1 июль – бухгалтер НҲҲдаги қандай 12 та ўзгаришни ёддан чиқармаслиги лозим

preview

Янги ой бошланиши билан қонунчиликдаги навбатдаги ўзгартиришлар кучга кирди. Buxgalter.uz солиқ солиш, иш юритуви ва ҳужжатлар айланиши, шунингдек ижтимоий соҳалардаги ўзгаришлар шарҳини тақдим этади.


2021 йил 1 июлдан бошлаб:

1. ДСҚ томонидан солиқ тўловчиларни СТИР бўйича ҳисобга олиш тўхтатилди, шахсни идентификациялашнинг ягона индикатори ЖШШИР ҳисобланади . СТИРдан фойдаланган ҳолда расмийлаштирилган ЭРИ калитидан қандай фойдаланиш ҳақида бу ерда ўқинг.

2. НТТ учун имтиёзлар кучга кирди . Улар жумласига тижорат банкларининг мақсадли кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар тақдим қилиш киритилган. НТТ ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни реализация қилишда таълим муассасалари учун назарда тутилган ҚҚС бўйича имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин. Имтиёзларнинг амал қилиш шартларини бу ерда қаранг.

3. Ихтисослаштирилган кичик саноат зоналари таркибига кирадиган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларига бир қатор имтиёзлар берилади . Шарҳни бу ерда қаранг.

4. ҚҚС тўловчиси бўлган хўжаликларга қуйидаги миқдорларда республика бюджетидан субсидиялар ажратилади:

  • чорвачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шоҳли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2 000 сўм ҳамда сутининг ҳар бир литри учун 200 сўм;
  • паррандачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 800 сўм;
  • балиқчилик хўжаликларига – интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқлари (лосос, форель ва осётр)нинг ҳар бир килограмми учун 3 000 сўм, қолган турдаги балиқлар учун 1 000 сўм.

Субсидиялар ҚҚСдан қарздорлиги мавжуд бўлмаган, шунингдек контрагентларни танлашда лозим даражада эҳтиёткор бўлган корхоналарга уларнинг субсидиялар олиш тўғрисидаги аризаларига асосан кейинги ойнинг 25-санасигача ажратилади. Батафсил 3.03.2021 йилдаги ПҚ-5017-сон қарорга шарҳда берилган.

5. 2021 йил 1 июлдан бошлаб 2024 йил 1 июлга қадар асосий фаолият тури паррандачилик бўлган тадбиркорлик субъектлари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича: фойда солиғи; мол-мулк солиғи; ер солиғи; сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50% миқдорида қўлланилади. Тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлар бундан мустасно. 14.06.2021 йилдаги ПҚ-5146-сон қарорга мувофиқ барча имтиёзларни бу ерда қаранг.

6. 20.05.2021 йилдаги 322-сон ВМҚ доирасида маиший техникаларни (ТИФ ТН коди 8414, 8415, 8418, 8422, 8423, 8450, 8508, 8509, 8510, 8516, 8518, 8519, 8521, 8525, 8527, 8528) рақамли маркировкалаш бўйича тажриба лойиҳаси амалга оширилади. Товарларни мажбурий рақамли маркировкалашда ҳисобга олиш қандай ўзгариши ҳақида бу ерда ўқинг. Шунингдек 10.11.2020 йилдаги ПҚ-4887-сон қарорга мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсизлик белгиси ҳамда таркибидаги туз, қанд ва ёғ миқдорини ҳисобга олган ҳолда уларнинг инсон соғлиғи учун хавфсиз ёки зарарли эканлиги тўғрисидаги белгилар билан тамғалаш ихтиёрий равишда амалга оширилади. Бунда таълим, спорт ва тиббиёт муассасаларида хавфсизлик белгиси билан тамғаланмаган озиқ-овқат маҳсулотларини сотишга йўл қўйилмайди.

7. 10.06.2021 йилдаги ПҚ-5144-сон қарорга мувофиқ белгиланган шартларга риоя этиш шарти билан мактабгача таълим ташкилотларига бир қатор преференциялар берилди. Имтиёзларни олиш шартлари ҳақида батафсил – бу ерда.

8. Алкоголли ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан илк марта «Соғлом турмуш тарзи» учун йиғим тўланади . Реализация ҳажмидан келиб чиққан ҳолда тўлов суммаси қандай ҳисобланиши ҳақида бу ерда ўқинг.

9. Шахсий автотранспортдан хизмат мақсадларида фойдаланганлик учун компенсациялар тўлаш тартиби ўз кучини йўқотди . Ушбу ҳужжатга асосан давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг янги типи жорий этилади. Хизмат автотранспортига қўйиладиган янги талаблар ҳақида бу ерда ўқинг.

10. 19.06.2021 йилдаги ПҚ-5152-сон қарорга мувофиқ бошқарувчи компанияларга кўп квартирали уй-жойлар бошқаруви учун очиқ танловда иштирок этиш имконияти берилади. Шу билан бир вақтда УМШ, бошқарувчи компаниялар томонидан ҳар бир кўп квартирали уй-жой учун мажбурий бадалларнинг ёки тўловларнинг алоҳида ҳисоби юритилиши талаби жорий қилинади. Бу ҳақда батафсил – шарҳда.

11. Давлат иштирокидаги корхоналарда кузатув кенгаши, ички аудит хизмати, кузатув кенгаши таркибида аудит қўмитаси ташкил этилади. Акциялари фонд биржасининг биржа котировкаси варағига (листингга) киритилган ва давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларида «мувофиқлик тизими» (комплаенс) хизмати ташкил этилади. Бу ҳақда батафсил – 29.03.2021 йилдаги 166-сон ВМҚга шарҳда.

12. Қуйидаги пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдорлари оширилди: ёшга доир ва ногиронлик бўйича, иш стажи тўлиқ бўлмаганда, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси . Боқувчисини йўқотганлик пенсиясининг оширилишини ҳамда қўшимча тўловларни ҳисобга олган ҳолда ҳисоб-китобларга доир амалий мисолларни бу ерда қаранг.