HUMO: воситачилик ҳақи шартлари банк ва мижоз ўртасида тузилган шартнома билан белгиланади

preview

Вuxgalter.uz HUMO тўлов тизимининг хусусиятларига бағишланган  “HUMO хусусияти. Нима учун сотувчи ҳисобрақамига тўлов тўлиқ тушмаяпти”  деб номланган материални эълон қилган. Миллий банклараро процессинг маркази материални шарҳлаб, қуйидагиларни таъкидлаб ўтди: “Банк хизмати кўрсатиш шартномаси шартлари икки тараф: банк ва мижоз томонидан белгиланади. Ҳеч ким учинчи тараф бўлиб бу жараёнга аралашмайди, айниқса  ўзини банк ва карта сақловчиси ўртасида ўзаро ҳамкорлик дастаги сифатида намоён қиладиган процессинг маркази”:

Миллий банклараро процессинг маркази (МБПМ) – HUMO тўлов тизими оператори buxgalter.uz га ўз эҳтиромини билдириб, қуйидагилар ҳақида маълум қилади:

12 февраль куни buxgalter.uz сайтида “HUMO хусусияти. Нима учун сотувчи ҳисобрақамига тўлов тўлиқ тушмаяпти” сарлавҳаси остида материал эълон қилинди.

Мақолада “HUMO хусусияти” сифатида кўрсатилган баъзи жиҳатларга эътиборни қаратишни хоҳлардик.

1) Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида йўриқномага (рўйхат рақами 1948, 27.04.2009 й.) мувофиқ, мижозлар томонидан банк ҳисобварағи очиш чоғида банк ҳисобварағи шартномаси тузилиб, унда мижоз ҳисобварағига келиб тушган пул маблағларини қабул қилиш ва киритиб қўйиш, мижознинг ҳисобварағидаги маблағларни тасарруф этиш бўйича топшириқларни бажариш, ушбу ҳаракатлар билан боғлиқ мижоз ва банкнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, банк хизматлари учун тўланиши лозим бўлган воситачилик ҳақи ва бошқа шартлар кўрсатилади. Тегишинча, хизматлар учун воситачилик ҳақи, ҳисобвараққа маблағларни киритиб қўйиш ва хизмат кўрсатишнинг бошқа шартлари банк ҳисобварағи шартномасида кўрсатилган бўлиши лозим.

2) Терминалларга хизмат кўрсатиш доирасида ундириладиган воситачилик ҳақи HUMO тўлов тизимининг эмас, балки банкнинг воситачилик ҳақи ҳисобланади. Ушбу воситачилик ҳақининг миқдори банк тарифлари, тушумни киритиб қўйиш тартиби эса банк ҳисобварағи шартномаси билан белгиланади.

3) Терминаллар орқали амалга оширилган ҳисоб-китобларни узатиш чоғида МБПМ (HUMO тизими оператори) операциянинг умумий суммаси (мижоздан ечиб олинган сумма) ва алоҳида, воситачилик ҳақларини (банкнинг воситачилик ҳақи, халқаро тўлов тизимлари воситалик ҳақи – агар халқаро тўлов тизимларига хизмат кўрсатилса)  ўз ичига олган тўлиқ ахборот узатилади. Олинган маълумотлардан келиб чиқиб, ҳар бир банк мижоз билан тузилган шартномада асосида воситачилик ҳақини қай тарзда ечиб олишни ҳал қилади: ҳар сафар тушумни киритиб қўйиш чоғида ёки мазкур воситачилик ҳақини счётларда олиниши лозим бўлган воситачилик ҳақи тарзида акс эттирган ҳолда ойда бир марта. Оддий банк амалиётида, савдо тушуми тўлиқ миқдорда мижознинг транзит ҳисобварағига киритиб қўйилади, шундан кейингина тарафлар келишувига кўра тўлиқ ёки воситачилик ҳақини айирган ҳолда киритиб қўйилиши мумкин.

4) Пластик карталарга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ операциялар бўйича воситачилик ҳақи ундириш нормал халқаро амалиёт ҳисобланиб, аниқ тўлов тизими билан боғлиқ эмас ва банк тарифлари билан белгиланади.     

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Сизнинг эътиборингизни мақоладаги воситачилик ҳақи ва HUMO тўлов тизимининг хусусиятига доир бандлар ҳаққоний эмаслигига қаратамиз.

Банк хизмати кўрсатиш шартномаси шартлари икки тараф: банк ва мижоз томонидан белгиланади.  Ҳеч ким учинчи тараф бўлиб, айниқса  ўзини банк ва карта сақловчиси ўртасида ўзаро ҳамкорлик дастаги сифатида намоён қиладиган процессинг маркази  бу жараёнга аралашмайди.

 

Ҳурмат билан,

Миллий банклараро

процессинг маркази

 

Таҳририятдан:

Buxgalter.uz портали процессинг маркази мутахассисларига жавоб учун миннатдорлик билдиради ва эътиборни яна бир бор материалдаги марказий масалага қаратади. Бухгалтерлар учун асосий муаммо айнан ким улар билан шартнома тузишида эмас, балки уларнинг ҳисобварақларига тўловнинг ҳамма суммаси келиб тушмаслигидадир. Ва мазкур асосий муаммо айрим банклар – HUMO тизими иштирокчиларида хануз ўз ечимини топмаган.  Uzcard тўлов тизимида бундай муаммо йўқ. Фойдаланувчиларга қулайлик ҳамда   HUMO тизимининг муваффақиятли ривожланиши нуқтаи назаридан ушбу масалани иложи борича тезроқ ҳал қилган маъқул.