Бир йил ичида «E-SUD» орқали 566 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди

preview

Тизим 2018 йилдан фуқаролик ишлари бўйича 75 та туманлараро, туман (шаҳар) ва 14 та вилоят судларида фаолият юритмоқда, дея хабар берилади Олий суд сайтида.

Унинг асосий мақсади – судларга келиб тушадиган даъво аризалари, аризалар, шикоятлар ва илтимосномаларни кўриб чиқиш тартибини такомиллаштириш, суд тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, одил судловга эришиш даражасини ошириш, аҳолининг кенг қатлами судга мурожаат этиши учун қулайлик ва енгиллик яратиш.

«E-SUD» жорий этилиши натижасида фуқароларнинг судларга ташрифи 6–7 мартадан 2–3 мартага камайди, бу билан тарафларнинг сезиларли маблағи тежаб қолинишига эришилди. Эндиликда фуқаролик низоларини ҳал қилиш учун Интернет орқали рўйхатдан ўтиш ва суднинг кўриб чиқиши учун ариза жўнатишнинг ўзи кифоя.

Айни вақтда тизимда 13 минг фойдаланувчи рўйхатга олинган: уларнинг 600 нафарини адвокатлар, 2 084 тасини юридик, 9 906 нафарини жисмоний шахслар ташкил этади, уларнинг 4 938 нафари (49,8%и) аёллардан иборат. 2018 йил якунларига кўра электрон мурожаатлар, шу жумладан апелляция ва кассация шикоятларининг умумий сони 566 мингтадан ошди.

Кейинги 2 йилда E-SUD тизими орқали Ўзбекистоннинг олис минтақаларидаги 37 минг нафардан ортиқ аёллар вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун алимент ундириш билан боғлиқ низоларни муваффақиятли ҳал этишди.