Спирт ва алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва реализаторлари учун нималар ўзгарди

preview

Солиқ кодексига, «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги ва «Давлат божи тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Тафсилотлар - norma.uz портали шарҳида: 

1. «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонунда белгиланишича:

  • алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлмаган, шунингдек пиво ва пиво ичимликларини (бундан табиий вино мустасно) ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаганлик тўғрисида ваколатли органни хабардор қилмаган Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиси томонидан ишлаб чиқарилган бўлса, уларни реализация қилиш тақиқланади.

2. Солиқ кодексига киритилган нормага мувофиқ алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш бошланганлиги ҳақида ваколатли давлат органи хабардор қилинганлиги тўғрисидаги тасдиқномага эга бўлган юридик шахслар қуйидаги йиғимларнинг солиқ тўловчилари деб эътироф этилади:

  • алкоголь маҳсулотларини чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғим;

ёки

  • умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш учун йиғим. 

Йиғим алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш бошланганлиги тўғрисида хабарнома юборилган пайтдан эътиборан тўланади.

Хабарнома жорий ойнинг 20-санасига қадар юборилганда йиғим ушбу ой учун тўлиқ ҳажмда тўланади. Хабарнома жорий ойнинг 20-санасидан кейин юборилганда йиғим кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб тўланади.

Тўловчилар уни ҳар ойда - жорий ойнинг 10-санасига қадар тўлашади.

3. «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга илова 50-банд билан тўлдирилди, унга мувофиқ фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаганлик учун тўланадиган давлат божи миқдори белгиланади:

а) алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдосига доир фаолият бўйича – 200 БҲМ;

б) истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришга доир фаолият бўйича:

  • ректификатланган истеъмол этил спиртини ишлаб чиқариш – 100 БҲМ;
  • техник этил спирти ишлаб чиқариш – 25 БҲМ;
  • истеъмол этил спиртидан ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш – 250 БҲМ;
  • ўткирлиги 7 дан 22%гача бўлган вино ичимликлари ишлаб чиқариш – 250 БҲМ;
  • узум ва мева ароғи, узум ва мева- резаворлар виноси, коньяк, коньяк ичимликлари, бренди, виски, ром, кальвадос ишлаб чиқариш – 100 БҲМ;
  • узум ва мева-резаворлар спирти, вино спирти, узумдан ва мева резаворлардан тайёрланган спирт хом ашёси, узум, вино, коньяк, виски, ром, мева-резаворлар ва кальвадос дистиллятлари, кўпикланадиган ва газланган вино ишлаб чиқариш – 50 БҲМ;
  • узум ва резавор мевадан виноматериаллар ишлаб чиқариш – 25 БҲМ. 

Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришини амалга ошириш ҳуқуқи учун, маҳсулот турига қараб, давлат божи ҳар йил учун 1 марта тўланади.

Шунингдек бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилган.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.10.2021 йилдан кучга кирди.

Norma.uz материаллари асосида