Онлайн-кассаларга доир қандай муаммолар яқин орада ҳал этилмайди

preview

ҚҲТБТда онлайн-кассаларни келгусида жорий этишга доир ВМҚ лойиҳаси муҳокамаси якунланди. У мавжуд бўлган қандай муаммоларни ҳал қилиш имконини беради, қайсиларини эса – йўқ? Вuxgalter.uz шарҳида бу ҳақда батафсил ўқинг:

Вuxgalter.uz телеграм-канали фойдаланувчилари онлайн-кассаларга ўтиш чоғида тўқнаш келган муаммоларни кўрсатдилар. Улар орасида қуйидагилар кўпчиликни ташкил этди:

  • маъмурий босим ўтказилди, бизнеснинг ўзига хос хусусиятлари ва эҳтиёжларига зид равишда муайян русумдаги жиҳозни сотиб олишни буюрдилар (овозларнинг 44%и);
  • ПФ-5813-сон Фармонда  назарда тутилган имтиёзни қўллаш бўйича йўриқнома мавжуд эмас (27%);
  • товарлар номенклатурасини расмийлаштириш бўйича ягона стандарт мавжуд эмас (23%).

Респондентлар онлайн-техника билан ишлаш чоғидаги бошқа муаммоларни ҳам кўрсатдилар (27%). Хизмат кўрсатиш қийматининг сезиларли даражада ошгани улар жумласига киради.


Адолатсиз афзаллик

Вазирлар Маҳкамасининг 23.11.2019 йилдаги 943-сон қарори билан бугунги кунда аслида ишлаб чиқарувчиларнинг дилерлари ҳисобланадиган Техник хизмат кўрсатиш марказларини давлат солиқ инспекциялари биноларида жойлаштириш тақиқланган. Бироқ онлайн-кассалар тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги ВМҚ лойиҳасида ушбу муҳим қоидани бекор қилувчи норма мавжуд.

ДСИ биносида «пропискадан ўтган» ТХКМ мижоз учун курашда адолатсиз афзалликка эга, боиси инспекторлар ва тадбиркорларнинг кўз ўнгида бўлади. Онлайн-техникани эса бизнеснинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда кўп параметрларига қараб танлаш лозим. Бинобарин, инспекцияда «ўтирган» ТХКМдаги ассортиментдан келиб чиқиб асоссиз танловни амалга ошириш хавфи мавжуд.

Хулоса: лойиҳада ушбу муаммо ҳал этилмаган бўлиб, уни чуқурлаштириши мумкин.


Харажатларнинг муқаррар ошиши

Чакана савдо соҳасида назорат-касса техникасига техник хизмат кўрсатиш шартномаси мавжуд бўлиши доим талаб қилинган. Бунда катта бўлмаган савдо шохобчалари ишлар (ишга тушириш-созлаш, таъмирлаш ва ҳ.к.) бажарилганда ТХКМга ҳақ тўлаганлари ҳеч кимга сир эмас. 

Онлайн-НКМга ўтган барча тадбиркорлар Техник хизмат кўрсатиш марказига абонент тўловини мажбурий равишда тўлашлари керак, илгари тўлаганлар учун эса унинг миқдори оширилди. ТХКМ вакиллари қуйидаги янги талабларни рўкач қилган ҳолда буни мажбурий чора деб кўрсатмоқдалар:

  • бузилган тақдирда дарҳол алмаштириш учун захирадаги онлайн-кассаларга эга бўлиш;
  • ўрнатилган аппаратлар лозим даражада ишламаган тақдирда чиқимларни қоплаш учун ваколатли органнинг махсус счётида захира сақлаш.

ВМҚ лойиҳасида онлайн-кассаларни ва уларга хизмат кўрсатилишини арзонлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар назарда тутилган. Хусусан, TFT LCD800*480 ҳажмли экран мавжуд бўлиши ҳақидаги талабнинг бекор қилиниши барчани қувонтирди.

Яна бир енгиллик – давлат органининг махсус счётида захира сақлаш ҳақидаги талаб бекор қилинди. Энди ушбу маблағлар махсус банк счётида депонентланиши, банк кафолати асосида касса техникасини ишлаб чиқарувчи ва ТХКМ тасарруфида қолдирилиши мумкин.

Онлайн-кассаларни ишлаб чиқарувчилар ва ТХКМ вакилларининг фикрича, бундан ҳам кўпроқ чора кўриш мумкин эди. Солиқ органларида қонунбузарликларнинг олдини олиш ва айбдорлардан зарарларни ундириш учун етарли имконият бор, айнан шу сабабли депонентлашни бекор қилиш лозим. Ушбу маблағларни ишлаб чиқаришни ва сервис марказлари тармоғини ривожлантиришга сарфлаш мумкин бўлиб, бу билан техник хизмат кўрсатиш қийматини камайтириш имкони яратилар эди.

Хулоса: лойиҳада муаммо қисман ҳал этилган.


Имтиёзни қўллаш имконияти

ПФ-5813-сон Фармонга мувофиқ, тадбиркорлик субъектларига ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки ягона солиқ тўлови ёхуд қатъий белгиланган солиқ суммасини онлайн-НКМни 2021 йил 1 январга қадар давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйиш шарти билан, унинг ҳар бирини харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар суммасига, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқи берилади;

ДСҚнинг махсус йўриқномаси ва тушунтиришларисиз ушбу имтиёзни қўллаш мушкул, бунинг деярли имкони йўқ. Солиқ органлари вазиятни қуйидагича изоҳламоқдалар: «Бу бир марта бериладиган имтиёз бўлгани, қонун ҳужжатларида солиқ базасини эмас, балки солиқ суммасини камайтирадиган шунга ўхшаш имтиёзлар белгиланмагани сабабли солиқ ҳисоботи шаклларига солиқ суммасини камайтириш имконини берадиган алоҳида сатр киритилмаган».

Тадбиркорлар берилган имтиёздан тўлиқ ҳажмда фойдалана олишлари учун солиқ органлари ходимлари махсус алгоритмни таклиф этганлар, у ҳақда бу ерда ёзган эдик.

Бироқ муаммо шундаки, тушунтириш бир неча ой аввал эълон қилинган, ижтимоий тармоқлар ва ДСҚ мессенжерлари ленталарида излаш хизмати ёрдамида ҳам уни топишнинг деярли имкони йўқ. Шу сабабли ижтимоий тармоқларда ушбу имтиёзни қўллаш тажрибаси билан ўртоқлашган тадбиркорларнинг кўплаб эътирозларига гувоҳ бўламиз.

ВМҚ лойиҳасида ушбу имтиёзни (энди виртуал кассани танлаганлар ҳам ундан фойдаланишлари мумкин) қўллаш соҳасини кенгайтириш таклиф этилганини инобатга олган ҳолда барча тадбиркорлар тегишли тушунтиришдан осон фойдаланишлари учун уни ДСҚ ресурсларига бириктириб қўйиш зарур.

Хулоса: лойиҳада муаммо ҳал этилмаган, бироқ унинг ҳал этилишига туртки бўлиши мумкин.


Товарлар номенклатурасини расмийлаштириш бўйича стандартлар

Ушбу муаммо ва унинг яқин орада юзага келадиган оқибатлари ҳақида бу ерда батафсил ёзган эдик. Ижтимоий тармоқларда тадбиркорларнинг мавжуд товарлар номенклатураси билан ишлаш тизими ноқулайлиги ва давлат даражасида қўшимча ишлов беришни талаб қилиши ҳақидаги фикрларини ҳам учратиш мумкин. Тадбиркорлар ўз хоҳишларига кўра товарлар номини киритадилар, бу товарни назорат қилиш ва кузатиш имконини бермайди. Бундан ташқари, у кўп меҳнат талаб қилади, бир кун келиб бундай стандарт ишлаб чиқилса, ҳамма ишни қайтадан бажаришга тўғри келади.

Хулоса: ВМҚ лойиҳасида бу муаммо ҳал этилмаган.


Бошқа муаммолар

Ваколатли давлат органлари онлайн-НКМни жорий этиш бўйича ишларни амалга ошираётганда ўқувчиларимизнинг таклифларини инобатга олишларига умид қилган ҳолда уларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

  • Gulchik: – «2019 йил сентябрда ваъда қилинган бепул дастурий таъминотни (виртуал кассанинг базавий қисми – таҳр. изоҳи) ишга тушириш керак».
  • Diana Ismagilova: – «Ўтиш графигининг биринчи бандига нисбатан қўллаётганда ИФУТнинг аниқ кодларини кўрсатиш зарур. Дўконда тамаки маҳсулотлари қўйилган биттагина токча бўлиши мумкин, бироқ 2020 йил 1 январдан онлайн-НКМ ёки виртуал кассага ўтишга мажбур, аслида солиқчиларнинг базаси лозим даражада ишлаб чиқилмаган».
  • Nodira: – «Биронта онлайн-НКМ товарларнинг катта ассортименти билан ишлашга тўғри келмайди: янги келиб тушган товарларни юклаб олиш учун 1С билан интеграцияланмайди, чакана савдо ҳақидаги ҳисоботни олиб бўлмайди. Онлайн-НКМ орқали савдо-сотиқ қилганда товарлар ҳисобини автоматлаштирилган тарзда юрита олмаймиз. Солиқ идораси тушумимизни онлайн режимда кўрмоқчи – бемалол! Уни ўзимизнинг ҳисобда ҳам онлайн режимда кўра олмаяпмиз-ку»!

Барча фикр-мулоҳазалар ва хоҳиш-истаклар долзарб тусга эга. Buxgalter.uz уларга қўшилади.

Олег ГАЕВОЙ.