Жисмоний шахс бўлган норезидентларга тўланган дивидендлар ва фоизлардан олинадиган солиқлар бўйича ҳисоб-китоб қандай тўлдирилади

preview

Июль ойи учун тўлов манбаида солиқ агенти томонидан ушлаб қолинадиган норезидентлар даромадларидан Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳисоб-китобини 10307_4 код билан янги шакл бўйича топшириш лозим бўлади. У аллақачон my.soliq.uz сайтида жойлаштирилган. Бунда электрон ҳисобот тизимида жисмоний шахс бўлган норезидентлар учун ҳисоб-китобнинг алоҳида шакли назарда тутилмаган.

Бундай вазиятда қандай йўл тутишни, buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш департаменти бош солиқ инспектори Хурсандбек БЕКМЕТОВ тушунтирди:


- Жорий йилнинг июль ойи учун солиқ агентлари томонидан юридик шахс ва жисмоний шахс бўлган норезидентларга тўланган даромадлар, жумладан дивидендлар ва фоизлар, шунингдек улардан ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси солиқ агенти томонидан тўлов манбаида ушлаб қолинадиган Фойда солиғи ҳисоб-китобининг янгиланган шаклида акс эттирилади. Шакл коди  – 10307_4.

Ҳисоб-китобга илова мавжуд - “Солиқ агенти томонидан тўлов манбаида ушлаб қолинадиган норезидентлар даромадларидан олинадиган юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи суммалари тўғрисида ахборот”. Уни дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадлар бўйича тўлдирган ҳолда, “Контракт  (инвойс) тўғрисида маълумотлар” устунида (5, 6, 7-устунлар) таъсисчиларнинг дивидендлар (фоизлар) тўлаш тўғрисида қарори ҳақидаги маълумотларни киритинг.

Агар иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро шартнома асосида имтиёзлар қўлланилса, “Солиқ тўлашдан озод қилиш ёки солиқ ставкасини пасайтиришни қўллаш учун асос” устунида (13-устун) унинг номини кўрсатинг. Бунинг учун тушувчи имтиёзлар маълумотномасидан фойдаланинг.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади