ДСБ нотўғри тўланган ЖШДС ва ижтимоий солиқ учун санкциялар билан таҳдид қилди. Нима қилиш зарур?

preview

ДСБ огоҳлантирувчи хат йўллади, унда ходимлар сонини яшириш ва ҳақиқий иш ҳақи солиқ ҳисоботида акс эттирилмаганлиги СКнинг 223-моддасига ва МЖТКнинг 1754–1755-моддаларига мувофиқ жарималар солишга сабаб бўлиши ҳақида эслатиб ўтди. Бундай хатга қандай муносабат билдириш зарур? Buxgalter.uz мутахассислар шарҳларини олди. Эътиборга олинг:


Агар ходимлар узрли сабабларга кўра қисқарган бўлса, санкциялар бўлмайди

Тошкент шаҳар ДСБнинг бош солиқ инспектори Наргиза ИСМОИЛОВА:

- Бу хат умумий огоҳлантириш тусига эга, шу боис унга солиқ органларига жавоб бериш зарур эмас. У меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни, ЖШДС ва ижтимоий солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашдаги талай қоидабузарликлар туфайли йўлланган.

Солиқ органлари бундай қоидабузарликларни мавжуд маълумотлар ва топширилган ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобларини таҳлил қилиш асосида аниқлайди. Агар бундай ҳолатлар аниқ солиқ тўловчида аниқланадиган бўлса, сабаблар ва аниқ талаблар кўрсатилган ҳолда - шахсий мурожаат бўлади. Бу ҳолда - айниқса агар тадбиркорлик субъекти солиқ органларининг хулосаларига рози бўлмаса - юзага келган вазият сабабини батафсил тушунтирган ҳолда жавоб бериш зарур.

Масалан, корхонада ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш муносабати билан штат жадвали ўзгарди ва ходимлар қисқартирилди. Ёки, вариант сифатида, ходим ишдан бўшатилганлиги ёки бошқа қонуний асосларга биноан штат бирликлари бўш иш ўринларига айланди.

Узрли сабаблар мавжуд бўлганда, қонунчиликнинг бузилиши ҳолатлари мавжуд бўлмаганда ёки агар солиқ тўловчи мустақил равишда хатоларни аниқланган ва бартараф этган бўлса, санкциялар қўлланилмайди.

Текширинг: хатолар йўқми

 Солиқ маслаҳатчиси, «Tax Consensus» СМТ директори Ирода АББОСХОНОВА:

- Ўйлайманки, кўпчилик кеча бундай хатни олишган. Унга қандай муносабат билдириш зарур?

Текширинг, январь ва кейинги ойлар учун ҳисоботда хатолар йўқми. Агар хатолар бўлса - аниқлаштирилган ҳисобот тақдим этинг. Агар улар мавжуд бўлмаса - хатга жавоб бериш шарт эмас.

Эътибор беринг!

Солиқ инспекциясининг қўшимча ЖШДС ҳисоблаш тўғрисидаги хатига қандай жавоб бериш ҳақида “Норма” юристларидан батафсил йўриқномаларда ўқинг.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади