Нефть маҳсулотлари, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бўйича акциз солиғи 10%га индексация қилинди

preview

Солиқ идораси 1 февралдан кучга кирган акциз солиғи бўйича ўзгартиришлар тўғрисида эслатиб ўтди:

 

Солиқ регулятори Молия вазирлигининг юридик ва жисмоний шахсларга солиқ солиш ҳамда божхона имтиёзларини қўллаш тартибига киритилаётган ўзгартиришлар тўғрисидаги Ахборот хабарига (2022 йил 30 декабрдаги 06/04-32/4304-сон) ҳавола берган ҳолда, акциз солиғи бўйича қуйидагиларни эслатиб ўтди:

1. Солиқ тўловчиларнинг тоифаси, шунингдек солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва солиқни тўлаш муддатлари сақлаб қолинмоқда.

2. 2023 йилнинг 1 февралидан бошлаб нефть маҳсулотлари ҳамда ишлаб чиқариладиган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бўйича акциз солиғи ставкалари 10%га индексация қилинмоқда.

3. 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб алкоголь маҳсулотларини (кучсиз алкоголли ичимликлар бундан мустасно) ишлаб чиқаришда акциз солиғи акциз тўланадиган маҳсулот таркибидаги этил спиртининг улушидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Бунда ишлаб чиқариладиган алкоголь маҳсулотининг ўлчов бирлиги “литр” деб белгиланди (илгари “дал” эди).

2022 йилда ароқ, коньяк ва бошқа алкоголь маҳсулотларига акциз солиғи ставкаси 1 дал учун 138 000 сўм (ёки 1 литр учун 13 800 сўм) миқдорида белгиланган эди.

2023 йилда ушбу маҳсулотларга акциз солиғи ставкаси акциз тўланадиган товар таркибидаги сув қўшилмаган этил спиртининг 1 литри учун 34 500 сўм миқдорида белгиланмоқда.

Ҳисоб-китобга мисол: 

Агар ароқ таркибидаги этил спирти улуши 40%ни ташкил этса, 1 литр учун акциз солиғи суммаси 2023 йилнинг 1 февралига қадар 13 800 сўмни (34 500 сўм х 40%) ташкил этган, 2023 йилнинг 1 февралидан бошлаб эса индексацияни ҳисобга олган ҳолда - 15 200 сўмни (38 000 сўм х 40%) ташкил этади.

 

Сизга бизнинг тавсияларимиз асқотиши мумкин: