2020 йил учун мол-мулк солиғи суммаси тўғрисидаги маълумотнома қайси муддатда тақдим этилади ва аванс тўловлари қачон тўланади

preview

2020 йил 1 январдан бошлаб амортизацияланадиган биноларга мол-мулк солиғи тўлиқ солинади. Солиқ уларнинг уч йилда камида бир марта аниқланадиган қайта баҳоланган (бозор) қийматидан ҳисобланади ва тўланади.  Буни қандай тўғри амалга ошириш ҳақида молия вазири ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ сўзлаб берди.


- Мол-мулк солиғини тўловчи корхоналар аванс тўловлари миқдорини ҳисоблаш учун солиқ органларига жорий солиқ давридаги солиқ суммаси тўғрисидаги маълумотномани тақдим этадилар. Фаолият юритаётган солиқ тўловчи уни 2020 йил 10 январгача, янги ташкил этилганлари давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай тақдим этиши лозим.

2020 йилги мол-мулк солиғининг прогноз қилинган суммаси қуйидагилардан келиб чиқиб ҳисобланади:

  1. назарда тутиладиган солиқ базасидан – 2020 йилга мол-мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматидан (ўртача йиллик қийматидан), тўлиқ амортизацияланадиган бинолар бўйича эса - қайта баҳоланган (бозор) қийматидан;
  2. тегишли солиқ ставкасидан.

Солиқ солиш объекти мавжуд бўлмаган солиқ тўловчилар жорий солиқ давридаги солиқ суммаси тўғрисидаги маълумотномани тақдим этмайдилар.

Солиқ даври мобайнида солиқ мажбурияти юзага келган солиқ тўловчилар томонидан солиқ суммаси тўғрисидаги маълумотнома солиқ мажбурияти юзага келган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмасдан тақдим этилади.

Диққат
2020 йил 10 январгача солиқ тўловчилар (Ўзбекистонда доимий муассаса орқали фаолият юритадиган норезидент юридик шахслар бундан мустасно) солиқ солинадиган барча объектлар бўйича, шу жумладан тўлиқ амортизацияланадиган бинолар бўйича маълумотномани тўлдиришлари лозим.

Тўлиқ амортизацияланадиган бинонинг ўртача йиллик қийматини қисқа муддат ичида қуйидаги усуллардан бири ёрдамида аниқлаш мумкин:

  • солиқ тўловчида мавжуд бўлган баҳоловчи ташкилотнинг маълумотлари бўйича;
  • шунга ўхшаш объектларнинг қиймати асосида мустақил равишда – кўчмас мулк сайтлари, оммавий ахборот воситалари, кўчмас мулк биржаларининг маълумотлари бўйича.

Мустақил равишда ўтказилган баҳолаш объектнинг ҳақиқий бозор қийматига нисбатан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Шу боис солиқ тўловчи баҳоловчи ташкилотлар хизматларидан фойдаланишга ҳақлидир. Бу эса солиқ тўловчини кейинчалик солиқ органларига ўз ҳисоб-китобининг тўғрилигини асослашдан халос этади.

Ихтисослаштирилган ташкилот томонидан берилган баҳо солиқ тўловчининг ҳисоб-китобларидан фарқ қилса, у ўз манфаатини кўзлаб 2020 йил учун Солиқ суммаси тўғрисидаги аниқлаштирилган маълумотномани тақдим этиши лозим. Шу тариқа, бозор қиймати ҳисоб-китоб қийматига нисбатан камайганда, солиқ камаядиган томонга қайта ҳисобланиши керак. Кўпайган тақдирда – солиқ ҳам ортади. Бироқ сиз жорий йилнинг 1 апрелига қадар аниқлаштирилган маълумотномани тақдим этишга ва аванс тўловларини тўлашга улгурсангиз, ушбу давр учун пеня ҳисобланмайди.

Мисол
Солиқ тўловчининг балансида майдони 1 000 кв.м бўлган тўлиқ амортизацияланадиган икки қаватли бино мавжуд. Кўчмас мулк сайтлари маълумотларига кўра унинг бозор қиймати 100 млн сўмни ташкил этади.
Жорий йил 10 январгача бўлган муддатда солиқ тўловчи:
1. Солиқ солинадиган база 100 млн сўм миқдорида ва мол-мулк солиғи (2%лик ставка бўйича) 2 млн сўм миқдорида назарда тутилаётганлиги ҳақидаги Маълумотномани тақдим этади;
2. 166,7 минг сўмлик аванс тўловини (бир ой учун ҳисоб-китобда) тўлайди. Баҳоловчи ташкилот объектнинг бозор қийматини 120 млн сўм миқдорида белгилади. Жорий йилниннг 1 апрелига қадар солиқ тўловчи:
1. Солиқ солинадиган база 120 млн сўм миқдорида ва мол-мулк солиғи (2%лик ставка бўйича) 2,4 млн сўм миқдорида тахмин қилинаётганлиги ҳақидаги маълумотномани тақдим этади;
2. 33,3 минг сўм (200 минг сўм – 166,7 минг сўм) қўшимча аванс тўловини (бир ой учун ҳисоб-китобда) тўлайди.
Солиқ тўловчи аниқлаштирилган маълумотномани топширса ва жорий йилнинг 1 апрелига қадар қўшимча аванс тўловини тўласа, унга пеня ҳисобланмайди.
Диққат
Тўлиқ амортизацияланадиган объектларнинг бозор қиймати фақат солиқ солиш мақсадида берилади ва балансда ҳисобга олинмайди.

Мол-мулк солиғи бўйича аванс тўловлари қуйидагича тўланади:

  • айланмадан солиқ тўловчилар томонидан - йиллик солиқ суммасининг 1/4 қисми миқдорида йилнинг ҳар чораги учинчи ойининг 10-кунидан кечиктирмай;
  • айланмадан солиқ тўловчилар ҳисобланмайдиган солиқ тўловчилар томонидан - йиллик солиқ суммасининг 1/12 қисми миқдорида ҳар ойнинг 10-кунидан кечиктирмай.

2020 йил мобайнида мўлжалланаётган солиқ базаси ўзгарган тақдирда (солиқ солинадиган янги объектлар, шу жумладан тўлиқ амортизацияланадиган бинолар пайдо бўлганда) солиқ тўловчи солиқ суммаси тўғрисида аниқлаштирилган маълумотнома тақдим этишга ҳақли. Бунда солиқ даврининг қолган қисми учун аванс тўловларига солиқнинг ўзгариш суммасига тенг улушларда тузатиш киритилади.