ТИФ: олтита ҳужжат йўқ бўлади, 2020 йилдан қоғоз ташувчилар бекор қилинади

preview

Президентнинг 23.04.2019 йилдаги қарори билан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомиллар янада такомиллаштирилади. Ҳужжат матни ЎзАда жойлаштирилган.

Биринчидан, 2021 йил 1 январга қадар «Ягона дарча» божхона ахборот тизими жорий этилади. У ТИФ иштирокчиларига қуйидаги имкониятларни беради:

  • импорт, экспорт ва транзитга тааллуқли барча тартибга солиш талабларини бажариш мақсадида стандартлаштирилган маълумотлар ва ҳужжатларни ягона ўтказиш каналидан фойдаланган ҳолда тақдим этиш;
  • ахборот алмашинувнинг махфийлиги ва хавфсизлигини таъминловчи норматив-ҳуқуқий база билан мустаҳкамлаган ҳолда, ташқи савдо битимларига доир барча ахборотларни алмашиш;
  • давлат божхона хизмати, ваколатли органлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан рухсат этувчи ҳужжатларни расмийлаштиришнинг босқичларини масофадан кузатиш;
  • барча учун очиқ бўлган электрон шаклдаги рухсат этувчи ҳужжатлар реестрларини юритишга тўлиқ ўтиш;
  • Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлардаги эпизоотик, карантин ва фитосанитария ҳолатлари тўғрисидаги очиқ маълумотларни энг сўнгги кўрсаткичлар ҳолатида ушлаб туриш;
  • дастлабки маълумотлар асосида товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига амалда етиб келишига қадар рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларни бериш.

Иккинчидан, ТИФ иштирокчиларидан қуйидагилар талаб қилиб олинмайди:

  • рухсат этувчи характерга эга ҳужжатларни беришда ва экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда – карантин остидаги маҳсулотларни экспорт ва импорт қилишда зарарсизлантириш (фумигация) далолатномаси;
  • экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда – ўров варағи;
  • импорт қилинаётган товарларга ваколатли органлар томонидан рухсат берувчи ҳужжатлар ва мувофиқлик сертификатларини беришда – Ўзбекистон божхона ҳудудига келганлик тўғрисида белги қўйилган товарларнинг кузатув ҳужжатлари (товар-транспорт юкхати, инвойс, ҳисобварақ-фактура ва б.);
  • ваколатли органлар томонидан бериладиган ҳужжатларни олишда – ишончномалар;
  • импорт товарларига мувофиқлик сертификатини беришда – норматив ҳужжат нусхаси, санитар-эпидемиологик хулоса нусхаси;
  • ваколатли органлар томонидан рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларни беришда – ишлаб чиқарувчи мамлакат тўғрисида сертификат;
  • 2020 йил 1 январдан бошлаб товар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувида, шунингдек импорт қилинадиган товарларга мувофиқлик сертификатини беришда – халқаро шартномаларда махсус қоғоз бланкаларда расмийлаштиришни талаб қиладиган ҳужжатлардан ташқари, ваколатли органлар томонидан қоғоз шаклида бериладиган рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларнинг асли ва нусхалари.

Учинчидан, қуйидаги тартиб ўрнатилади:

  • ветеринария рухсатномаларини, фитосанитария ва ветеринария сертификатларини расмийлаштириш учун экспорт қилишдан 30 кун олдин ТИФ иштирокчилари ариза билан мурожаат қилиши зарурати тўғрисидаги талаб бекор қилинади; 
  • карантин рухсати ва экологик сертификатини бериш муддати уларни олиш учун қонунчиликда назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ариза берилган кундан бошлаб 5 иш кунидан ошмаслиги керак;
  • товарлар ва транспорт воситаларини, агар мазкур товарлар ва транспорт воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ фитосанитария ва ветеринария назоратига тегишли бўлмаса, фитосанитария ва (ёки) ветеринария назоратидан ўтказиш тақиқланади;
  • транзит орқали мамлакатимиз ҳудудидан ўтувчи карантин остидаги товарларни карантин текширувидан ўтказиш ҳақ олинмаган ҳолда амалга оширилади;
  • БЮД «сариқ» йўлакдан «қизил» йўлакка ўтказилган ҳолда мазкур ўтказишни амалга оширган ходим томонидан божхона текширувини ўтказишга йўл қўйилмайди.

Тўртинчидан, яқин орада бир қатор янгиликлар киритилиши кутилмоқда:

  • бир ой муддатда божхона постларида Ўзбекистоннинг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан оғир юк ташувчи ва йирик габаритли транспорт воситаларининг ўтиши учун тўловларни автоматик равишда ҳисобловчи тизим пайдо бўлади;
  • ҳар бир автотранспорт воситасининг кириш ва чиқиш вақтини автоматлаштирилган қайд этиш тизими жорий этилади, божхона постларида улар бўлиш вақтининг чекланган муддати белгиланади. Юк транспорт воситалари божхона расмийлаштируви вақтини тақсимлаш имкониятини берадиган навбатларни бошқариш электрон тизими ҳам жорий этилади;
  • зарур ҳолларда товарларнинг алоҳида турлари учун мўлжалланган лаборатория ускуналари билан жиҳозланган ва энг оптимал манзилларда жойлаштирилган махсус ўтказиш пунктлари ва божхона постлари ташкил этилади;
  • 3 ой муддатда Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида текширув тартиб-таомилларидан ўтиш регламенти ишлаб чиқилади. Унда чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратидан ўтишнинг аниқ муддатлари (дақиқаларда) белгиланади, божхона пости ҳудудига кириш ва чиқиш вақтини қайд этиш, шунингдек бир-бирини такрорловчи назорат функцияларини бекор қилиш назарда тутилади;
  • товарларнинг божхона қиймати хатарларни бошқариш тизимининг хавф кўрсаткичлари қаторига киритилади, қонунга хилоф мақсадларда божхона органлари мансабдор шахслари томонидан мезонларни манипуляция қилишга йўл қўймаслик бўйича аниқ чоралар кўрилади.

Ваколатли вазирликлар ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Бешинчидан, Ташқи иқтисодий фаолият жараёнларини такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳи ташкил этилади. У 2019 йил 1 октябргача божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш, давлат назорати самарадорлигини ошириш, ТИФ иштирокчиларининг харажатларини қисқартириш соҳасида танқидий таҳлиллар ўтказади. Уларнинг якунлари асосида Ташқи иқтисодий фаолият жараёнини такомиллаштириш бўйича концепция ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилади. Бунда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:

  • ҳаддан зиёд маъмурий тўсиқлар ва давлат органларининг бир-бирини такрорловчи функцияларини бекор қилиш;
  • ресурслар чекланганлиги шароитида давлат харажатларининг эришилган ёки кутилаётган самарага нисбатини инобатга олган ҳолда, хавф-хатарларни бошқаришнинг тўлақонли тизимини жорий этиш;
  • «божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимини кенг қўллаш;
  • божхона кўригида товарлар қадоқларини бузиб очиш ҳолатларини қисқартириш.   

 

Олег Заманов.


 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text149921_tif_oltita_hujjat_yuq_buladi_2020_yildan_qogoz_tashuvchilar_bekor_qilinadi