ДСИнинг ўрнатилмаган асбоб-ускуналардан мол-мулк солиғи бўйича кўрсатма берилган хатига қандай жавоб бериш лозим

preview

Buxgalter.uz ДСИ талабномаларига ва кўрсатма берган хатларига намунавий жавобларни чоп этиб, бухгалтерларга ёрдам бермоқда. Улар тажрибаси билан ўртоқлашмоқчи бўлган бош бухгалтерлар, солиқ маслаҳатчилари, бошқа мутахассислар томонидан тайёрланган. Сиз ҳам шундай қилишингиз мумкин – вазият тавсифи ва жавобларни talabnoma@buxgalter.uz почтасига йўлланг. Бир-биримизга ёрдам берайлик!

Вазият: Ташкилот ДСИдан билдиришнома хат олди. Унда кўрсатилишича, тақдим этилган ҳисоботда қуйидаги ахборот мавжуд:

  • бухгалтерия балансида 090-«Ўрнатиладиган асбоб-ускуналар» сатри кўрсаткичи тўлдирилган;
  • 2019 йил учун Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича жорий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун маълумотномада солиқ суммаси «0»га тенг.

ДСИ белгиланган муддатда ишга туширилмаган асбоб-ускуналарга икки баравар ставкада мол-мулк солиғи солинишини ташкилотга эслатиб ўтади (Солиқ кодексининг 266 ва 269-1-моддалари).

Солиқ органи тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ёхуд аниқланган тафовутларнинг асосларини тақдим этишни сўради.

Ташкилотнинг позицияси: 

1. Молиявий ҳисобот кўрсаткичлари, хусусан, Бухгалтерия балансининг 090-«Ўрнатиладиган асбоб-ускуналар» сатри тўғри, 21-сон БҲМС талабларига мувофиқ акс эттирилган.

Ушбу асбоб-ускуна 2018 йил декабрь – 2019 йил февралда қисмлаб етказиб берилган. 1 январь ҳолатига кўра декабрда келиб тушган, бироқ ўрнатилмаган асбоб-ускуналар қиймати акс эттирилган.

2019 йил мартда асбоб-ускуналар монтаж қилиниб, фойдаланишга жорий этилган.

2. Корхона 2019 йил учун Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича жорий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун маълумотномани ноль солиқ суммаси билан тақдим этган, сабаби мулкида солиқ солиш объектлари мавжуд эмас (Солиқ кодексининг 226-моддаси). Қайта ҳисоб-китобларни тақдим этишга зарурат йўқ.

Тасдиқловчи ҳужжатлар – асбоб-ускуналар келиб тушганига доир шартнома ва ҳисобварақ-фактуралар нусхалари, директорнинг фойдаланишга жорий этиш муддатлари тўғрисидаги буйруғи, асбоб-ускуналар фойдаланишга жорий этилгани тўғрисидаги далолатнома жавобга илова қилинган.

ДСИнинг кўрсатма берувчи хатига жавоб хати намунаси

 «___» ________ 2019 йилдаги ___-сон хатингизга жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Биз тақдим этган 2018 йил учун молиявий ҳисоботга, хусусан, бухгалтерия балансига кўра, 090-«Ўрнатиладиган асбоб-ускуналар» сатри кўрсаткичи 2018 йил бошида 0 сўмни, 2019 йил бошида – _______ минг сўмни ташкил этади.

Ушбу мол-мулк 2018 йил декабрда келиб тушган ва ____ 2018 йилдаги ___-сон шартномага мувофиқ харид қилинган асбоб-ускуналарнинг бир қисмидан иборат.

Иккинчи қисми 2019 йил февралда келиб тушган ва монтаж қилишга берилган. БҲМСга мувофиқ ушбу мол-мулк ҳам 0700-«Ўрнатиладиган асбоб-ускуналар» счётида акс эттирилган.

Директор буйруғи билан асбоб-ускуналарни фойдаланишга жорий этиш муддати 2019 йил 31 декабргача этиб белгиланган. Ҳақиқатда у монтаж қилиниб, 2019 йил мартда фойдаланишга жорий этилган.

2019 йил учун Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича жорий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун маълумотнома ноль солиқ суммаси билан тақдим этилган, сабаби корхонамиз мулкида Солиқ кодексининг 226-моддасида кўрсатилган солиқ солиш объектлари мавжуд эмас.

Хусусан, 0700-счётда акс эттирилган мол-мулк бўйича солиқ солинадиган база юзага келмайди, сабаби Солиқ кодексининг 266-моддаси кўрсатмаларига биноан уни фойдаланишга жорий этиш муддатларига риоя этилган.

Корхонамиз балансида мол-мулк солиғи солиниши лозим бўлган объектлар (Солиқ кодексининг 226-моддаси) мавжуд эмаслигини инобатга олган ҳолда қайта ҳисоб-китобни тақдим этишга зарурат йўқ.

Илова: Асбоб-ускуналарнинг олди-сотди шартномаси, ҳисобварақ-фактура нусхалари, фойдаланишга жорий этиш муддатлари тўғрисидаги буйруқ, фойдаланишга жорий этилгани тўғрисидаги далолатнома.

Корхона директори.

Хат намунасини

бош бухгалтер Акбар Шоисломов тайёрлади.