• beta

Тиббий кўрик

06.08.2019

Меҳнат шартномасини тузиш чоғида қуйидаги шахсларнинг дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилишини ташкил қилишингиз шарт :

  • 18 ёшга тўлмаганлар;
  • 60 ёшга тўлган эркаклар ва 55 ёшга тўлган аёллар;
  • ногиронлар;
  • меҳнат шароити ноқулай ишларда, тунги ишларда, шунингдек транспорт ҳаракати билан боғлиқ ишларда банд бўлганлар;
  • озиқ-овқат саноатида, савдо ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқлардаги ишларда банд бўлганлар;
  • умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимлари.

Иш давомида кўрсатилган тоифадаги ходимларни кейинчалик (вақти-вақти билан) тиббий текширувдан ўтказиш ҳам иш берувчи зиммасига юклатилади.

Ушбу қоидаларга риоя этмаганлик учун иш берувчи жавобгарликка тортилиши мумкин.

Тиббий кўрикдан ўтказиш чоғида Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга асосланинг.

 

Эътибор беринг
Тиббий кўриклардан ўтилиши муносабати билан ходимлар чиқимдор бўлмасликлари керак.

 

 

Вазият

 Ходим макарон маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехига ишга қабул қилинаётганда тиббий кўрикдан ўтди. Иш ҳақи олаётганда директорнинг буйруғига биноан ходимдан унинг розилигисиз тиббий кўрикдан ўтказиш қиймати ушлаб қолингани маълум бўлди. Маъмуриятнинг хатти-ҳаракатлари қонунийми?  

– Йўқ, қонунга зид. Ходимнинг розилигисиз меҳнат ҳақидан ушланмалар рўйхати МКнинг 164-моддаси иккинчи қисмида   белгиланган. Тиббий кўриклардан ўтиш харажатлари унга кирмайди, шу сабабли ходимнинг розилигисиз ушлаб қолиниши мумкин эмас. Бунинг устига, МКнинг 214-моддаси  олтинчи қисмига мувофиқ, тиббий кўриклардан ўтилиши муносабати билан ходимлар чиқимдор бўлмайдилар.

 

Ишга қабул қилинаётган шахс дастлабки тиббий кўрикдан ўтиши учун тиббий кўрикдан ўтказувчи даволаш-профилактика муассасасига йўлланма бланкасини беринг (тасдиқланган шаклга қаранг).

Тиббий комиссиянинг мазкур ишни бажаришга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулосаси шахснинг ишлашига рухсат бериш учун асос ҳисобланади.

 

Вазият

Хизмат автомобили ҳайдовчиларини тиббий кўрикдан ўтказиш талаб этиладими? 

 – Ҳа, талаб этилади. Автомобиллар ҳайдовчилари меҳнат гигиенаси бўйича санитария қоидаларининг 7.11-бандига мувофиқ, транспортга эга бўлган ташкилотлар маъмурияти ҳайдовчиларнинг мажбурий тарзда дастлабки ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтишларини таъминлаши керак. Мазкур Санитария қоидалари автомобиль транспортига эга бўлган барча корхона ва ташкилотлар учун мажбурийдир.

 

Қуйидаги шахсларни ишга қабул қилманг:

  • мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган;
  • тиббий хулосага кўра ишни бажаришига рухсат бериб бўлмайдиган.
Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал