Жисмоний шахслардан харид қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилишдан олинган даромадга қандай солиқ солинади

preview

2024 йил 1 декабрдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари томонидан нақд пул ҳисоб-китоби орқали сотиб олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим ҳужжатларисиз расмийлаштириш мумкин бўлади деб кутилмоқда .

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА бу узоқ кутилган қарор қабул қилиниши билан умумий овқатланиш корхоналари ва бошқа юридик шахслар томонидан деҳқон хўжаликлари ва жисмоний шахслардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олишда юзага келадиган солиқ муаммосини ҳам бартараф этиш лозим деб ҳисоблайди:

Экспертнинг муҳим тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Солиқ кодексининг 378-моддаси қуйидаги маҳсулотларни сотишдан олинган даромадларни солиқдан озод қилади – уй хўжалигида, шу жумладан деҳқон хўжалигида етиштирилган ҳайвонларни (қорамолларни, паррандаларни, мўйнали ва бошқа ҳайвонларни, балиқлар ва ҳоказоларни) тирик ҳолда ҳамда уларни сўйиб маҳсулотларини хом ёки қайта ишланган ҳолда сотишдан (бундан саноатда қайта ишлаш мустасно) чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини табиий ва қайта ишланган ҳолда сотишдан олинадиган даромадлар, бундан манзарали боғдорчилик (гулчилик) маҳсулотлари мустасно.

Бу моддадаги имтиёздан фақат маҳсулотни ўзи етиштирганларгина фойдаланиши мумкин, Солиқ кодекси қайта сотувчиларнинг бу имтиёздан фойдаланиш имкониятини истисно қилади. Аммо амалда кўпинча солиқ солиш мақсадида сотувчининг мақомини аниқлашда - у ишлаб чиқарувчими ёки қайта сотувчими, деган муаммолар юзага келади.

2018 йилгача солиқдан озод этишни қўллаш учун тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, боғдорчилик, узумчилик ёки полизчилик ширкати бошқаруви томонидан берилган белгиланган шаклдаги ҳужжатни тақдим этиш керак эди. Бу ҳужжат, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, реализация қилинган маҳсулотни солиқ тўловчининг ўзи ёки унинг оила аъзоларига ажратилган ер участкасида ишлаб чиқарганлигини тасдиқлаши керак эди.

Амалда эса кўпинча маълумотномалар расмий бўлиб, солиқ имтиёзи учун сотиб олинарди. Шунинг учун бу норма бекор қилинди. Бироқ солиқ органлари солиқ агентлари - бундай маҳсулотни харид қилувчиларни текшираётганда ҳамон маҳсулотнинг жисмоний шахс томонидан етиштирилганлигини исботлашни талаб қилишади. Буни исботлаш эса анча муаммоли.

Умумий овқатланиш корхоналари ва бошқа юридик шахслар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини одатда бозордан сотиб олишади. У ерда эса, маълумки, ёзма олди-сотди шартномалари тузилмайди. Сотувчидан солиқ ҳисоботини топшириш учун зарур бўлган паспорт ва ЖШШИРни тақдим этишга эришиш ҳам деярли имконсиз. Сотувчи бундай маълумотларни тақдим этишга уринишдан кўра, бундай харидордан воз кечади.

Бозордан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олаётган корхоналар бундай харидни маҳсулот тадбиркорлик субъекти - харидорнинг ҳисоб рақамидаги маблағлар ҳисобидан сотиб олинганлигини тасдиқловчи далолатнома билан расмийлаштирадилар.

Текширувчилар кўпинча тақдим этилган далиллар етарли эмас деган хулосага келишади:

  • маҳсулотнинг уй хўжалигида етиштирилганлиги ва уни етиштирган шахс томонидан сотилганлигининг инкор этиб бўлмайдиган далиллари йўқ;
  • сотиб олиш суммалари ушбу маҳсулотни ишлаб чиқарган шахснинг ЖШДС бўйича ҳисоботда акс эттирилмаган.

Ва Солиқ кодексининг 378-моддаси 8-бандига асосланиб, солиқ органлари ЖШДСни қўшимча ҳисоблайдилар.

Бу масалалар бўйича суд муҳокамалари ҳам бўлган. Аммо судлар, одатда, бу вазиятда солиқ органлари фойдасига қарор қабул қилишади.

Лекин агар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш деҳқон бозорларида амалга оширилса, солиқ агентлари - харидорларга қандай саволлар бўлиши мумкин?

Қонунчиликка мурожаат қиламиз ва деҳқон бозорларида ким савдо қилиш ҳуқуқига эга эканлигини кўриб чиқамиз. 2012 йил 28 августдаги 253-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра булар:

  • жисмоний шахслар - деҳқон ва фермер хўжаликлари вакиллари, боғбонлар ва полизчилар, юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркорлар - жиҳозланган савдо жойларидан, бир марталик йиғим тўлаш шарти билан;
  • юридик шахслар - қишлоқ хўжалиги корхоналари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва савдо корхоналари - ижара шартномаси асосида доимий савдо нуқталари орқали, фискал хотирали назорат-касса машиналари ва банк пластик карточкалари орқали тўловларни қабул қилиш учун тўлов терминалларини мажбурий қўллаш, нақд пул тушумини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда топшириш шарти билан.

Бу нормадан келиб чиқиб, деҳқон бозорларида фақат жисмоний шахслар - деҳқон ва фермер хўжаликлари вакиллари савдо қилишади. Юридик нуқтаи назардан улар орасида қайта сотувчилар йўқ, уларнинг барчаси ўз маҳсулотларини мустақил равишда етиштирган.

Бундан келиб чиқадики, агар маҳсулот деҳқон бозоридан сотиб олинган бўлса, уни ким сотаётгани ҳақида саволлар бўлмаслиги керак. Булар - Солиқ кодексининг 378-моддаси 8-банди бўйича имтиёзга ҳуқуқи бўлган барча шахслардир.

Шу билан бирга, биз ҳаммамиз яхши биламизки, деҳқон бозорлари сотувчилари орасида амалда юридик нуқтаи назардан имтиёзга ҳуқуқи бўлмаган қайта сотувчилар ҳам кўп.

Ва агар амалда деҳқон бозори сотувчиларидан қайси бири ишлаб чиқарувчи, қайси бири қайта сотувчи эканлигини аниқлаш ва ҳужжат билан тасдиқлаш жуда қийин ёки умуман имконсиз бўлса, балки бу нормани қайта кўриб чиқиш ва Солиқ кодексининг 378-моддасидаги имтиёзни деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан савдо қилувчи барчага татбиқ этиш керакдир?

 

Хулоса қиламиз:

Қонунчилик билан деҳқон бозорларида жисмоний шахслар - деҳқон ва фермер хўжаликлари вакиллари, боғбонлар ва полизчилар, юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишнинг қатъий назорат қилинадиган тартиби ўрнатилган - бир марталик йиғим мажбурий тўланиши шарти билан. Бунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олишда улар 2007 йил таҳриридаги Солиқ кодексининг 179-моддаси 12-бандида кўзда тутилган маълумотномаларни топширишлари кераклиги назарда тутилмаган.

Солиқ солишда муаммолар юзага келмаслиги учун Солиқ кодексининг 377-моддаси 2-банди ва 378-моддаси 8-бандини 369-модданинг 17-банди 3-қисмига - "Жами даромадга киритилмайдиган даромадлар"га ўтказиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ /ru/publish/doc/text203046_jismoniy_shahslardan_harid_qilingan_qishloq_hujaligi_mahsulotlarini_realizaciya_qilishdan_olingan_daromadga_qanday_soliq_solinadi