Онлайн-НКМ бўйича имтиёз соддалаштирилди

preview

Президентнинг ПФ-5813-сон Фармонида назарда тутилган онлайн-НКМга ўтувчилар учун имтиёз айни пайтгача талай мураккабликлар келтириб чиқарарди. Солиқ ҳисоботида тадбиркорларга имтиёздан фойдаланиш имконини берадиган, бироқ бунда солиқ ҳисоботини бузиб кўрсатадиган алгоритм қўлланганди. Энди эса ҳаммаси ўзгарди: фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботлар шакллари лозим даражада созланди. Батафсил – buxgalter.uz шарҳида.

Эслатиб ўтамиз, ПФ-5813-сон фармонга асосан онлайн-НКМ ўрнатувчи хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ ёхуд қатъий белгиланган суммада ЖШДСни онлайн-НКМнинг ҳар бирини харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар суммасига, лекин БҲМнинг 10 бараваридан ошмаган миқдорда камайтиришлари мумкин - 2021 йил 1 январга қадар онлайн-НКМни рўйхатга қўйиш шарти билан.

Энди НКМни харид қилиш ва ишга тушириш учун ҳақиқатда қилинган харажатлар суммасини:

  • агар сиз умумбелгиланган солиқларни тўловчи бўлсангиз – Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 101-сатрида;
  • агар сиз айланмадан олинадиган солиқ тўловчи бўлсангиз – Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобининг 0901-сатрида кўрсатиш зарур.

Қатъий белгиланган суммада ЖШДС тўловчиси бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўзгаришлар мавжуд эмас. Бу мазкур солиқ тўловчилар тоифасининг солиқ маъмурчилиги хусусиятлари билан боғлиқ.

Агар ЯТТ қатъий белгиланган суммада ЖШДС тўласа , онлайн-НКМга ўтишда имтиёз тақдим этишни сўраб солиқ органига ариза ёзиши керак. Аризада – тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда харид қилиш ва ишга туширишга қилинган харажатларни, шунингдек тадбиркор имтиёздан фойдаланиши учун солиқ тўламайдиган даврни кўрсатиши зарур.

Таъкидлаб ўтамизки, фармонда имтиёз фақат қатъий белгиланган солиқ (ҳозир бу - қатъий белгиланган суммада ЖШДС) тўловчилар учун назарда тутилган. Бунда декларация бўйича ЖШДС режимини танлаган тадбиркорлар ҳисобга олинмай қолади. Фикримизча, ушбу тоифадаги солиқ тўловчиларга декларация топширишда онлайн-кассани харид қилиш ва ўрнатишга қилинган харажатларни солиқ базасидан чегириш ҳуқуқини бериш мақсадга мувофиқдир.

Ва яна -  қатъий белгиланган суммада ЖШДС ва декларация бўйича ЖШДС тўловчи якка тартибдаги тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида: бир хил амалиёт учун улар томонидан ушбу имтиёзнинг қўлланилиши юзасидан ДСҚнинг расмий тушунтиришлари зарур. Ҳозирга қадар фармон чиққан пайтдан бошлаб ДСҚнинг расмий интернет-ресурсларида ушбу тоифадаги солиқ тўловчилар учун битта ҳам тушунтириш эълон қилинмаган.

Гулнора ЭРГАШЕВА, солиқ маслаҳатчиси,

Олег ГАЕВОЙ, buxgalter.uz эксперти