ДСҚ солиқ мониторингида иштирок этувчи юридик шахслар учун регламент ишлаб чиқди

preview

ҚҲТБТда «Солиқ мониторингида иштирок этувчи юридик шахс ва солиқ органи ўртасидаги ахборотга доир ҳамкорлик регламентини тасдиқлаш ҳақида»ги қарор лойиҳаси жойлаштирилган. Юридик шахс билиши керак бўлган асосий жиҳатлар – buxgalter.uz шарҳида:


Солиқ тўловчи ва солиқ органи ўртасида ахборотга доир ҳамкорликнинг аниқ тартиби йўқлиги амалда муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Лойиҳа юридик шахс томонидан қуйидагиларни тақдим этишнинг техник регламентини белгилайди:

  • мониторинг ўтказиш учун асос бўлган электрон ҳужжатлар;
  • ўз ахборот тизимларига масофадан кириш ҳуқуқи – солиқ органи учун.

Солиқ тўловчи ахборотга доир ҳамкорлик усулини ўзи танлай олади:

  • у бухгалтерия ва солиқ ҳисобини юритадиган тизимнинг дастурий қобиғига масофадан кириш ҳуқуқини тақдим этиб;
  • маълумотларнинг таҳлил витринасини (солиқ тўловчининг бухгалтерия ва солиқ ҳисоби маълумотларини ўз ичига олган махсус сақлаш жойи) нашр этиш учун пароль ва логинни тақдим этиб;
  • солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали зарур маълумотларни юбориб.

Бунда солиқ мониторингидан ўтаётган юридик шахс маълумотлар ўз вақтида ва тўғри тақдим этилиши учун жавобгардир. Солиқ органи эса солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш учун маслаҳат ва амалий ёрдам беради.

Эслатиб ўтамиз: Солиқ мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ:

1. Солиқ тўловчи ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 июлидан кечиктирмай Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисида ариза тақдим этади:

• қоғоз шаклида – ҳисобда турган жойдаги солиқ органига;

• электрон шаклда – солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали.

2. Солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисидаги аризага СКнинг 171-моддасида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинади:

  • юридик шахсда бевосита ва (ёки) билвосита иштирок этадиган, башарти бундай иштирок улуши 25%дан ортиқни ташкил этса, юридик ва жисмоний шахслар тўғрисида ахборот;
  • ахборотга доир ҳамкорлик регламенти;
  • солиқ солиш мақсадлари учун амалдаги ҳисоб сиёсати;
  • ички назорат тизими (мавжуд бўлганда) ҳақида ахборот.
Эътибор беринг!

Ҳисоб сиёсатини қандай тузиш ва тасдиқлаш ҳақида бу ерда ва бу ерда ўқинг.

3. Солиқ органи аризани 3 кун ичида кўриб чиқади.

Эътибор беринг!

«Норма» юристларининг солиқ мониторингини ўтказиш пайтида талаб қилиб олиниши мумкин бўлган ҳужжатларни тузишга оид тавсиялари билан ҳам танишинг.

Солиқ солиш мақсадида:

1. Ҳужжатларни тақдим этиш муддатини узайтириш тўғрисида илтимоснома намунаси – бу ерда.

2. Меҳнат ҳақи камайгани тўғрисида тушунтиришлар билан ДСИга хат намунаси – бу ерда.

3. ДСИ учун меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича тушунтириш хатининг намунаси – бу ерда.

Лойиҳа ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки рад этилиши мумкин. Ҳавола орқали кириб, муҳокамада қатнашиш мумкин.

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади.