“Эски” СКда назарда тутилган мол-мулк солиғи бўйича имтиёз амал қиладими

preview

Корхона 2019 йилда ташкил этилган ва ташкил этилган пайтдан эътиборан 2 йил муддатга мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилган. Имтиёз муайян муддатга тақдим этилганига асосан у имтиёздан 2020 йилда фойдаланишда давом этишга ҳақлими?

Ушбу саволга жавоб беришни buxgalter.uz молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВдан илтимос қилди:

- 2007 йил таҳриридаги Солиқ кодексида янги ташкил этилган корхоналар учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича имтиёз назарда тутилган эди. Улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан этиборан 2 йил давомида солиқни тўлашдан озод этилганди. Бунда имтиёз қайта ташкил этилган юридик шахслар негизида ташкил этилган корхоналарга, шунингдек бошқа корхоналар ҳудудида шу корхоналардан ижарага олинган асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда ўз фаолиятини амалга ошираётган юридик шахсларга нисбатан қўлланилмаган .

2020 йилдан буён амал қилаётган Солиқ кодекси мазкур имтиёзни назарда тутмайди. Бунда 2007 йил таҳриридаги СКда назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар 2020 йил 1 апрелга қадар амал қилган .

Бинобарин, 2019 йилда ташкил этилган ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод этиш тарзидаги имтиёзни қўллаган корхоналар ушбу имтиёздан  2020 йил 1 апрелга қадар фойдаланишга ҳақли бўлишган.

2020 йил 1 апрелдан бошлаб имтиёз, 2007 йил таҳриридаги СКда назарда тутилган 2 йил муддат ўтган ёки ўтмаганлигидан қатъи назар, тўхтатилади.

Эслатиб ўтамиз

Қуйидагилар 2020 йилнинг 1 июнидан 31 декабригача бўлган даврда мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилинган  :

  • кичик тадбиркорлик субъектлари (микрофирмалар, кичик корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорлар);
  • бозорлар ва савдо комплекслари;
  • кинотеатрлар;
  • умумий овқатланиш корхоналари;
  • жамоат транспорти корхоналари;
  • спорт-соғломлаштириш муассасалари;
  • йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар.