ДСҚ эътибори талаб этиладиган онлайн-НКМ (виртуал касса) бўйича 7 та муаммо

preview

Онлайн-НКМ ва виртуал кассаларнинг фаол қўлланилиши натижасида муаммоли масалалар юзага келмоқда. Уларни бартараф этиш учун қонун ҳужжатлари ва онлайн-НКМ ахборот тизими пухта ишлаб чиқилиши лозим. Акс ҳолда ушбу замонавий техниканинг кейинчалик қўлланилишида мураккабликлар бўлиши мумкин.

Долзарб масалаларни тўплашда ва улар бўйича таклифларни ишлаб чиқишда buxgalter.uz га «Марон» МЧЖ ТХКМ мутахассиси Рустам ЯКУБОВ кўмаклашди. ДСҚ ҳам ўз позициясини тушунтириб беради ва зарурат туғилганда чора-тадбирлар кўради.

 
1. Олис аҳоли пунктлари рўйхати ва ўтиш графиги

ПФ-5813-сон Фармоннинг 4-бандига мувофиқ Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ДСҚ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2020 йил 1 январдан бошлаб ҳар йили олис, етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари рўйхатини тасдиқлайди ва ушбу ҳудудларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига мазкур Фармон билан тасдиқланган график татбиқ этилмайди. Ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган очиқ манбада бундай ҳужжатни топишнинг имкони бўлмади.

 
Таклиф:

Ваколатли вазирликлар ва идоралар ушбу рўйхатни расмий сайтларида эълон қилишлари ва бу ҳақда хабар беришлари лозим. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб онлай-НКМ тизимининг узлуксиз ишлашига имконият яратиб бера оладиган Интернетдан фойдаланилиши таъминланадиган бўлса, ушбу норма солиқ тўловчиларни чалғитмаслиги учун ПФ-5813-сон Фармондан чиқариб ташланиши лозим.


2. Бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганда чек бериш-берилмаслиги масаласи

Бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан ёки бўнак тўловларини киритиш орқали сотувларни амалга оширишда онлайн-НКМ ёки виртуал касса чекини бериш лозимми? ДСҚ мутахассислари тушунтиришларидан келиб чиқадиган бўлсак - ҳа, харидордан ҳар бир тўловни қабул қилишда онлайн-НКМ чекини бериш лозим. Бу мантиқан тўғри бўлади. Бироқ, бунда мутахассислар чекда муайян бир товар учун тўловнинг бир қисми қабул қилинган деган тегишли қайдлар берилишини тавсия этадилар. Буни техник жиҳатдан қандай амалга ошириш мумкинлиги ҳақида гап кетса, ТХКМ мутахассисларига мурожаат қилиш кераклигини айтишади. Аммо бугунги кунда қонун ҳужжатларида ҳамда фискал маълумотлар операторининг расмий тавсияларида бу борада аниқ бир регламент берилмаган. Демак, ТХКМнинг ҳар бир мутахассиси ўз тажрибаси ва тасаввуридан келиб чиққан ҳолда ушбу масалани ҳал этиши лозимми?

ДСҚда талаб этилганидек, чекда товар номининг ёнида бўнак тўлови ёки бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича тўловлар ҳақида қайдлар қўйилиши учун сменани якунлаш ва товар номини муайян харидор бўйича ўзгартириш лозим («Мороз» совутгичи, бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича бадал киритилди»). Ёки аввалбошдан рўйхатга шундай позициялар киритилиши керак. Ушбу жараён мураккаб бўлиши билан бирга бироз мужмал ҳамдир.

Шунингдек яна бир тушунарсиз ҳолат мавжуд: мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарлар учун кейинги тўловларни қабул қилишда чек қандай уриб берилади?

2021 йилнинг ёз ойларида маиший техникани маркировкалаш бошланади. Харидор қутидан рақамли маркировка туширилган жойини кесиб олиши ва ҳар сафар келганида уни ўзи билан олиб келиши лозимми?

 
Таклиф:

Бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан ёки бўнак тўловларини киритиш орқали сотилган товарлар учун тўловни қабул қилиш сотувчи ва харидор ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларнинг махсус усули ҳисобланади. Моҳиятан, ушбу масала ДСҚ ахборот тизими янада ҳуқуқий тартибга солиниши ва такомиллаштирилишини талаб этади.

Бунда хорижий давлатларнинг тажрибаси ҳисобга олиниши лозим. Хорижда НКМ ва виртуал кассалар бундай тўловларни қабул қилиш учун махсус режимга эгадир. Биздаги тизим ҳозирча фақат нақд ва терминал бўйича тўловларни фарқлайди. Бунинг ўзи етарли бўлмаяпти.


3. Квитанция асосидаги савдолар ва мажбурий рақамли маркировкалаш

Онлайн-НКМ ёки виртуал касса носозлиги юзага келган ҳолатларда қурилма созлангандан сўнг унга махсус квитанция дафтари асосида (онлайн-НКТсиз) амалга оширилган савдолар тўғрисидаги маълумотлар киритилиши лозим. Ушбу норма бажарилиши бўйича рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарлар сотувчиларида муаммолар юзага келади. (Низом 33-б., 23.11.2019 й. 943-сон ВМҚга 1-илова).

Касса иши тиклангунга қадар харидор кетиб қолган бўлади ва бунда товар қутисидаги маркировкани қандай сканерлаб олиш мумкин? Харидор сотувчи ўз мажбуриятларини бажариб олиши учун товар қутисини (ўрамини) яна олиб келиши эҳтимолдан йироқдир.

Бундан ташқари, рўйхатга онлайн-НКТ чекининг мажбурий реквизитлари:  маҳсулотлар ва хизматлар индентификацион кодлари (МХИК) ва штрих-код киритилиши муносабати билан квитанциялар шаклига ўзгартиришлар киритилди. Демак, сотувчи квитанцияни ёзиб бериши учун барча МХИКларни билиши лозим. Ассортиментда минглаб номланишлар бўлиб, касса техникасини дастурлаш билан алоҳида мутахассис – товаршунос шуғулланадиган бўлса-чи? Бу вазифани бажариш имконсиздек туюлади.

 
Таклиф:

Ушбу масала бўйича ДСҚнинг батафсил йўриқномалари бўлиши ҳамда қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилиши керак. Акс ҳолда маълумотлар бўйича зиддиятлар юзага келиши мумкин.

Бугунги кунда нима қилиш кераклиги тушунарсиз бўлмоқда. Назорат қилувчи органларнинг товар қаёққа кетди каби қўшимча саволларидан савдони тўхтатиш орқалигина қутилиш мумкин. Бироқ ўйлашимизча, бу ечим бўла олмайди.

Онлайн-НКМ носоз бўлган ҳолатларда квитанциялар бўйича сотилган, рақамли маркировкаланган товарлар бўйича сотувчи томонидан қўшимча ҳисобот топширилиши лозим бўлган қоидаларни белгилаш мантиқан тўғри бўлади.

 
4. Навбатдаги Z-ҳисобот очилганидан кейин қайтарилиши лозим бўлган сумма йиғилмаган бўлса, товар қайтарилиши қандай расмийлаштирилади 

Фискал модуллар ва USB-токенлар фақат жорий смена (Z-ҳисобот) бошлангандан буён кассада қайтариш учун етарли сумма йиғилган ҳолатдагина товар қайтарилишига оид операцияни амалга ошириш имкониятини яратиб беради. Ушбу вазият кўпроқ қиммат турадиган товарларни сотувчилар учун мос келади, уларда 1-2 кун ичида сотувларнинг бўлмаслиги нормал амалиёт ҳисобланади (мебель дўконлари ва бошқалар). Мазкур ҳолатда сотувчи қандай йўл тутиши лозим?

 
Таклиф:

Муаммонинг техник ечими фискал маълумотлар оператори ва ДСҚ томонидан топилиши лозим. Бунда ечим харидор ва сотувчининг ҳолатини оғирлаштирмаслиги, унга юк бўлмаслиги керак. Харидорнинг талаби биринчи марта мурожаат қилганда қаноатлантирилиши, бунда «бироз кутиб туринг», «кейинроқ келинг» деган баҳоналар бўлмаслиги лозим.


5. Фаолият тўхтатиб турилиши

Онлайн-НКТ билан ишлайдиган тадбиркорлик субъекти фаолияти тўхтатилган ҳолларда ТХКМга ариза йўллаши лозим. ТХКМ ходими эса онлайн-НКМни рўйхатдан ўтказиш маълумотларига ўзгартиришлар киритиши керак (Низом 25-б.). Бироқ , ушбу норма учун механизм белгиланмаган.

Бунинг оқибатида тадбиркор ТХКМга фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги ариза билан келганда ТХКМ томонидан қандай ишлар амалга оширилиши лозимлиги тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Онлайн-НКТ ахборот тизимида фискал маълумотлар операторини фаолият тўхтатилиши ҳақида хабардор қиладиган махсус опция мавжуд эмас. Бинобарин, бундай мурожаатнинг оқибати қуйидаги икки вариантда бўлиши мумкин:

1) тадбиркордан фаолияти тўхтатилаётганлиги тўғрисида келиб тушган маълумот ТХКМда қолиб кетмоқда, сабаби уни солиқ органларига қандай шаклда ва кимга юборилиши аниқ эмас. Натижада бир ойдан кейин солиқ органларида тадбиркорга нисбатан нега чек уриб берилмаяпти деган саволлар пайдо бўлиши, бунда муайян оқибатлар юзага келиши ҳамда ушбу ҳолатларни аниқлаштириш юзасидан бюджет маблағлари сарфланиши мумкин;

2) ТХКМ аризани маълумот учун қабул қилишда тадбиркорга фаолиятини тўхтатиб турган даврида онлайн-НКТни рўйхатдан чиқаришни таклиф этиши мумкин. Бироқ мазкур ҳолатда тадбиркор фаолиятини тиклашда фискал модуль ва уни ишга тушириш учун 1 БҲМ миқдорида тўлов тўлашига тўғри келади.

 
Таклиф:

Онлайн-НКМ ва виртуал касса ишини тартибга соладиган НҲҲларда фаолият тўхтатилиши режими қайд этилиши лозим. Қуйидагилар юзасидан: бундай режим қанча муддат давом этиши, уни қандай узайтириш мумкинлиги, бу даврда тадбиркор, ТХКМ ва солиқ органлари томонидан қандай ишлар амалга оширилиши лозимлиги ҳақида тушунтиришлар берилиши керак.

Бу солиқ органлари тадбиркор фаолияти ҳолати ҳақида оператив маълумот олишига, тадбиркорга эса фаолиятини тиклашда қўшимча харажатларни четлаб ўтишига имкон яратувчи режим бўлиши лозим.

 
6. Солиқ ҳисоботида тушумнинг такрор кўрсатилиши

Онлайн-НКМ (виртуал касса) маълумотлари солиқлар бўйича ҳисоб-китобларда икки йўл билан: онлайн-НКМ (виртуал касса)дан автоматик тарзда ва ЭҲФ тизими орқали акс эттирилади. Натижада айрим ҳолатларда (хусусан – КПК орқали сотилганда) айнан бир сумма Ҳисоб-китобларда икки марта акс эттирилади. Ҳар доим ҳам Ҳисоб-китобда реал сотувлар ҳажми акс эттириладиган ва бунда харидорнинг манфаатлари (унинг ҚҚСни ҳисобга олишга бўлган ҳуқуқи)  чекламаган ҳолда тузатишлар киритишнинг имкони бўлмайди.

 
Таклиф:

Онлайн-НКТ маълумотлари автоматик тарзда акс эттириладиган тизим солиқ тўловчиларни ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш бўйича ортиқча ишлардан халос этади. Тизим пухта ишлаб чиқилиши ва маълумотлар автоматик тарзда акс эттириладиган ҳолатда қолдириш мақсадга мувофиқ бўлади. Бунда онлайн-НКМ (виртуал касса) маълумотларига ҳисобварақ-фактура орқали аралашиш имконияти чиқариб ташланади.

Онлайн- НКТ маълумотлари бўйича мавжуд муаммолар онлайн- НКТ тизимининг функционали орқали ҳал этилиши лозим. Бундай ёндашув тартиб ўрнатилишига имкон беради ва онлайн- НКТ орқали мажбурий тартибда ўтказилиши лозим бўлган сотувлар ҳақидаги маълумотларга нотўғри тузатишлар киритилишига йўл қўймайди.

 
7. Хўжалик субъекти тугатилиши ва онлайн-НКМ ҳисоби

Тадбиркорлик субъекти тугатилган, онлайн-НКТдан фойдаланишдан воз кечилган ҳолларда касса онлайн техникасини рўйхатдан чиқариши лозим (Низом 26-б.). Бироқ якка тартибдаги тадбиркорлар учун тадбиркорлик фаолиятини тугатиш жараёни анча қисқартирилганлиги сабабли улар кўпинча бундай қилишмайди. Натижада, ТХКМ фискал модулларни фискал маълумотлар операторига қоида бўйича қайтара олмайди. Солиқ органлари ҳамда фискал маълумотлар операторида ТХКМга қаратилган – нега муайян НКТ орқали чеклар уриб берилмаяпти деган саволлар пайдо бўлади. 


Таклиф:

Қонун ҳужжатлари қуйидаги нормалар билан тўлдирилиши лозим:

1) НКМ рўйхатдан чиқарилмагунига қадар тадбиркорлик субъектига «фаолияти тўхтатилган» мақоми берилмайди;

2) тадбиркорлик субъекти ҳисобида ўтган ой ичида бир дона ҳам чек чиқарилмаган онлайн-НКМ ёки виртуал касса бўлса, унинг номига янги онлайн-НКТ рўйхатдан ўтказилмайди. Ёки бундай ҳолатларда солиқ органларининг махсус рухсатномаси олинганидан кейин янги НКМ (виртуал касса) рўйхатдан ўтказилишига рухсат этилади. Бундай рухсатномани бериш регламентига тадбиркорлик субъекти ҳисобида турадиган онлайн-НКТ рўйхатдан ўтказилган ТХКМ билан келишувларни амалга ошириш тартиб-таомиллари ҳам киритилиши лозим.


Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.