Ўзини ўзи банд қилган шахс учун айланмадан солиқ тўлашни бошлаш бўйича қўлланма

preview

«Мен ўзини ўзи банд қилган шахсман. Октябрь ойи якунига кўра менинг даромадим 100 миллион сўмдан ошади. Солиқ ҳисоботини қандай топширишим ва солиқни қандай тўлашим керак?»

Солиқ қўмитасининг Айланмадан солиқни бошқариш бошқармаси бошлиғи Нуриддин ОТАМУРОДОВдан buxgalter.uz батафсил кўрсатмалар олди:

Экспертларнинг муҳим тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Эътибор беринг

Солиқ органлари доимо солиқларни тўғри ҳисоблаш ва тўлашни назорат қилиш учун зарур бўлган даромадларингиз ҳақидаги маълумотларга эга. Бу маълумотлар ҳисоб-фактуралар ва онлайн-НКТ чеклари маълумотлари асосида келиб тушади.

Шунинг учун эҳтиёт бўлинг ва айланмадан солиқ тўлашни бошлашингиз керак бўлган пайтни (даромад 100 миллион сўмдан ошган пайтни) ўтказиб юборманг. Акс ҳолда ҳисобланган солиқдан ташқари пеня ҳам тўлашга тўғри келади.

 

– Бу 15 ноябргача октябрь ойи учун ҳисобот билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қилишингиз ва солиқни тўлашингиз кераклигини англатади. Солиқ кодексининг 467-моддасида белгиланган ставкалар бўйича, сиз ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганингизда кўрсатилган фаолият турларидан келиб чиққан ҳолда солиқ тўловлари ҳисобланади.

Октябрь ойи учун сиз 100 миллион сўмдан ошган суммадан солиқ тўлайсиз.

Масалан, агар октябрь ойи якунига кўра умумий даромад 115 миллион сўмни ташкил этса, сиз 15 миллион сўм (115 миллион - 100 миллион) суммадан айланмадан солиқ тўлайсиз.

Ҳисоботни автоматик тузиш дастури солиқ солинмайдиган 100 миллион сўмни ҳисобга олмаслиги жуда муҳим. Бунинг учун олдиндан Солиқ қўмитасига солиқ бўйича автоматлаштирилган ҳисоботга ўзгартиришлар киритиш бўйича мурожаат юборинг. Бу жараённи илк бор солиқ ҳисоботини топширишдан бир кун олдин ўтказишни тавсия этамиз.

 

Автоматлаштирилган ҳисоботга ўзгартиришлар киритиш ҳақида мурожаат юбориш учун:

1. My3.soliq.uz сайтида ўзини ўзи банд қилган шахснинг шахсий кабинетига киринг (ўзини ўзи банд қилган шахс номига «Yangi texnologiyalar» ИАМ томонидан берилган жисмоний шахснинг ЭРИси керак бўлади).

2. Интерактив хизматлар рўйхатининг «электрон ҳужжат айланиши» бўлимида «Ўзини ўзи банд қилган шахснинг айланмадан солиқ бўйича солиқ ҳисоботига автоматик ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги мурожаати»ни танланг.

3. Очилган шаклни тўлдиринг:

  • тегишли сатрларда солиқ ва ҳисобот даврларини кўрсатинг. Ўзини ўзи банд қилган шахс учун солиқ даври - бу йил. Ҳисобот даври эса - бу ой.
  • «Сатр номи» устунида «Қатъий миқдордаги даромад солиғи тўловчиси томонидан давр мобайнида олинган даромад суммаси»ни танланг. Сатр коди ва солиқ суммаси автоматик равишда шаклланади. Ушбу сатрнинг пастга очиладиган маслаҳатига эътибор беринг. Унда сиз ушбу функционал орқали маълумотларни тақдим этишингиз керак бўлган барча ҳолатлар санаб ўтилган. Бу ҳисоботни тўғри шакллантириш учун муҳим;
  • «Солиқ тури» сатрида «Айланмадан олинадиган солиқ»ни танланг;
  • тасдиқловчи ҳужжат сифатида ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани бириктиринг.

4. «Юбориш»ни босинг.

Агар қонунчиликка мувофиқ сизга имтиёз берилган бўлса, ҳисобот топширишдан 1 кун олдин бу ҳақда «Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг солиқ имтиёзларидан фойдаланиш тўғрисидаги мурожаати» интерактив хизмати ёрдамида хабар беринг. У ҳам ўзини ўзи банд қилган шахслар учун интерактив хизматлар рўйхатида жойлашган.

Энди биринчи солиқ ҳисоботингизни топширишингиз ва солиқ тўлашингиз мумкин. Келгусида йил охиригача ҳар ойда - ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-санасигача ҳисобот топширишингиз керак бўлади.

Аввал ҳисоботни топшириш, кейин солиқ тўлашни тавсия қиламиз. Шунда сиз тўланиши керак бўлган аниқ суммани билиб оласиз. Келгусида бу сизга бир неча сўм етишмаслиги туфайли қийинчиликлардан қочишга ёрдам беради. Ҳатто энг арзимас тўланмаган сумма мавжуд бўлганда ҳам ахборот тизимлари сизни қарздор сифатида кўриб чиқади ва тўланмаган суммага пеня ҳисобланади.

 

Ҳисобот топшириш учун:

  1. My.soliq.uz сайтида якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун шахсий кабинетга киринг (ўзини ўзи банд қилган шахс номига «Yangi texnologiyalar» ИАМ томонидан берилган жисмоний шахснинг ЭРИси керак бўлади).
  2. «Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг ҳисоботини юбориш»ни танланг.
  3. «Электрон шакллар» иловасини очинг.
  4. «Айланмадан солиқ»ни танланг.
  5. Очилган шаклда «Солиқ тури» (100 - Айланмадан олинадиган солиқ), «Ҳисоблаш тури» (Ҳисоблаш, агар аниқликлар билан қайта топширсангиз - Қайта ҳисоблаш) сатрларини тўлдиринг. Тегишли устунларда йил ва ҳисобот даврини кўрсатасиз. Шундан сўнг ҳисобот ҳисоб-фактуралар, сизнинг онлайн-НКТ чеклари маълумотлари ва сиз «Айланмадан олинадиган солиқ бўйича автоматлаштирилган ҳисоботга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги мурожаат» орқали юборган маълумотлар асосида автоматик равишда шаклланади.
  6. «Юбориш»ни босинг.

Ҳисобланган айланмадан олинадигнан солиқни тўлаш учун my3.soliq.uz сайтидаги «Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг солиқларини тўлаш» функционали ва SoliqUZ мобил иловасидан фойдаланишни тавсия қиламиз. Бу сизга муҳим нарсаларни ўтказиб юбормасликка ва ҳисобларни кўрсатишда юзага келиши мумкин бўлган оддий хатолардан ҳимоя қилишга имкон беради. my3.soliq.uz орқали тўлаш учун сиз олдиндан банк ҳисобрақами очиш ва унда солиқларни тўлаш учун етарли сумма мавжудлигини таъминлашингиз керак бўлади.

 

My3.soliq.uz орқали солиқ тўлаш учун:

  1. My3.soliq.uz сайтида ўзини ўзи банд қилган шахснинг шахсий кабинетига киринг (ўзини ўзи банд қилган шахс номига «Yangi texnologiyalar»ИАМ томонидан берилган жисмоний шахснинг ЭРИси керак бўлади).
  2. Интерактив хизматлар рўйхатининг «Солиқ мажбуриятлари» бўлимида «Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг солиқларини тўлаш»ни танланг.
  3. «Янги тўлов топшириқномаси»ни танланг.
  4. Очилган шаклни тўлдиринг:
  • «Солиқ тури» сатрида аввал кўк «Солиқ турларини янгилаш» тугмасини босинг, сўнгра пастга очиладиган маслаҳатдан «Айланмадан олинадиган солиқ»ни танланг. Айтганча, пастга очиладиган маслаҳатда сиз ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида тўлашингиз мумкин ёки керак бўлган барча солиқлар рўйхати автоматик равишда чиқади;
  • «Тўлов тури» сатрида ҳисоб-китобларга мувофиқ солиқни танланг;
  • тегишли сатрларда тўлов топшириқномасининг тартиб рақами ва тўлов суммасини кўрсатинг;
  • «Юбориш»ни босинг.

Агар ўзини ўзи банд қилган шахсда, масалан, ҳисоб рақами бўлмаса, у SoliqUZ мобил иловасининг «Ўзини ўзи банд қилган шахс бўлиш» интерактив хизмати ёрдамида банк картасидан солиқларни тўлаши мумкин. Унинг даромадлари суммаси 100 миллион сўмга етгандан сўнг, иловада айланмадан олинадиган солиқни тўлаш учун тугма пайдо бўлади. Тўлов суммаси топширилган солиқ ҳисоботи маълумотларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Фойда солиғи Ўзбекистонда: ҳисоб-китоб, солиқ ставкалари фойда солиғи, юридик шахслар солиғи, ҳисоб-китоб, солиқ ҳисоботи, ставка, имтиёзлар Фойда солиғи: қандай ҳисобланади, кимлар тўлайди, ставкаси қанча ва қандай муддатларда ҳисобот тақдим этилади. Солиқдан озод этиш ҳолатлари, кам учрайдиган хатолар, ҳисоб-китоб усуллари ва амалий мисоллар бўйича барча жавоблар Buxgalter.uz сайтида! /ru/publish/doc/text203409_uzini_uzi_band_qilgan_shahs_uchun_aylanmadan_soliq_tulashni_boshlash_buyicha_qullanma