Офисни кўчиришга қандай қилиб КПК орқали ҳақ тўлаш мумкин

preview

Корпоратив пластик карта – ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ ортиқча муаммоларсиз ишлаб чиқариш ва маъмурий вазифаларни тезкор ҳал қилишга ёрдам берадиган универсал тўлов воситаси.

Buxgalter.uz эксперти Виктория БЕЗГИНА офисни алмаштириш чоғида транспорт компаниялари хизматлари ва ёлланган ходимлар меҳнатига қандай қилиб КПК орқали ҳақ тўлаш мумкинлиги ва бу қандай солиқ оқибатларига олиб келиши мумкинлигини тушунтирди.

- Корпоратив пластик карталардан фойдаланган ҳолда операцияларни амалга оширишни Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тартибга солади. Улар ёрдамида компаниялар Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларга ҳақ тўлашлари мумкин .

Харажатларнинг таркиби тўғрисидаги низом хўжалик юритувчи субъектни бошқариш бўйича харажатларни маъмурий харажатларга киритади . Офисни бошқа бинога кўчириш бўйича харажатларни ҳам бошқариш бўйича харажатларга киритиш мумкин. Шу боис транспорт компаниясининг офисни кўчириш бўйича хизматлари учун корпоратив карта орқали ҳақ тўлаш – мумкин. Бунинг учун шартнома тузиш шарт эмас

Транспорт компаниясидан ҳисобварақ-фактура талаб қилиб олишни тавсия қиламиз. Улар:

  • уни сиз хизматлардан фойдаланган ой якунига қадар  тақдим этишлари;
  • амалда хизматлар кўрсатилган санани кўрсатишлари шарт .

Солиқ оқибатлари

Янги офисга кўчишга доир харажатлар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажатлар деб эътироф этилади, сабаби даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган ва ташкилот фаолиятини сақлаб туриш ва ривожлантириш учун амалга оширилган . Бундан кўчириш бўйича харажатлар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилиши келиб чиқади.

Агар транспорт компанияси ҚҚС тўловчиси бўлса, ҚҚСни ҳисобга олиш учун албатта ҳисобварақ-фактурани олинг .

Ёлланган юк ташувчи ишчиларнинг меҳнатига КПК орқали ҳақ тўласа бўладими?

Амалиётда ташкилотлар кўпинча кўчиришда ёлланган ишчилар меҳнатидан фойдаланишади ва раҳбарлар уларга “ўз чўнтакларидан” ҳақ тўлайдилар. Ташкилот ўзи юк ташувчиларни ёллашга ва улар билан ФҲХ шартномаларини, масалан пудрат шартномасини тузишга ҳақли. Бу ҳолда кўчириш бўйича харажатлар  меҳнатга ҳақ тўлашга тенглаштирилади ва фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилади.

Эътибор беринг
Мазкур ҳолатда КПКдан фойдаланиш мумкин эмас, сабаби корпоратив картага иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ўтказиш - тақиқланган .

ФҲХ шартномага асосан бажарилган ишлар натижалари бўйича бажарилган ишлар (хизматлар) далолатномасини расмийлаштириб, унда ҳажми ва қийматини акс эттиринг.

Эътибор беринг
Барча “иш ҳақи” солиқлари – ЖШДС, ШЖБПҲ ва ижтимоий солиқни ташкилот ёлланган ходимлар учун ўзи – ФҲХ шартнома бўйича ишлар қийматидан келиб чиқиб тўлаши керак .

Агар ишчида банк картаси мавжуд бўлса, сиз ўзингизнинг ҳисобварағингиздан унинг шахсий ҳисобварағига пулларни ўтказишингиз мумкин. Шахсий карта маълумотларини у очилган банкда билиб олиш мумкин.

Нақдсиз ҳисоб-китоб Нақдсиз ҳисоб-китоб Нақдсиз ҳисоб-китоб /publish/doc/text163801_ofisni_kuchirishga_qanday_qilib_kpk_orqali_haq_tulash_mumkin