ФМО маълумотлар базаси билан нима рўй берди?

preview

2-3 ноябрь кунлари техник ишлар туфайли онлайн-НКМ ва виртуал кассалар чекларининг қайсидир қисми маълумотлари ФМО маълумотлар базасига тушмади. Кейинроқ идора носозликлар бартараф этилганлиги, чекларнинг етказилмаган маълумотлари такроран маълумотлар базасига етказилишини маълум қилди.

Buxgalter.uz 2-3 ноябрь кунларидаги воқеаларга қадар ҳам ўқувчилардан онлайн-НКМ ва виртуал кассаларнинг йўқолган чеклари ҳақида хабарлар олган. Бундай вазиятда қандай хулосалар чиқариш мумкин?

Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар фискал хотирали НКМдан урилган чеклар тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда фискал маълумотлар оператори маълумотлар базасига ўтказилиши билан фарқ қилади. Бу ҳам солиқ назорати, ҳам бухгалтерия ҳисоби ва таҳлил нуқтаи назаридан жуда қулай. Бироқ, ҳозирча ФМО тизими маълумотларига 100%га ишониб бўлмаслиги аён бўлади.

ДСҚ берилган чеклар сони ва шахсий кабинетга келиб тушган чеклар сони ўртасида номувофиқлик аниқланганда  (71) 202-32-32 (ички 538, 541, 551, 504) телефон рақамлари орқали фискал маълумотлар операторига қўнғироқ қилишни тавсия қилади. Бироқ шахсий кабинет маълумотларини онлайн-НКМ ва виртуал кассалардан ечилган ҳақиқатдаги маълумотлар билан қайта текшириш зарурати бухгалтерия ишини мураккаблаштиради. Бунинг устига гап сотиб олувчининг манфаатлари ҳақида борган тақдирда бу ҳар доим ҳам ечим бўлавермайди.

Йўқолган чекни “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар чекларини рўйхатдан ўтказиш” сервисида (корпоратив карта орқали харид қилишда ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришга муқобил) рўйхатдан ўтказишга уриниш, тизим хато ҳақида хабар бериш билан тугайди. Фақат улар тўғрисидаги маълумотлар фискал маълумотлар операторида бўлган чекларни рўйхатдан ўтказиш мумкин.

ФМО тизимида – техник ишлар ёки ҳар қандай бошқа ишлар вазиятида носозликлар – фискал маълумотлар шаффофлигини жорий этиш бўйича барча сайъй-ҳаракатларни йўққа чиқаради. ФМО операторининг ускунаси ва унга боғлиқ бўлган солиқ органларининг барча сервисларининг иши лозим даражада таъминлашинига умид қилиш қолади.

Олег ГАЕВОЙ