Пул ўтказиш йўли билан харид қилинган дори воситаларининг сарфи “Asl Belgisi” тизимида қандай акс эттирилади

preview

Июнда дори воситалари ва тиббий буюмларни рақамли маркировкалаш бўйича тажриба лойиҳаси бошланди. Агар товар дорихона орқали сотилса, сотувчида онлайн-НКМ сканери ёрдамида маркировкани ўқиш ва товарни айланмадан чиқариш имконияти мавжуд. Агар дори воситаларини, масалан, касалхона, хусусий клиника ўз мижозларининг эҳтиёжлари учун пул ўтказиш йўли билан харид қилса, қандай йўл тутиш лозим? Ҳисобварақ-фактурада рақамли маркировкалаш назарда тутилмаган. Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни “CRPT TURON” МЧЖ менежери Фазлиддин САЙДУЛЛАЕВ тушунтирди:

 

- Дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш 2022 йил 1 февралдан бошланади. 2021 йил 1 июндан бошлаб мазкур товар гуруҳи бўйича тажриба лойиҳаси амалга оширилмоқда . Тажриба вақтида ҳали ўз ечимини топмаган вазиятлар аниқланади. Бу ҳолларда тадбиркорлар эътиборига манзилли етказиладиган тасдиқланган қоидалар пайдо бўлгунча, сиз рақамли маркировкага эга бўлмаган оддий товар билан қандай йўл тутсангиз, шундай ҳаракат қилиш мумкин.

Рақамли маркировкалашнинг моҳияти шундан иборатки, ҳар бир товар бирлигига, бизнинг ҳолда дори воситаси қадоғига ўзининг ноёб рақамли маркировкалаш коди берилади. У товарни идентификациялаш ва унинг ҳаракатини ишлаб чиқарувчидан (импорт қилувчидан) охирги истеъмолчигача кузатиб бориш имконини беради.

Коднинг ўзи товарнинг қадоғига DataMatrix код шаклида туширилади, унинг логистик занжир бўйича ҳаракатининг мониторинги эса иккита инструмент ёрдамида амалга оширилади:

  • электрон ҳисобварақ-фактуралар (ЭҲФ) бўйича, уларда тегишли етказиб бериш доирасида реализация қилинган товарларни рақамли маркировкалаш кодлари кўрсатилади. ЭҲФ роуминг тизими товарни маркировкалаш тўғрисидаги маълумотларни  электрон ҳисобварақ-фактуралар таркибида узатиш имконини беради. Яқин вақтда ушбу функционал тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан дистрибьюторлар манзилига юклаб жўнатиш мисолида синовдан ўтказилади. Кейинчалик ушбу тизимга барча товар гуруҳлари ва барча ЭҲФ операторлари уланади;
  • улар орқали маркировкалаш кодлари, яъни маркировкаланган товарни охирги истеъмолчига реализация қилиш қайд этилади. Бунинг учун электрон фискал ҳужжатда (онлан-НКТ чекида) рақамли маркировкалашнинг реализация қилинган кодларини кўрсатиш учун жой ажратилган.

Тиббиёт муассасалари учун махсус (мобиль) илова ишлаб чиқилмоқда, у муассаса ходимларига дори воситаларидаги маркировкалаш кодларини текшириш ва уларнинг чиқиб кетишини (ҳисобдан чиқарилишини) “Asl Belgisi” тизимида қайд этиш имконини беради. Бу клиника мижозларни даволаш учун пул ўтказиш йўли билан харид қилган дори препаратларини қўллаган ҳолларда қулайдир.

Ҳозирча мобиль илова ишлаб чиқилаётган пайтда, бундай йўл тутишни тавсия қиламан:

- товар-моддий қимматликларни ҳисобдан чиқариш далолатномасини тузинг;

- далолатнома асосида “Asl Belgisi” тизимига дори воситалари ёки тиббий буюмларнинг аниқ қадоқлари муомаладан чиқарилганлиги - даволаш учун, шахсий эҳтиёжлар учун ишлатилганлиги ёки шунчаки ҳисобдан чиқарилганлиги тўғрисидаги ахборотни киритинг. Тизимда албатта маҳсулотнинг ҳисобдан чиқарилган қадоқларининг маркировкалаш кодларини кўрсатинг.

 Олег ГАЕВОЙ тайёрлади