Янгиликлар

ДСХО органлари қандай қилиб корхоналарни ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказадилар

04.06.2019

Давлат солиқ қўмитаси Хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилиши тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқди.

ҚҚСни қўллайдиган кўп давлатларда хўжалик юритувчи субъект ҚҚС тўловчиси сифатида махсус рўйхатдан ўтказилади. Масалан, бундай тизим Россия Федерациясида амал қилади. Айнан ҚҚС бўйича махсус рўйхатдан ўтказиш ушбу солиқнинг ўзига хослиги билан боғлиқ. У:

  • энг «салмоқли» солиқ. Бюджетга энг кўп тушумлар ундан келиб тушади;
  • кенг қамровли солиқ. Уни барча субъектлар тўлаши шарт;
  • солиқ тизими «занжирли». У субъектларни ўзаро боғлайди.

Низом лойиҳасида хўжалик юритувчи субъектни ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланган. У қуйидаги занжир бўйича амалга оширилади: хўжалик юритувчи субъектнинг ариза тақдим этиши – Ягона реестрга ҳисобга олувчи ёзув қайд этилиши – рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси ва код берилиши – гувоҳнома берилиши.

Давлат солиқ қўмитаси ҚҚС тўловчиларни ҳисобга олиш мақсадида Ягона реестр – ҚҚС тўловчилар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона ахборот тизимини юритади. Улар рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси – хўжалик юритувчи субъект ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи электрон ҳужжат оладилар. 

Рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомили содда бўлишини таклиф қилмоқдалар. Хўжалик юритувчи субъект қонун ҳужжатларида белгиланган ялпи тушуми белгиланган меъёрий миқдордан ошган кундан бошлаб 10 иш кунидан кечиктирмасдан солиқ органига ариза беради. Бугунги кунда белгиланган меъёрий миқдор 1 млрд сўмдан ортиқни ташкил этади – Солиқ кодексининг 360-моддаси ва 26.12.2018 йилдаги ПҚ–4086-сон қарорнинг 8-банди (Низом лойиҳасининг 5-банди). Айрим солиқ тўловчилар – акциз тўланадиган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар ва ер қаъридан фойдаланувчилар, янгитдан ташкил этиладиган хўжалик юритувчи субъектлар ва ҳ.к. учун муддат 5 кунгача қисқартирилади (Низом лойиҳасининг 6-банди).

Солиқ органлари аризани олган кундан бошлаб 10 иш куни давомида ҚҚС тўловчисини рўйхатдан ўтказишлари шарт.

Бунда солиқ органлари худди шу даврда (10 кун) ариза берувчини қуйидагилар юзасидан ўрганишлари шарт:

  • солиқ тўловчи қайд этилган манзилда ҳақиқатда туриши;
  • узоқ муддатли ва жорий активлари мавжудлиги;
  • кўчмас мулк объектлари ижарага берилганда – ижара шартномаси мавжудлиги;
  • солиқ қарзи мавжудлиги;
  • солиқ ҳисоботини тақдим этиши ва б. (Низом лойиҳасининг 8-банди).

Ўрганиш предметидан келиб чиқиб, солиқ органлари саволларнинг бир қисмини солиқ органидаги хўжалик юритувчи субъект ҳисоботида мавжуд маълумотлар асосида ўрганишлари мумкин. Қолган қисмини эса жойига чиқиб, яъни хўжалик юритувчи субъектнинг ҳузурига бориб ўрганишга ёки ўрганилаётган масала бўйича тегишли ахборот беришни талаб қилишга мажбур бўладилар.

Хўжалик юритувчи субъект ариза тақдим этмаганда ёки муддатига риоя этмаган ҳолда тақдим этганда солиқ органлари хўжалик юритувчи субъектни ҚҚС тўловчиси сифатида мустақил равишда рўйхатдан ўтказадилар (Низом лойиҳасининг 9-банди). Яъни хўжалик юритувчи субъект ариза тақдим этиши ёки тақдим этмаслиги мумкин бўлади – иккинчи ҳолатда хўжалик юритувчи субъект учун енгиллик берилади.  

Қуйидаги ҳолларда солиқ органлари хўжалик юритувчи субъектни рўйхатдан ўтказишни рад этишлари мумкин:

  • хўжалик юритувчи субъект қайд этилган манзилда бўлмаганда;
  • ҚҚС тўлаш тартибига ихтиёрий равишда ўтиши ёхуд ЯСТ тўлашдан бош тортиши тўғрисида билдиришнома тақдим этмаганда ёки ўз вақтида тақдим этмаганда (Низом лойиҳасининг 12-банди).

Ҳужжат лойиҳаси ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

Жорилла Абдуллаев.

 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь