича иш кунлари сони 22 кунни ташкил этади. 1 октябрь – ишланмайдиган байрам куни, шу сабабли уни ҳисобга олмаймиз. Шу тариқа, октябрь ойида иш вақти нормаси:
40 соат / 5 кун х 22 кун = 176 соат.
Шу тариқа, ходимнинг иш вақти ҳисоби жамлаб юритилса, ҳисоб юритиладиган давр 1 ой деб олинганда у ойига 176 соатдан ортиқ ишламаслиги керак. Ушбу ойда 6 кунлик 40 соатли иш ҳафтасида иш вақтини худди шундай ҳисоблаймиз:
40 соат / 6 кун х 26 кун = 174 соат.
6 кунлик 36 соатли иш ҳафтаси учун:
36 соат / 6 кун х 26 кун = 156 соат.
2019 йилги иш вақтининг тавсия этиладиган тақвими – бу ерда.
Иш вақти ҳисобини юритиш усулини танлаймиз·
Ходимларингиз ўзгармайдиган, бир хил иш вақти давомида, масалан, ҳар куни соат 8.00 дан соат 17.00 гача ёки соат 9.00 дан соат 18.00 гача ишласалар, иш вақтини кунбай қайд этинг.
Ходимларнинг мослашувчан ёки сменали иш графигида, узлуксиз ишлаб чиқаришда, вахта усулида ва бошқа шунга ўхшаш ҳолатларда ҳисобни жамлаб юритишингиз мумкин.·
