2020 йил учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича аванс тўловлари тўғрисидаги маълумотнома қандай тўлдирилади

preview

Аванс тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш ва тўловни тўлаш муддатлари

Солиқ даври – календарь йил мобайнида солиқ тўловчилар юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича аванс тўловларини тўлайдилар. Мазкур норма Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассасалар орқали амалга оширмайдиган норезидент юридик шахсларга татбиқ этилмайди.

Диққат
Солиқ даврида солиқ бўйича аванс тўловлари суммаси ҳисоб-китоб бўйича тўланиши лозим бўлган солиқ суммасига нисбатан 10%дан ортиқ камайтирилган тақдирда, солиқ органи аванс тўловларини солиқнинг ҳақиқий суммасидан келиб чиқиб, пеня ҳисоблаган ҳолда қайтадан ҳисоблаб чиқади.

Солиқ тўловчилар жорий солиқ даври учун солиқ суммаси тўғрисидаги маълумотномани солиқ органларига қуйидаги муддатларда тақдим этадилар :

  • янги ташкил қилинганлар - давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай;
  • солиқ бўйича мажбуриятлари солиқ даври мобайнида юзага келган солиқ тўловчилар - солиқ мажбурияти юзага келган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай;
  • қолган барча солиқ тўловчилар - жорий солиқ даврининг 10 январигача. Яъни, 2020 йил 9 январь – 2020 йил учун маълумотнома тақдим этишнинг сўнгги куни.
Диққат
Солиқ даври мобайнида мўлжалланаётган солиқ базаси ўзгарган тақдирда, солиқ тўловчи солиқ суммаси тўғрисида аниқлаштирилган маълумотнома тақдим этишга ҳақли. Бунда солиқ даврининг қолган қисми учун аванс тўловларига солиқнинг ўзгариш суммасига тенг улушларда тузатиш киритилади.

Аванс тўловлари қуйидагича тўланади:

  • айланмадан солиқ тўловчилар томонидан - йиллик солиқ суммасининг 1/4 қисми миқдорида йилнинг ҳар чораги учинчи ойининг 10-кунидан кечиктирмай;
  • айланмадан солиқ тўловчилар ҳисобланмайдиган солиқ тўловчилар томонидан - йиллик солиқ суммасининг 1/12 қисми миқдорида ҳар ойнинг 10-кунидан кечиктирмай.

Аванс тўловлари тўғрисидаги маълумотнома қайси шаклда топширилади?

2020 йил учун 2020 йил учун мўлжалланаётган мол-мулк солиғи суммаси тўғрисидаги маълумотнома 2019 йилда амал қилган шакл бўйича тақдим этилади.  

Солиқ ҳисоботини қабул қилиш тизимида 2020 йил учун маълумотномаларнинг қуйидаги иккита тавсия этилаётган шакли жойлаштирилган:

1)  айланмадан солиқ тўловчилар;

2) айланмадан солиқ тўловчилар ҳисобланмайдиган солиқ тўловчилар учун.

Шаклларда қуйидагича изоҳ берилган: «кўчмас мулк жойлашган жой бўйича давлат солиқ хизмати органларига Маълумотнома тақдим этишда Маълумотнома фақат кўчмас мулк объектлари қисмида тўлдирилади. Бунда солиқ ҳисобида турган жой бўйича Маълумотнома тақдим этилганда ушбу кўчмас мулк ҳисобга олинмайди». Яъни, сизда солиқ ҳисобида турган жой бўйича жойлашмаган кўчмас мулк объектлари бўлса, улар жойлашган жойдаги солиқ органига тақдим этиладиган Маълумотномада ушбу объектларни акс эттиринг.

Маълумотномани тўлдириш учун маълумотлар қандай тайёрланади?

Аванс тўловлари мўлжалланаётган солиқ базасидан ва тегишли солиқ ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

Маълумотномани тўлдириш учун қуйидаги кўрсаткичлар ҳисобланиши лозим:

1. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган бинолар ва иншоотларнинг мўлжалланаётган солиқ солинадиган ўртача йиллик қолдиқ қиймати

Диққат

Экспертларнинг фикрича, қурилиш ташкилотлари, буюртмачилар ёки иморатларни қурувчилар балансида кейинчалик сотиш учун кўрсатилган нотурар жой бинолари ва иншоотларига солиқ солиниши ёки солинмаслиги масаласи низоли ҳисобланади.

Бир томондан, улар кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказадиган органларда рўйхатдан ўтказилиши лозим. Бошқа томондан, улар бўйича ўртача йиллик қолдиқ қийматни аниқлаб бўлмайди, сабаби улар асосий воситалар ҳисобланмайди. Қолдиқ қиймат – бу фақат асосий воситаларга нисбатан қўлланиладиган бухгалтерия ҳисоби атамаси.

Мол-мулк ҳисоб-китобига қуйидагиларни киритманг:

  • солиқ солиш объекти сифатида қаралмайдиган;
  • у бўйича Солиқ кодекси  ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра имтиёзлар мавжуд бўлса. 

1-ҚАДАМ.

Бинолар ва иншоотларнинг қолдиқ қийматини қуйидаги формула бўйича аниқланг:

Қолдиқ қиймат = Дастлабки  (тикланиш) қиймат - Ҳисоб сиёсатида белгиланган усуллар бўйича ҳисобланган амортизация

Қолдиқ қиймат 2020 йилнинг ҳар бир ойи охирги санасидаги ҳолатга кўра, яъни 31 январь, 29 февраль, 31 март ва шу тариқа 31 декабрдаги ҳолатга кўра аниқланиши лозим.

Қолдиқ қийматни аниқлаш учун сизга қуйидагилар керак бўлади:

  • 2020 йил 1 январдаги ҳолатга кўра 0120-счётда ҳисобга олинган бино ва иншоотларнинг дастлабки (тикланиш) қиймати, бунда мажбурий тартибдаги қайта баҳолаш ҳисобга олинади . Асосий воситаларни қайта баҳолаш қандай ўтказилишини бу ерда қаранг;
  • ҳар бир ой охирига жамланган амортизация суммаси. Бунинг учун 2020 йил 1 январдаги ҳолатга кўра 0220-счётда ҳисобга олинган бино ва иншоотлар бўйича жамланган эскиришни қайта баҳоланг, унга 2020 йилнинг тегишли ойлари учун ҳисобланган эскиришни қўшинг.

Масалан, 2020 йил февраль охирига эскиришни аниқлаш учун 2020 йил 1 январдаги ҳолатга кўра қайта баҳоланган эскиришга 2020 йил январь ва февраль учун эскиришни қўшиш керак.

2020 йилнинг ойлари учун амортизацияни асосий воситаларнинг қайта баҳоланган дастлабки (тикланиш) қийматидан келиб чиққан ҳолда, яъни асосий воситаларнинг ҳар йилги мажбурий қайта баҳоланиши ўтказилгандан кейин ҳисоблаш лозим.

2-ҚАДАМ.

Ўртача йиллик қолдиқ қийматни қуйидаги формула бўйича аниқланг:

Ўртача йиллик қолдиқ қиймат = 1/12 х (31 январдаги ҳолатга кўра қолдиқ қиймат + 29 февралдаги ҳолатга кўра қолдиқ қиймат + … + 2020 йил 31 декабрдаги ҳолатга кўра қолдиқ қиймат)

Диққат
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексидаги янгилик: тўлиқ амортизацияланадиган кўчмас мулк бўйича 3 йилда камида бир марта аниқланадиган қайта баҳолаш (бозор) қиймати солиқ солинадиган база ҳисобланади. Балансингизда тўлиқ амортизацияланадиган кўчмас мулк мавжуд бўлса, ҳар бир объектнинг бозор қиймати қисқа муддатларда аниқланиши лозим.

Қайта баҳоланган (бозор) қиймат қандай аниқланишини бу ерда қаранг.

2. Тугалланмаган қурилишнинг мўлжалланаётган ўртача йиллик қиймати

Қурилиши тугалланмаган объектларга қуйида белгиланган муддатларда қурилиши  якунланмаган объектлар киради:

•  лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган норматив муддатда;

• норматив муддат белгиланмаган бўлса – объект қурилишига ваколатли бўлган органнинг рухсатномаси олинган ойдан эътиборан 24 ой ичида.

1-ҚАДАМ.

Сиз учун ҳар йилги қайта баҳолаш мажбурий бўлса, 2020 йил 1 январдаги ҳолатга кўра 0800-счётда ҳисобга олинган қурилиши тугалланмаган объектни мажбурий қайта баҳолашдан ўтказинг.

