Пригодятся в январе материалы экспертов:
Низоларни судгача ҳал қилиш: расмиятчиликми ёки солиқ тўловчи ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳақиқий механизми?
2025 йил 1 август ҳолатига Солиқ қўмитаси солиққа оид низоларни судгача ҳал қилиш доирасида 138 та шикоятни кўриб чиқди. Бир қарашда бу солиқ тўловчиларга солиқ органлари қарорлари юзасидан судга мурожаат қилмасдан низолашиш имконини берувчи механизм мавжудлигидан далолат беради – бу вақт ва бошқа ресурсларни тежайди. Бироқ солиқ маслаҳатчиларининг фикрича, статистикани чуқурроқ таҳлил қилиш ушбу тартиб-таомилнинг ҳақиқий самарадорлиги ва холислиги ҳақида савол туғдиради.
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:
Муҳим ахборотни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм каналимизга обуна бўлинг.
– Статистикани диққат билан кўриб чиқамиз:
- 138 та шикоятдан – 96 таси солиқ аудити натижаларига, 42 таси сайёр солиқ текширувларига тааллуқли бўлган.
- Таҳлил пайтида 119 та шикоят кўриб чиқилган, 19 таси кўриб чиқиш жараёнида.
- Якун: 116 та шикоят (ёки 97,5 фоизи) солиқ органининг ҳақлигини тасдиқлаш билан якунланган; 3 та шикоят (ёки 2,5 фоизи) солиқ тўловчи фойдасига қаноатлантирилган.
Ушбу рақамлар шахсан менда тартиб-таомилнинг холислигига шубҳа уйғотади. 97,5 фоиз ҳолларда солиқ органи ҳақ деб топилса, бу унинг хатодан холи эканлигини эмас, балки судгача кўриб чиқишнинг расмий хусусиятини кўрсатиши мумкин.
Шунда савол туғилади – солиқ тўловчи ҳақиқатан ҳам низони адолатли ҳал қилиш имкониятига эгами? Ёки судгача бўлган тартиб-таомил фақат қабул қилинган қарорларни тасдиқлаш учун восита бўлиб хизмат қиладими?
Эксперт кенгаши иши бошланишидан олдин судгача ҳал қилишнинг шаффофлигини қандай таъминлаш керак
Судгача самарали ҳал қилишнинг муҳим элементи шикоятларни кўриб чиқувчи органнинг мустақиллигидир. Амалдаги қоидаларга кўра, бугун тадбиркорларнинг шикоятлари юқори турувчи, аммо моҳиятан низоли қарор чиқарган органнинг ўзи томонидан кўриб чиқилади. Бу аниқ манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқаради ва тартиб-таомилга бўлган ишончни пасайтиради.
Шикоятларнинг 97,5 фоизини кўриб чиқиш «солиқ органи ҳақ» деган ҳукм билан якунланса, бу олдиндан маълум бўлган натижага эга ўйин деган тасаввур пайдо бўлади. Наҳотки, деярли 100 фоиз ҳолларда солиқ органлари хато қилмаса? Низоли вазиятлар, тушунмовчиликлар ва инсон омили бўлмайдими? Ёки биз шунчаки уларни кўришни хоҳламаймизми?
11.07.2025 йилдаги «Солиққа оид низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-223-сон қарорга асосан бундай низолар бўйича муқобиллик асосида хулоса тарзида фикр билдирадиган Эксперт кенгаши ҳали ишга тушмади. Унинг фаолиятини ташкил этиш учун 2 ой вақт ажратилган ва бу муддат ҳали тугамаган.
Унгача эса судгача ҳал қилиш солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини қайсидир маънода ҳимоя қилиши учун шаффофлик ва таҳлил имкониятини таъминлаш мақсадида шикоятлар бўйича асослантирилган қарорларни эълон қилиш зарур, деб ҳисоблайман.
Судгача ҳал қилиш воситасининг ҳозирги ҳолатида шубҳали самарадорлиги муаммоси ҳақида ҳамкасбим – солиқ маслаҳатчиси Иродахон АББОСХОНОВА ҳам ёзмоқда:
«Солиққа оид низоларни судгача ҳал қилиш бўйича 2024 йилнинг 8 ойи vs 2025 йилни солиштириш:
Шикоятлар сони
- 2024 йил – 146;
- 2025 йил – 138.
Натижа: аҳамиятсиз камайиш.
Низолашилаётган ҳисоблашларнинг умумий суммаси
- 2024 йил – 296,9 млрд сўм;
- 2025 йил – 1 639,9 млрд сўм (!!)
Натижа: деярли 5,5 баравар ўсиш. Шикоятлар камроқ, лекин улар сезиларли даражада қимматроқ бўлди. Бу асосий тенденция.
Натижа солиқ тўловчилар фойдасига
- 2024 йил – 18 та шикоят (29,8 млрд сўм), улардан 14 таси қисман;
- 2025 йил – 3 та шикоят (20,6 млрд сўм).
Натижа: 2025 йилда шикоятларнинг атиги 2,1 фоизи (сумманинг 1,3 фоизи) қаноатлантирилган. Муваффақиятга эришиш имконияти минимал. Солиштириш учун, 2024 йилда ишларнинг ҳеч бўлмаганда тахминан 12 фоизи қисман ёки тўлиқ бизнес фойдасига ҳал этилган.
Солиқ органлари қарорлари сақланди
- 2024 йил – 116 та шикоят (220,1 млрд сўм);
- 2025 йил – 116 та шикоят (1 109,8 млрд сўм).
Натижа: миқдор бир хил, аммо суммалар 5 мартадан кўпроқ ўсган. Бу шуни англатадики, йирик ишлар бўйича солиқ органларининг позицияси деярли ҳар доим тўғри деб эътироф этилади.
Тугалланмаган ишлар
- 2024 йил – 12 та шикоят (47 млрд сўм);
- 2025 йил – 19 та шикоят (509,5 млрд сўм).
Маълумотлардан кўринадики, 2024 йилда солиқ органлари ҳеч бўлмаганда қисман тушуниш билан қарашган, 2025 йилда эса деярли тўхтаган.
Буни турлича тушунтириш мумкин:
- ёки текширувлар ҳақиқатан ҳам сифатлироқ бўлди ва шикоятлар объектив равишда истиқболга эга эмас;
- ёки судгача бўлган тартиб тобора расмиятчиликка айланиб бормоқда, бунда орган ўз қарорларини тасдиқлайди».
Buxgalter.uz тавсия этади
Юлия ТАРШИЛОВА тайёрлади