СК-2025: бозорлар ва савдо мажмуаларида савдо қилувчи ЯТТлар ходимлари учун ижтимоий солиқ камайтирилди

preview

24.12.2024 йилдаги ЎРҚ-1014-сон Қонунга асосан бозорлар ва савдо мажмуаларида савдо қилувчи ЯТТлар ходимлари томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ миқдори камайтирилди.

Янгилик ҳақида buxgalter.uz илтимосига кўра Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ ва божхона сиёсати бошқармаси бошлиғи Умид ҲАМРОЕВ маълумот берди:

Эътибор беринг

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– 2025 йил 1 январдан бошлаб бозорлар ва савдо мажмуаларида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) ходимлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 6 баробарга – йилига 6 БҲМдан (ёки ойига БҲМнинг 50 фоизи) йилига 1 БҲМгача камайтирилди . Энди бу ходимлар бошқа якка тартибдаги тадбиркорларнинг ходимлари каби – ЯТТнинг фаолият жойидан қатъи назар йилига БҲМнинг бир баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўлайдилар.

Бундан ташқари, меҳнат стажини ҳисоблаш учун йилига камида БҲМнинг бир баравари миқдорида (01.10.2024 йилдан – 375 минг сўм) ижтимоий солиқ тўлайдиган шахслар учун уни тўлаш муддати ҳисобот йилининг 31 декабригача узайтирилди . Бозорлар ва савдо мажмуаларида савдо қилувчи ЯТТлар ходимлари ҳам ижтимоий солиқни 31 декабргача тўлайдилар.

Ижтимоий солиқ миқдори тўлов кунида белгиланган БҲМ миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади.

 

Эслатиб ўтамиз, меҳнат стажини ҳисоблаш учун йилига камида БҲМнинг бир баравари миқдорида ижтимоий солиқни қуйидагилар тўлайдилар:

  • ихтиёрий тартибда :

– ўзини ўзи банд қилган шахслар;                    
– шахсий томорқа ер участкаларининг эгалари, шахсий томорқа ер участкаларида банд бўлган ёки чорвачилик (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқаларни боқиш), иссиқхона хўжалиги, паррандачилик (товуқ, бедана, курка, ғоз, ўрдак боқиш), қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик билан шуғулланаётган оила аъзолари (уларга тегишли томорқа ер участкасининг майдонидан ёки боқиладиган уй ҳайвонлари ва паррандалар сонидан қатъи назар);    
– деҳқон хўжалиги аъзолари (раҳбаридан ташқари) ва унда банд бўлган шахслар;
– чет элда меҳнат шартномаси асосида ёлланиб ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари;
– чет давлатларда Ўзбекистон давлат органлари ва бошқа ташкилотлари томонидан ташкил этилган (очилган) савдо уйлари, ваколатхоналар (шу жумладан юридик шахс ташкил этмаган ҳолда), ташкилотларда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари;
– ишламаётган турмуш ўртоғи учун солиқ тўлайдиган ишлаётган фуқаролар;

  • мажбурий тартибда :

– «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоси бўлган ҳунармандчилик фаолияти субъектлари;
– 25 ёшга тўлгунга қадар иш даврида "Уста-шогирд" мактаблари ўқувчилари;
– деҳқон хўжаликлари раҳбарлари;
– ЯТТ билан меҳнат муносабатларида бўлган шахслар.

Эътибор беринг

Барча солиқлар бўйича долзарб тушунтиришларни Buxgalter Proда топасиз.

 

СИНОВ РУХСАТНОМАСИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ>>>

 

 


Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text205311_sk-2025_bozorlar_va_savdo_majmualarida_savdo_qiluvchi_yattlar_hodimlari_uchun_ijtimoiy_soliq_kamaytirildi