2-ҚАДАМ.

Объектлар тугалланмаган қурилиш таркибида бўлган муддатларни аниқланг. Ушбу маълумотни лойиҳа-смета ҳужжатларидан, шунингдек ташкилотингиздаги қурилиш учун масъул бўлган мутахассислардан олишингиз мумкин.

Қурилиши тугалланмаган объект 2020 йил мобайнида асосий воситалар таркибига ўтказилса, аванс тўловлари тегишли даврлар бўйича ҳисобланиши мумкин. Яъни қайсидир ойларда ушбу объект қурилиши тугалланмаган объект, кейинчалик эса – асосий восита – бинолар ёки иншоотлар сифатида ҳисобга олинади.

3-ҚАДАМ.

Ўртача йиллик қийматни қуйидаги формула бўйича аниқланг:

Ўртача йиллик қиймат = 1/12 х (31 январдаги ҳолатга кўра қиймат + 29 февралдаги ҳолатга кўра қиймат + … + 2020 йил 31 декабрдаги ҳолатга кўра қиймат)

3. Темир йўллар, магистраль қувурлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, шунингдек мазкур объектларнинг ажралмас технологик қисми бўлган иншоотларнинг мўлжалланаётган ўртача йиллик қолдиқ қиймати.

Ушбу кўрсаткич бино ва иншоотларга ўхшаш тартибда аниқланади, бироқ бунда тегишли АВ объектлари бўйича дастлабки (тикланиш) қиймати ва амортизация кўрсаткичларидан фойдаланилади.

Шунингдек 2020 йил 1 январдаги ҳолатга кўра асосий воситаларни мажбурий тартибда йиллик қайта баҳолашни инобатга олинг.

Диққат
Ўзбекистон норезидентларининг кўчмас мулк объектларига нисбатан солиқ базаси ушбу мол-мулкларнинг ўртача йиллик қиймати ҳисобланади.

4. Қурилиш ташкилотлари ёки иморатларни қурувчилар балансида кейинчалик сотиш учун кўрсатилган турар жой кўчмас мулк объектларининг мўлжалланаётган ўртача йиллик қиймати, кўчмас мулк объекти фойдаланишга топширилгандан кейин 6 ой ўтгач.

Бунда Солиқ кодексида  «турар жой кўчмас мулк объекти қиймати» дейилганда тайёр маҳсулотлар ёки товарларни ҳисобга олувчи счётларда ҳисобга олинган қиймати ёки жорий (бозор) қиймат тушунилади.

Ноаниқлик туфайли кейинчалик солиқ тўловчилар ва солиқ органлари ўртасида низолар келиб чиқиши мумкин.

Бундан ташқари, бухгалтернинг иши давомида турар жой кўчмас мулки сотилган муддати аниқ бўлмаса, унинг ўртача йиллик қийматини аниқлаш бўйича мураккабликлар юзага келиши мумкин.

Бухгалтер объектларнинг ўртача йиллик қийматини аниқлаш учун қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

  • ҳар бир ой охирига реализация қилинмаган объектлар қийматини прогнозлаш;
  • ҳар бир ой охирига реализация қилинмаган объектлар қийматини қўшиш;
  • ҳосил бўлган сумманинг 1/12 қисмини аниқлаш.

Аванс тўловлари тўғрисидаги маълумотнома қандай тўлдирилади?

Солиқ ҳисоботини қабул қилиш тизимида жойлаштирилган тавсия этилаётган шакл бўйича 2020 йил учун аванс тўловлари тўғрисидаги маълумотнома шаклининг тўлдирилишини кўриб чиқамиз.

Мисол
Мол-мулк солиғи бўйича аванс тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тўлдириш
Оборотдан солиқ тўловчи бўлмаган қурилиш ташкилоти балансида солиқ ҳисобига қўйилган жой бўйича жойлашган қуйидаги объектлар мавжуд:
1) маъмурий бино;
2) реализация қилинмаган, фойдаланишга топширилганидан кейин 6 ой ўтган кўчмас мулк турар жой объектлари;
3) белгиланган муддатда қурилиши тугалланмаган кўчмас мулк объекти.
Мазкур ҳолат учун тўлдирилган солиқ ҳисоботини бу ерга қаранг.

 

Олег ЦОЙ,
«
Norma» МЧЖ эксперти.