Мулкдор ўзгарган бўлса, мол-мулк солиғи бўйича жорий тўловларни тўлаш тўғрисидаги ДСИ талабномасига қандай жавоб бериш лозим

preview

Вазият: Жорий йилнинг май ойида ташкилот 2018 йил давомида қурилиши амалга оширилган кўчмас мулк объектидан мол-мулк солиғи бўйича жорий тўловларни тўлаш тўғрисида ДСИдан талабнома олди.

Ташкилотнинг позицияси: Кўчмас мулк объектини ҳақиқатан 2018 йил давомида қурганмиз, ўша 2018 йилда унга бўлган мулк ҳуқуқи бошқа ташкилотга ўтказилгунга қадар у компаниямизга тегишли бўлган. Бу кўчмас мулк объекти ташкилотимиз мулкидан чиқарилганлиги тўғрисидаги кўчирма ва объектни бошқа ташкилотнинг устав фондига ҳисса сифатида бериш тўғрисидаги нотариал тасдиқланган шартнома билан тасдиқланади. Тегишинча, 2019 йилда ташкилотимизда мол-мулк солиғини тўлаш мажбурияти юзага келмайди. 

ДСИнинг талабномасига жавоб хати намунаси

 «___» ________ 2019 йилдаги ___-сон талабномангизга жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз. 

Ташкилотимиз 2018 йил январь–август ойларида Тошкент ш., Миробод тумани, Сарикўл кўчаси, 1-уй манзилида кўчмас мулк объектини қурган. Кўрсатилган объект 3.09.2018 йилда фойдаланишга қабул қилинган. Қурилиш бош пудрат ташкилоти STORY-MONTAJ МЧЖни жалб этиш йўли билан амалга оширилган. 5-сон БҲМС «Асосий воситалар»га (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ шакллантирилган объектнинг умумий қиймати 12 000 млн сўмни ташкил этган.

15.11.2018 йилда ташкилотимиз муассислари Тошкент ш., Миробод тумани, Сарикўл кўчаси, 1-уй манзилидаги кўчмас мулк объектини SAM-SERVIS МЧЖ (СТИР 303 321 123) устав фондига ҳисса сифатида бериш ҳақида қарор қабул қилганлар. SAM-SERVIS МЧЖ устав фондига ҳисса киритиш тўғрисидаги муассислар умумий йиғилиши қарорини ижро этиш мақсадида 20.11.2018 йилда қиймати 12 000 млн сўмлик кўчмас мулкни қабул қилиш-топшириш далолатномаси расмийлаштирилган ва имзоланган (далолатнома нусхасини ушбу хатга илова қилмоқдамиз).

ФКнинг 111-моддасига мувофиқ, ер участкалари ва бошқа кўчмас мол-мулк билан боғлиқ битимлар давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. Шу муносабат билан SAM-SERVIS МЧЖ (СТИР 303 321 123) номига тегишли ҳужжатлар, шу жумладан кадастр йиғмажилди расмийлаштирилган.

Шу тариқа, ДСИ камерал назорат ўтказишига асос бўлган маълумотлар эски бўлиб, ҳақиқатга тўғри келмайди.

Ушбу хатга 18.12.2018 йилдаги кўчмас мулк объекти ташкилотимиз мулкидан чиқарилганлиги тўғрисидаги кўчирмани, шунингдек 20.11.2018 йилдаги объектни устав фондига ҳисса сифатида бериш тўғрисидаги нотариал тасдиқланган шартномани илова қилмоқдамиз.

Тошкент ш., Миробод тумани, Сарикўл кўчаси, 1-уй манзилидаги кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар SAM-SERVIS МЧЖда (СТИР 303 321 123) сақланмоқда.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб шуни маълум қиламизки, ташкилотимиз солиқ солиш объектлари мавжуд эмаслиги сабабли 2019 йил учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси тўғрисидаги маълумотномани ноль кўрсаткичларни қайд этган ҳолда тақдим этган (Солиқ кодексининг 266-моддаси). 

Ҳурмат билан,                                 

корхона директори                _______________________                     (Ф.И.О.)

 

Хат намунасини

бош бухгалтер Акбар Шоисломов тайёрлади.