СКга ўзгартиришлар: чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари, тиббиёт буюмлари, қишлоқ жойларда хотин-қизлар МҲФга оид имтиёзлар

preview

26.07.2022 йилдаги ЎРҚ-785-сон Қонуни билан СКга киритилган янгиликлар юзасидан Молия вазирлигининг навбатдаги тушунтиришлари билан танишинг. 

Ушбу материалда - чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари учун, тиббиёт буюмларини олиб кириш бўйича, қишлоқ жойларда хотин-қизлар меҳнатига ҳақ тўлаш фондига ижтимоий солиқ бўйича, мобиль алоқа хизматлари учун акциз солиғи, қишлоқ жойларда антенна-мачта конструкциялари ва ХМИ маблағлари ҳисобидан олинган товарлар (хизматлар) бўйича имтиёзлар:

 

1. Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари учун имтиёзлар муддати узайтирилади

Амалдаги имтиёзлар яна 3 йилга, 2026 йил 1 январга қадар узайтирилади .

Имтиёзлар қуйидаги корхоналарга татбиқ этилади:

  • автоматлаштирилган мажмуалар билан жиҳозланган чорва молларини сўйиш бўйича корхоналар;
  • чарм, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни йиғиш ва тайёрлашдан тушган тушумнинг улуши жами даромаднинг умумий ҳажмида ҳисобот (солиқ) даври натижалари бўйича камида 80%ни ташкил қилган корхоналар
  • қуйидагилардан тушган тушумнинг улуши жами даромаднинг умумий ҳажмида ҳисобот (солиқ) даври натижалари бўйича камида 60%ни ташкил қилган корхоналар:

– чарм, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни қайта ишлаш;

– бутловчи буюмлар, фурнитура, аксессуарлар, пойабзал қолиплари, пойабзал тагликлари, устки қисмлари, желатин, сунъий чарм, пойабзал, чарм-атторлик, мўйначилик, қоракўл маҳсулотлари ва жундан ишланган маҳсулотлар.

Кўрсатилган корхоналар қуйидагиларни тўлашдан озод қилинади:

1) фойда солиғи (ставка - 15%).

Солиқ тўланмайди;

2) айланмадан олинадиган солиқ (ставка - 4%). Солиқ тўланмайди;

3) мол-мулк солиғи (ставка - 1,5%).

Шуни эътиборга олиш жоизки, 2022 йил августдан бошлаб СКнинг 483-моддасига ва Президентнинг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан мол-мулк солиғидан тўлиқ озод қилинган барча хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобланган солиқ суммасининг 1%ини бюджетга тўлайди .

4) Ер солиғи. Чорва молларини сўйиш бўйича автоматлаштирилган мажмуаларга эга корхоналар ва йирик шохли моллар терисини қайта ишлаш ва ундан чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича корхоналар ер солиғидан озод қилинган. Ушбу корхоналар учун имтиёз 3 йилга узайтирилади.

Бунда жорий йилнинг августидан бошлаб кўрсатилган корхоналар ер солиғини ҳисобланган солиқ суммасининг 1% миқдорида тўлайди .

 

2. Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари учун ижтимоий солиқ 1%гача пасайтирилади

Имтиёз 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар амал қилади .

Қуйидаги корхоналар имтиёзни қўллашга ҳақли:

  • болалар, аёллар ва спорт пойабзаллари, сунъий (эко) чарм, фурнитура, пойабзал қолиплари ва тагликлари ишлаб чиқаришдан тушган тушумнинг улуши - жами даромаднинг камида 60%ини ташкил этган;
  • пойабзаллар, чарм-атторлик маҳсулотлари ва мўйнадан тайёрланган буюмлар экспортидан тушган тушум жами даромаднинг камида 80%ни ташкил этган корхоналар.

 

3. Тиббиёт буюмларини олиб кириш ҚҚСдан озод қилинади

Имтиёз 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар амал қилади .

Қуйидагилар Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда ҚҚСдан (15%) озод қилинади:

  • тиббиёт асбоб-ускуналари ва буюмларининг эҳтиёт қисмлари;
  • тиббиёт мақсадлари учун сарфлаш материаллари.

Олиб кириш ҚҚСдан озод қилинадиган тиббиёт буюмларининг рўйхати ўрнатилган тартибда шакллантирилади.

 

4. Қишлоқ жойларда хотин-қизлар меҳнатига ҳақ тўлаш фондига ижтимоий солиқ 1%гача пасайтирилади

Имтиёз 2022 йил 1 сентябрдан 2025 йил 1 январга қадар амал қилади .

Бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб берадиган кичик бизнес корхоналари уни қўллаши мумкин:

  • меҳнат ресурслари зич бўлган қишлоқ жойларининг реестрига киритилган ҳудуларда фаолиятни амалга оширувчи;
  • умумий ходимлари сони камида 10 нафар бўлган
  • уларда ишловчи хотин-қизларнинг МҲФ умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50%ини ташкил этадиган.

Бундай корхоналар уларда ишловчи хотин-қизлар меҳнатига ҳақ тўлаш фондига ижтимоий солиқни 1%лик ставкада тўлайди.

Масалан, ходимлари сони 15 нафар бўлган аҳоли зич жойлашган қишлоқ жойидаги корхона бир ой учун 50 млн сўм миқдорида иш ҳақи ҳисоблади, шу жумладан 30 млн сўм хотин-қизларнинг иш ҳақини ташкил қилади.

Имтиёз жорий этилгунга қадар ижтимоий солиқ суммаси 6 млн сўмни (50 х ставка 12%) ташкил этади. 2022 йил сентябрдан бошлаб худди шундай миқдордаги иш ҳақида корхона хотин-қизларнинг 30 млн сўм иш ҳақидан ижтимоий солиқни 1% ставка бўйича, қолган суммадан - 12% ставка бўйича ҳисоблайди. Ижтимоий солиқ суммаси 2,7 млн сўмни (30 х 1% + 20 х 12%) ташкил этади. Корхона ижтимоий солиқда 3,3 млн сўмни тежайди.

 

5. Мобиль алоқа хизматлари учун акциз солиғи ставкаси 10%гача пасайтирилди

2022 йил 1 январдан бошлаб мобиль алоқа хизматлари учун акциз солиғи ставкаси 10%гача пасайтирилди .

 

6. Қишлоқ жойларда антенна-мачта конструкциялари мол-мулк солиғи ва ер солиғидан озод қилинади

Имтиёз 2022 йил 1 апрелдан амал қилади . У қишлоқ жойларда (бундан шаҳарлар ва туманлар марказлари мустасно) жойлашган антенна-мачта металл конструкциялари, жумладан уларга ўрнатилган ва уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкцияларга татбиқ этилади.

Ер солиғи бўйича имтиёз бундай конструкциялар эгаллаган ер участкаларига татбиқ этилади.

 

7. Ўзбекистоннинг тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ХМИ ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан олинган товарлар (хизматлар) бўйича имтиёзлар бекор қилинади

Божхона божлари , ҚҚС ва акциз солиғини тўлашдан озод қилиш тарзидаги имтиёзлар 2022 йил 1 майдан бошлаб бекор қилинади .

Имтиёзни бекор қилиш тижорат банклари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида янги тузиладиган битимлар асосида олинадиган товарларга (хизматларга) татбиқ этилади.

Имтиёзлар кўрсатилган товарларни олиб кириш ва реализация қилишда амал қилган.

Молия вазирлиги

Ахборот хизмати