Олинган қарз суммасига ҚҚСни қўшимча ҳисоблаш тўғрисидаги ДСИ талабномасига қандай жавоб бериш лозим

preview

Вазият: Металл буюмлар ишлаб чиқарувчи ташкилот 2019 йил январь–март ойлари учун 4,7 млн сўм миқдорида ҚҚСни қўшимча ҳисоблаш тўғрисида ДСИдан талабнома олди. ДСИ органлари камерал назорат ўтказганда ташкилотнинг ҳисоб-китоб счётига 240 500 минг сўм миқдорида пул маблағлари келиб тушганини аниқлаганлар. Кўрсатилган сумма ҚҚСни қўшимча ҳисоблаш учун асос қилиб олинган.

Ташкилотнинг позицияси: жорий йилнинг январь–март ойларида ҳисоб-китоб счётимизга талабномада кўрсатилган сумма ҳақиқатан ҳам келиб тушган. ДСИ ҚҚСни қўшимча ҳисоблаган қисми (23 290 минг сўм) – молиявий заём. Қолган қисмини (217 210 минг сўм) эса 2019 йилда юклаб жўнатилган асосий воситалар ва тайёр маҳсулотларни реализация қилганлик учун, шунингдек 2018 йилда реализация қилинган маҳсулот учун харидорлардан келиб тушган пул тушумлари ташкил этади. Ушбу суммалар, Солиқ кодексида белгиланганидек, ҚҚС ҳисоб-китобига киритилган. Шу тариқа, 4,7 млн сўм миқдорида ҚҚСни қўшимча ҳисоблаш учун ҳеч қандай асослар юзага келмайди.

ДСИнинг кўрсатма берувчи хатига жавоб хати намунаси

 «___» ________ 2019 йилдаги ___-сон талабномангизга жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз. 

Солиқ кодексининг 199–204-моддаларига мувофиқ, ҚҚС бўйича солиқ солинадиган оборот ҳисоб-китоб счётига келиб тушадиган пул тушумларидан келиб чиқиб аниқланмаслигига эътиборингизни қаратамиз.

Ташкилотимиз металл буюмлар ассортиментини ишлаб чиқаради.

2019 йил январь–март ойлари учун тақдим этилган ҚҚС ҳисоб-китобига мувофиқ, реализация қилиш оборотлари 100 000 минг сўмни, ҳисобланган ҚҚС суммаси 20 000 минг сўмни ташкил этган, бу Ҳисоб-китобга 1-иловада ва, тегишинча, Ҳисоб-китобга 5-илова – Реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестрида акс эттирилган.

Солиқ кодексининг 218-моддасига мувофиқ, ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси 9 850 минг сўмни ташкил этган, бу Ҳисоб-китобга 3-иловада ва, тегишинча, Ҳисоб-китобга 4-илова – Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестрида акс эттирилган.

Бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚСнинг умумий суммаси 10 150 минг сўмни (20 000 минг сўм – 9 850 минг сўм) ташкил этган, бу Ҳисоб-китобнинг 050-сатрида акс эттирилган.

2019 йил январдан мартгача бўлган даврда ҳисоб-китоб счётимизга 240 500 минг сўм келиб тушганини маълум қиламиз, шундан:

  • 23 290 минг сўм қайтариб бериш шарти билан молиявий заём тарзида;
  • 10 000 минг сўм 2019 йилда реализация қилинган асосий воситалар бўйича қисман тўлов сифатида;
  • 90 000 минг сўм 2019 йилда реализация қилинган тайёр маҳсулот бўйича тўлов сифатида;
  • 117 210 минг сўм 2018 йил декабрда юклаб жўнатилган тайёр маҳсулот бўйича тўлов сифатида олинган.

Баён этилганлар асосида ҚҚСни қўшимча ҳисоблаш учун асос мавжуд эмас деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек Солиқ кодексининг 199204-моддаларига мувофиқ, ҚҚС бўйича солиқ солинадиган оборот ҳисоб-китоб счётига келиб тушадиган пул тушумларидан келиб чиқиб аниқланмаслигига эътиборингизни қаратамиз.

Маълумотларни тасдиқлаш мақсадида ушбу хатга қарз шартномасининг нусхасини илова қилмоқдамиз.

Ҳурмат билан,

корхона директори                _______________________                     (Ф.И.О.)

Хат намунасини

бош бухгалтер Акбар Шоисломов тайёрлади.