Қандай қилиб онлайн-касса орқали олдиндан тўловни ўтказиш мумкин

preview

Чакана савдода кўпинча товарлар буюртма асосида реализация қилинади. Бу харидорга унинг талабларига юқори даражада жавоб берадиган эксклюзив маҳсулотни олиш имконини беради. Бундай маҳсулот сотувчилари, қоидага кўра, харидор ниятининг жиддийлигини аниқлаш ва товарни ишлаб чиқариш ёки олиб келиш учун харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун олдиндан тўловни талаб қилишади. Бироқ бундай ҳисоб-китобларни қандай қилиб касса орқали тўғри ўтказиш юзасидан савол юзага келади? Бунга ҳозирча жавоб йўқ. Бу ДСҚнинг лозим даражадаги эътиборига лойиқ ва тез фурсатда ҳал қилишини керак, деб ҳисоблаймиз.

Buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА муаммо ҳақидаги ўз фикри билан ўртоқлашди.

- Масала ҳақиқатан долзарб ва муаммолидир. Менда амалиётдан тадбиркорлар ваколатли органларга уни ҳал қилиш юзасидан илтимос билан  мурожаат қилган, бироқ ҳали натижага эришмаган бир нечта ҳаётий мисоллар мавжуд. Менимча, тушумни анча аниқ ҳисобини юритишга кўмаклашадиган онлайн-кассага, янги технологияларга ўтиш – уни ҳал қилишнинг айни вақти.

Муаммонинг моҳияти нимада? Онлайн-НКМ чекига қўйиладиган энг асосий талаблардан бири – унда сотилган товар номининг мавжудлиги . Бу товарни олдиндан тўлов билан реализация қилиш чоғида сотувчининг имкониятларини чеклайди. Бу вазиятларда у амалда битта товар учун тўловни икки қисм қилиб қабул қилади, бироқ буни касса орқали ўтказолмайди, сабаби онлайн-кассалар технологияси буни назарда тутмайди. Натижада сотувчи товарни сотишдан олинган бутун суммани фақат харидор билан якуний ҳисоб-китоб амалга оширилгандан кейингина ўтказишга мажбур бўлмоқда.

Олдиндан тўловни қабул қилган ва уни кассадан ўтказмаган ҳолда, тадбиркор амалда ҳисобда ушбу маблағларнинг материални харид қилишга чиқим қилинганлигини ва буюртмани тайёрлаш билан боғлиқ бошқа харажатларни акс эттира олмайди. Айнан битта товарни реализация қилинаётган маҳсулот сифатида кўрсатган ҳолда ҳар бир тўловни касса орқали алоҳида ўтказиш – бу ҳам нотўғри, ахир амалда битта маҳсулот тайёрланган ва сотилган. Нима қилганда ҳам, ҳужжатларда ҳар доим бир хил натижа – ҳақиқий аҳволни бузиб кўрсатиш.

Солиқ солиш нуқтаи назаридан ҳам ўзига хос жиҳатлар мавжуд. 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга асосан жисмоний шахсга берилган онлайн-касса чеки – бу ҳисобварақ-фактурани ўрнини босадиган тўлақонли ҳужжат. Бу чек бўйича тушум олдингизми – ундан солиқ тўланг, дегани. Бироқ СКнинг 304-моддасига асосан харидорлардан олинган бўнак – солиқ солиш мақсади учун даромад эмас.

Солиқчиларнинг “чакана савдода олдиндан тўлов мавжуд эмаслигига” ишончлари комил

Шуни таъкидлаб ўтишим жоизки, тадбиркорлар сукут сақлашмаяпти. Менда солиқчиларнинг шаҳар солиқ бошқармасига қилинган бундай мурожаатлардан бирига берган жавоби мавжуд ва у норозилик келтириб чиқармай қолмайди.  Ундан келиб чиқадики, жавоб муаллифларининг фикрига кўра, чакана савдода бўнак тўловлари бўлиши мумкин эмас! Савол туғилади: улар амалда бўлгани ҳолда, қандай қилиб бўлмаслиги мумкин? Ва бу – меъёрдаги амалиёт.

Онлайн-НКМга техник хизмат кўрсатиш марказлари ва фискал маълумотлар оператори – ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМ мутахассисларининг тушунтиришларича, дастурга ва тегишинча чекка “бўнак” ёки “олдиндан тўлов” сўзини киритишнинг техник жиҳатдан имконияти мавжуд. Бироқ ФМО фақат ДСҚ топшириғига биноан ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшимчалар киритилгандан кейин онлайн-кассалар тизимини қайта созлашни амалга ошириши мумкин.

Нима қилиш лозим?

Мен муаммонинг битта ечимини кўраяпман – норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва онлайн-НКМ тизимини техник қайта созлаш.

Сотувчилар олдиндан тўловни – чекда бу товар учун якуний ҳисоб-китоб эмас, балки “олдиндан тўлов” эканлиги тўғрисида тегишли белги билан касса орқали ўтказиш имкониятига эга бўлишлари керак. Бунда ДСҚнинг ахборот тизимлари бўнак тўловлари суммаларини Солиқ кодексида назарда тутилган, уларга солиқ солишнинг хусусиятларини инобатга олган ҳолда қабул қилишлари керак.

Таъкидлаб ўтаман: кўтарилаётган масаланинг ечими – бу мавжуд бухгалтерия ва солиқ ҳисобини бузиб кўрсатиш муаммосининг ечимидир.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади