Агар Ф.И.О. ўзгарса: ходим ва бухгалтерия нима қилиши керак

24.09.2020

Инсоннинг фамилияси, исми ва – назарий жиҳатдан – ҳатто отасининг исми ҳам унинг умри давомида  турли асосларга кўра ўзгариши мумкин. Кўпинча бу ходима, масалан, турмушга чиққанда ёки аксинча, фамилиясини ўзгартирган ҳолда ажрашганда рўй беради. Турли давлат  органларининг реестрларида чалкашлик бўлмаслиги учун бундай вазиятда ходиманинг ўзи ва бухгалтерия ходимлари нима қилишлари керак? “Идоралараро ахборот алмашиш”га ишонса бўладими? Ёки барибир мустақил равишда ҳаракат қилишга тўғри келадими? Buxgalter.uz ушбу масалани тушунишга ҳаракат қилди.

ШЖБПҲ

Жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш учун Халқ банки доимий шахсий рақам билан ШЖБПҲни очади. Ушбу рақам фуқаронинг паспорт маълумотлари асосида бутун умрга берилади. Яшаш, иш жойи ёки паспорт маълумотлари ўзгарган тақдирда у ўзгаришсиз қолади.

Халқ банки томонидан фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида шахсан ҳисобга олишни юритиш тартиби тўғрисида низомга  ва Иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларни қўшиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга асосан Халқ банки филиалига тақдим этиладиган маълумотларнинг тўғрилиги учун иш берувчи жавобгардир.  Шу жумладан у шунингдек фуқароларнинг шахсий маълумотлари билан боғлиқ барча ўзгаришлар (меҳнат шартномасини тузиш ёки бекор қилиш, паспорт маълумотларини ва ШЖБПҲни юритиш учун зарур бошқа маълумотлар) тўғрисидаги маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгардир.

Эътибор беринг
Иш берувчи юридик шахсларнинг мансабдор шахслари томонидан Халқ банки филиалига фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга олиш учун зарур маълумотларни, фуқароларнинг шахсига оид маълумотлар билан боғлиқ ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни қасддан тақдим этмаслик ёки нотўғри маълумотларни тақдим этганлик, худди шунингдек ҳисоблаб чиқарилган ва киритилган жамғариб бориладиган пенсия бадаллари тўғрисидаги маълумотларни ходимларга тақдим этмаслик БҲМнинг 2 бараваридан 4 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади .

Шу тариқа, шахсга доир маълумотлар билан боғлиқ ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни етказиш учун, айнан иш берувчи Халқ банкига тасдиқловчи ҳужжатлар – ходиманинг янги фамилияси билан янги паспорт асосида тегишли ўзгартиришларни киритишни сўраб мурожаат қилиши керак.

Афтидан, ҳозирги кунда буни Халқ банкининг масъул ходими электрон почтасига тасдиқловчи ҳужжатларнинг скан-нусхалари ёки pdf-файлларини унга илова қилган ҳолда тегишли сўров жўнатиб, электрон шаклда амалга ошириш мумкин.

Амалиётда кўпинча бухгалтерия ушбу масалани ҳал қилишни ходиманинг ўзига юклайди. Бир томондан, бу ҳақиқатда ишлаяпти. Бошқа томондан – агар пандемия даврида сизнинг ходимангиз муассасаларга югуриб, касал юқтириб олса, бу кўп кўнгилсизликларни келтириб чиқаради, шу жумладан – ташкилот учун ҳам. Хуллас, банк билан бир-иккита хат билан алмашишган маъқул.

Кадрларга оид ва бухгалтерия ҳужжатлари

Ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш учун қонуний асослар пайдо бўлиши учун ёзма далиллар ва тасдиқловчи ҳужжатлар зарур.

Қонунчиликда ишга ёлловчи томонидан меҳнат дафтарчасига (ЯММТ) бундай ўзгартиришларни киритиш тартиб-таомили аниқ баён қилинган. Бошқа ҳужжатларни қай тарзда расмийлаштириш қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган.

Фикримизча, ходимнинг шахсга доир маълумотлари ўзгарган тақдирда биринчи навбатда ходимнинг шахсга доир маълумотларини ўз ичига олган ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида буйруқ чиқариш зарур.

Буйруқ учун асос – ходим (ходима)нинг шахсга доир маълумотларини ўз ичига олган ҳужжатларга ўзгартиришлар киритишни сўраган аризаси. Бу – мажбурий эмас, балки мақсадга мувофиқ қадамдир. Ариза – рўй берган ўзгаришлар сабаби кўрсатилган ҳолда эркин тарзда тузилади ва илгариги фамилияси билан имзоланади. Аризага ходима шахсга доир маълумотларнинг ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг (паспорт, никоҳ тўғрисида гувоҳнома, никоҳни бекор қилиш тўғрисида гувоҳнома, фамилияси ёки исми, отасининг исми ўзгарганлиги тўғрисида гувоҳнома, суднинг ҳал қилув қарори ва ҳ.к.) нусхаларини илова қилади. Ходим (ходима) ушбу ҳужжатларнинг аслини  иш берувчига тақдим этади.

Ходим (ходима)нинг шахсга доир маълумотларини ўз ичига олган ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги буйруқ билан барча манфаатдор шахслар: ходимнинг ўзини, кадрлар хизмати ва бухгалтериянинг масъул ходимларини имзо қўйдириб таништириш лозим.

Буйруқ асосида шахсга доир маълумотларни ўз ичига олган кадрларга оид ва бухгалтерия ҳужжатларига (ходимнинг меҳнат дафтарчаси, шахсий варақаси, шахсий ҳисобварағи ва ҳ.к.) ўзгартиришлар киритинг.

Меҳнат шартномаси

Меҳнат қонунчилиги – ходимнинг фамилияси ўзгарганда меҳнат шартномасига ўзгартириш киритиш зарурлиги масаласини тартибга солмайди, ахир унинг шартлари, моҳиятан, илгаригидек қолади. Бироқ, ўйлаймизки, барча кадрларга оид ҳужжатларни бир-бирига мувофиқ келтириш учун барибир ходимнинг меҳнат шартномасига ўзгартиришлар киритган маъқул.

Меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузиб, унда муайян санадан эътиборан (масалан, буйруқ чиқарилган санадан эътиборан) шартнома янги таҳрирда ўқилсин, деган ёзувни киритишни тавсия қиламиз. Ва қаерда шартнома матни бўйича ўзгартириш киритилаётганлигини келтириб ўтиш лозим. Масалан:

“Ходимнинг фамилияси ўзгарганлиги муносабати билан меҳнат шартномасида мавжуд бўлган ходимнинг реквизитлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

Ходимнинг янги ФИО ва янги паспорти маълумотлари кўрсатилади (яъни ходимнинг реквизитлари ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда тўлиқ кўчириб ёзилади)”.

Меҳнат шартномаси ва ЯММТ

Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг 2.11-бандига мувофиқ меҳнат дафтарчасидаги исми-шарифи ва туғилган куни тўғрисидаги ёзувларга ўзгартиришлар тегишли ҳужжатлар (паспорти, туғилганлик, никоҳ  ва никоҳни бекор қилиниши хақидаги гувохномага қараб фамилиясини, исмини ўзгартириш ва хоказолар) асосида

- ушбу ҳужжатларнинг сони ва берилган саналарига хавола қилинган тарзда долзарб иш берувчи томонидан киритилади.

Кўрсатилган ўзгартиришлар меҳнат дафтарчасининг биринчи бетига киритилади:

Илгариги фамилияси, исми, отасининг исми ёки туғилган куни тўғрисидаги ёзув устидан бир чизиқ чизилиб, янги маълумотлар ёзиб қўйилади. Ёзувлар муқованинг ичкари бетига ёзилиб корхона раҳбарининг ёки унинг томонидан махсус ваколат берилган шахс имзоси ҳамда корхона ёки ходимлар бўлими муҳри билан тасдиқланади.

Ягона миллий меҳнат тизимида (ЯММТ) жисмоний шахснинг идентификатори бўлиб паспорт олиш чоғида бериладиган ва умрбод ўзгаришсиз қоладиган унинг ЖШШИР (жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами) ҳисобланади. ЖШШИР паспортда кўрсатилади ва жинс индекси ва туғилган аср, туғилган сана, туман (шаҳар) коди, фуқаронинг тартиб рақами ва назорат рақамини ўзи ичига олган 14 та рақамдан иборатдир.

Ходимнинг шахсга доир маълумотлари (масалан, фамилияси) алмашган тақдирда ЯММТга ўзгартириш киритиш масаласи юзасидан ЯММТ дирекциясининг тушунтиришича, буни бажариш шарт эмас. Келгусида ходимнинг шахсий  маълумотларини ўзгартириш учун  - меҳнат шартномасига қўшимча келишувларнинг автоматик равишда пайдо бўлиши назарда тутилган.

Шахсий варақа

Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг 2.3-бандига мувофиқ меҳнат дафтарчасига киритиладиган хар бир ёзув билан иш берувчи ушбу дафтарча эгасини шахсий варақаси (Т-2 сон идоралараро намунавий шакл-йўриқномага 4-илова)ни имзолаш йўли билан 3 кун муддат ичида таништириши лозим.

Бу холда шахсий варақа (Т-2)даги ёзув билан меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар бир-бирига ўзаро мос бўлиши шарт.

Истисно тариқасида бўйсуниш бўйича бир-биридан узоқ масофада ёки турли худудларда жойлашган корхоналарда ишлаётган ходимларнинг меҳнат дафтарчаларига киритилган ёзув билан тегишли хабарномалар жўнатиш (у тўғрида шахсий варақада белгилаб қўйиш) йўли билан рухсат этилади.

СТИР

Жисмоний шахснинг шахсга доир маълумотларининг ўзгариши СТИР реквизитларига қандай таъсир этиши ва бунда нима қилиш лозимлиги ҳақида бу ерда ва бу ерда ўқинг.

 Р.S.: Ходимларнинг шахсга доир маълумотлари алмашиши билан боғлиқ яна бир нечта масалалар қолган:

1. Пластик иш ҳақи картаси реквизитларида ходиманинг фамилиясини ўзгартириш шартми ва бу қандай амалга оширилади? Картани қайта чиқариш зарурми?

2. Агар фамилиясини ўзгартирган ходима корхона директори ҳисобланса, ЭРИ билан қандай йўл тутиш керак?

Уларга жавобларни сиз яқин вақтдаги шарҳларимизда топасиз.

Татьяна ЛИМАРЕВА,

buxgalter.uz эксперти

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал