МҲХС ҳисоби билан йиллик инвентарлашга тайёрланамиз

preview

Йил якунланмоқда, олдинда – йиллик инвентарлаш. Унга қандай тайёрланиш ва қандай ўтказиш борасидаги савол айниқса акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар учун долзарбдир. Ахир улар 2021 йил 1 январдан бошлаб бухгалтерия ҳисобини МҲХС асосида юритишлари керак.

Буни қандай амалга ошириш ҳақида, buxgalter.uz илтимосига биноан «TRI-S-AUDIT» аудиторлик компаниясининг директори Светлана ГОЛОСОВА сўзлаб берди:

- Инвентарлашга тайёрланиш ва уни ўтказиш қоидаларида ҳозирча ҳеч қандай янгиликлар йўқ. Ушбу вазифаларни ҳал қилишда 19-сон Бухгалтерия ҳисоби миллий стандартига амал қилиш зарур. Бунда ушбу қоидаларга илгаригидек барча, шу жумладан – янги йилдан бошлаб МҲХСга ўтадиган ташкилотлар риоя қилишлари керак.

Кўп бухгалтерларни МҲХСга ўтиш муносабати билан инвентарлашни ўтказиш қоидасига ўзгартиришлар киритилиши борасидаги савол ташвишлантирмоқда. Бу савол юзасидан аниқлик, афтидан, 2021 йилда пайдо бўлади. Сабаби МҲХС бўйича ишлайдиган ташкилотлар сони жиддий ошади ва келгуси йилда улар молиявий ҳисоботни халқаро стандартлар бўйича топширишлари керак бўлади. Мана шунда амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш лозимлиги очиқ-ойдин намоён бўлади. 

Хуллас, йиллик инвентарлашга қандай тайёрланиш лозим? Кўп йиллик кузатувлар асосида қандай хулосалар қилиш мумкин?

Йиллик инвентарлаш йиллик молиявий ҳисобот тузилиши олдидан ўтказилади. Бундай ҳисоботни топшириш муддатлари 03.07.2000 йилдаги 942-сон Чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари тўғрисидаги низом билан белгиланган. Истисно - инвентарлаш ҳисобот йилининг 1 октябридан кечиктирмай ўтказиладиган мол-мулк.

Қоидага кўра, молиявий ҳисоботга инвентарлаш 4-сон БҲМС ва 5-сон БҲМСга биноан бир йилда камида бир марта инвентарланадиган товар-моддий захиралар ва асосий воситаларни инвентарлаш билан бирга ўтказилади.

Уларга 19-сон БҲМСнинг 1.5-банди билан анча тез-тез даврийлик ўрнатилган бошқа инвентарлаш турларини ҳам киритиш мумкин. Ва бу оқилона қарор ҳисобланади, сабаби йиллик молиявий ҳисобот тузиш олдидан инвентарлашда мутлақо ҳаммаси текширилади.

Ҳозир айни вақти бўлган тайёргарлик босқичини жуда муҳим деб ҳисоблайман.

Тайёргарлик режаси

1. Ҳужжатларни тартибга келтиринг, инвентарлаш чоғида зарур ҳужжатни тез топиш учун уларни жилдлар бўйича жойлаштиринг. Ушбу босқичда камдан-кам ҳолларда бухгалтерия ҳужжатларини тиклашсиз уддаласа бўлади. Ҳатто энг тажрибали бухгалтерларда бир нечта йўқотилган ёки охиригача расмийлаштирилмаган ҳужжатлар топилади. Барча ушбу камчиликларни олдиндан бартараф этиш зарур. Барчаси корхонанинг ҳисоб сиёсатига мувофиқ бўлиши керак.

2. Товар-моддий қимматликларини тайёрлаш ташаббуси билан чиқинг. Улар гуруҳланган, сараланган ва номи, навлари ва ўлчамлари бўйича  сонини ҳисоблаш учун қулай муайян тартибда жойлаштирилиши керак.

3. Активлар Ҳисоб сиёсати билан белгиланган  асосий воситалар, товар-моддий қимматликлар, инвентарь  мезонларига асосан тўғри таснифланганлигини текширинг.

4. Барча объектлар ва бўлинмалар бўйича икки нусхада инвентарлаш рўйхатини тайёрланг, бунда “Бухгалтерия ҳисоби маълумотлари бўйича” графасини тўлдирманг.

5. Раҳбарият томонидан белгиланган санага Ҳисоб сиёсати билан белгиланган муддатда инвентарлашни ўтказиш тўғрисидаги буйруқ лойиҳасини тайёрланг. Бу олдиндан ташкилий масалаларни олиб ташлаш имконини беради. Шу жумладан:

  • муддатларни ва текшириладиган объектларни белгилаш;
  • инвентарлаш бўйича комиссия таркибини шакллантириш. Бу масалада 19-сон БҲМСнинг 2.8-2.10-бандларига амал қилинг. Комиссия аъзоларининг сони инвентарлашни 19-сон БҲМС бўйича таъминлаш учун мақбул бўлиши кераклигини инобатга олинг;
  • регламентни ишлаб чиқиш. Бу комиссия аъзоларининг ишини инвентарлаш жараёнининг ҳар бир босқичида регламентлайдиган қоидалар, йўриқномалар, фармойишлар бўлиши мумкин. Ушбу ҳужжатларда фирманинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олувчи услубият, тасдиқномалар, контрагентлар-етказиб берувчилар, сотиб олувчилар, банклардан ҳисоб маълумотларини олиш тартиби ёзилган бўлиши керак. Комиссия ишига эътирозлар бўйича масалаларни ҳал қилиш тартиб-таомилини баён этинг. Инвентарлаш натижалари акс эттириладиган бошланғич ҳисоб ҳужжатлари шаклларини белгиланг.

6. Ташкилот раҳбари инвентарлаш комиссиясини иш учун зарур барча нарсалар билан таъминлаши даркор. Инвентарлаш ўтказиладиган хоналарни тамғалаш учун тамғалагич билан таъминлашга алоҳида эътибор бериш зарур.

7. Шундан сўнг фақат буйруқни имзолаш ва инвентарлашни бошлаш учун уни комиссия аъзоларига тарқатиш қолади.

Инвентарлашни ўтказишда нимага эътибор қаратиш ва аниқланган тафовутларни қандай бартараф этиш ҳақида яқин вақтдаги материалларимизда гапириб берамиз.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади