Пригодятся в январе материалы экспертов:
Камерал назорат формуласи тафсилотларни ҳисобга олмаса, судда ўзингизни қандай ҳимоя қилишингиз керак
Камерал назорат формуласининг номукаммаллиги туфайли солиқ тўловчига бир неча миллиард сўм қўшимча солиқ ҳисобланди.
Судда қўшимча солиқ ҳисобланишини бекор қилишга қандай далиллар ёрдам берганини buxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА айтиб берди:
Мутахассиснинг керакли тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
– Сотилган товарларнинг таннархи бухгалтерия ҳисоби талабларига мувофиқ шакллантирилади
.
Корхона ТМЗ таннархини қўшимча харажатларни ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаб чиқди - импорт қилинган товарларни ташиш, транспорт-экспедиторлик компанияларига тўлов, сертификатлаш, божхона тўловларини тўлаш (ҚҚС бундан мустасно). Аммо автокамерал назорат формуласи бу тафсилотларни ҳисобга олмайди. Солиқ тўловчи бу ҳақда камерал текширув талабларига берган ўз асосларида бир неча бор ёзган, аммо на формулада, на талабларда ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Бир хил хабарномалар кетма-кет келишда давом этди.
Солиқ идоралари бир неча йил давомида солиқ тўловчининг далилларини эътиборга олишди, охирги сафар эса – бундай бўлмади ва икки йил учун бир неча миллиард сўм фойда солиғини қўшимча ҳисоблади.
Бу вазиятдаги энг бемаъни нарса шундаки, солиқ тўловчи билан бевосита ишлайдиган солиқ инспекторлари у ҳақ эканлигини жуда яхши тушунадилар, аммо елкаларини қисадилар. Гўёки, формула – бу формула. Солиқ тўловчи солиқ идораларининг хулосаларига мутлақо рози бўлмагани учун у маъмурий судга мурожаат қилди.
Одатда, бундай воқеалар солиқ идораси томонидан процессуал нормаларнинг кўплаб бузилишлари билан бирга кечади. Уларни ҳам суд олдида қайд этиш муҳим. Энг кенг тарқалган бузилишлар:
- текширув бошланишидан камида 10 кун олдин тадбиркорлик субъектини текширув ўтказилиши тўғрисида хабардор қилиш талабига риоя қилмаслик
; - солиқ қонунбузарлигидан далолат берувчи фактлар аниқланганда, ДСХО мансабдор шахси ва қонунбузарлик содир этган солиқ тўловчи имзолайдиган далолатнома тузишни буюрувчи СКнинг 165-моддаси нормасини бажармаслик. Кўпинча солиқ идоралари солиқ тўловчининг имзосини олишни "унутадилар";
- белгиланган шаклда далолатнома тузиш талабларининг бузилиши, хусусан - ҳужжатлар билан тасдиқланган фактлар келтирилмайди, балки шунчаки "автокамерал" формуласи мезонлари санаб ўтилади;
- 07.01.2021 йил ВҚҚ-1-сон қарори билан белгиланган текширувлар ўтказишнинг бошқа қоидаларига риоя қилинмайди.
Солиқ тўловчиларга ўз даъво талабларида масаланинг ҳуқуқий ва иқтисодий моҳиятига урғу беришни тавсия қиламан. Масалан, ушбу ҳолатда биз масаланинг моҳиятини нотўғри талқин қилишга олиб келган камерал назорат формуласининг номукаммаллигига урғу бердик. Ахир бу солиқ тўловчи ҳақ бўлган, у қонун ҳарфига амал қилган, аммо нотўғри формула уни қоидабузарга айлантирган вазият.
Суд жараёнидан мен учун айниқса икки ҳолат эсда қолди.
Судья молиявий ҳисоботдаги (Баланс ва 2-шакл) маълумотлар билан товарлар таннархи бўйича акс эттирилган харажат қисмидаги фойда солиғи бўйича ҳисоб-китоб ўртасига тенглик белгисини қўйиш мумкинми, деб савол берди. Солиқ идоралари "ҳа" деб ижобий жавоб беришди. Мен эса солиқ ва бухгалтерия ҳисоби қоидалари фарқ қиладиган масалалар борлигини ва бу ҳолларда тенглик белгисини қўйиш нотўғри эканлигини тушунтирдим.
Хусусан, молиявий ҳисобот молия вазирининг "Молиявий ҳисобот шаклларини ва уларни тўлдириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида"ги 1209-сонли буйруғига мувофиқ тузилади ва бухгалтерия ҳисоби (БҲМС ёки МҲХС қоидалари) асосида тўлдирилади. Солиқ ҳисоботи эса ДСҚнинг "Солиқ ҳисоботи шаклларини тасдиқлаш тўғрисида"ги 3221-сонли қарорига мувофиқ тузилади ва Солиқ кодекси асосида тўлдирилади.
Мен судьянинг эътиборини "солиқ ҳисоби" тушунчаси бизда 2020 йил 1 январдан пайдо бўлганлигига ва у ҳар доим ҳам бухгалтерия ҳисобига мос келмаслиги мумкинлигига қаратдим. Ва кўриб чиқилаётган вазият айнан шуни намойиш этаётганини айтдим.
Судья солиқ идораларидан улар қонунбузарлик тўғрисида хулоса чиқарган ва қўшимча ҳисоб-китоблар қилган тасдиқланган методологияни сўради. Солиқ идораларининг кўрсатадиган ҳеч нарсаси йўқ эди, чунки номукаммал формуладан ташқари уларда ҳеч нарса йўқ. Ўйлайманки, агар пухта ўйланган методология бўлганида, бу формула бўлмасди ёки у бошқа кўринишда бўларди. Методологияни ишлаб чиқишда формуланинг барча заиф томонлари аниқланган ва уни амалга киритишдан олдин бартараф этилган бўларди.
Кейин солиқ тўловчи судга бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ харажатни тан олиш СКга мувофиқ харажатни аниқлаш ва тан олиш тартибидан фарқ қилишини асослаб берди. Шу билан бирга, у молиявий ва солиқ ҳисоботида қилган барча ҳисоб-китоблар тўғри амалга оширилганини аниқ НҲҲларга ҳавола қилган ҳолда кўрсатди, шунингдек, барча маълумотларни бирламчи ҳужжатлар билан тасдиқлади.
Эслатиб ўтаман: солиқ солиш мақсадида харажатлар сифатида бухгалтерия ҳисобида активлар ва (ёки) мажбуриятлар қийматининг бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш муносабати билан ўзгариши туфайли акс эттирилган харажатлар, амалда тўланган харажатлар бундан мустасно, кўриб чиқилмайди. Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ узоқ муддатли активларнинг бошланғич қийматига ва захираларнинг таннархига киритиладиган харажатлар, агар Солиқ кодексида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, бундай захираларнинг таннархи орқали амортизация ажратмалари воситасида харажатларга киритилиши лозим. Ва айнан шу нарса солиқларни қўшимча ҳисоблашни бекор қилиш тўғрисидаги суд қарорига асос бўлди.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади