Юридик шахслар ўзини ўзи банд қилган шахсларга тўловлар бўйича ЖШДС ҳисоботини қандай қайта топширади?

preview

Солиқ органи ўзини ўзи банд қилган шахслар билан ишлайдиган солиқ тўловчиларга ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича ҳисоботларини – ўзини ўзи банд қилган шахсларга тўловлар суммаларини Ҳисоб-китобнинг 012 «Меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлмаган даромадлар» сатрида акс эттириш билан қайта топширишлари лозимлиги тўғрисида хабардор қилди.

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Солиқ органлари ўзини ўзи банд қилган шахсларга (таксичилар, блогерлар, онлайн-маслаҳатчилар ва бошқалар) ҳақ тўлаган солиқ тўловчилар ушбу суммаларни ЖШДС бўйича ҳисоботларда – Ҳисоб-китобнинг 012 сатрида акс эттирмаганини аниқлади.

СКнинг 369-моддасига мувофиқ бундай даромадларга солиқ солинмайди. Лекин солиқ маъмуриятчилиги шундай созланганки, бу суммалар назорат ва имтиёзни қўллаш учун ҳисобга олиниши керак. Солиқ органи бундай тўловлар тўғрисидаги маълумотларни ўзини ўзи банд қилган шахслардан автоматик тарзда олди ва уларни солиқ агентлари ҳисоботлари билан солиштириб, фарқни аниқлади.

Менимча, ЖШДС бўйича ҳисоботларни қайта топшириш, ўзини ўзи банд қилган шахсларга тўловларни кўрсатиш, имтиёзни қўллаш ва ҳисоботларни қайта топширганлик тўғрисида ушбу хатга жавоб бериш керак эди. Солиқ қўмитасида у ҳолда бундай тўловлар тўғрисида ишончли маълумотлар бўлган бўлар эди.

Кейинчалик my.soliq.uz сайтида 42401_1 пакет коди билан Ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан тўланадиган айланмадан олинадиган солиқ (солиқ агенти томонидан) ҳисоботи пайдо бўлди, у бўйича 4% солиқ тўлаш керак, чунки бу суммалар автоматик тарзда ҳисоботда акс эттирилган. Бунда ўзи ўзини банд қилган шахснинг ўзи томонидан олдинги ойлар учун амалга оширилган тўлов ушбу ҳисоботда акс эттирилмайди. Демак, ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахсда муқаррар равишда ортиқча тўлов юзага келади.

Агар ушбу ҳисобот топширилмаса ва солиқ тўланмаса (ҳақиқатда – ортиқча тўланмаса) нима бўлади? Эҳтимол, бу ерда ҳам муаммолар юзага келиши мумкин, чунки солиқ органи уни топшириш зарурлиги тўғрисида хабардор қилди. Солиқ агентида айланмадан олинадиган солиқ бўйича ушбу ҳисоботда қандайдир рақамлар акс эттирилганда уни эътиборсиз қолдира олмайдилар.

 

Юридик шахс нима қилиши керак

Мен солиқ органига хат ёзишни тавсия этаман, унда автоматик тарзда шакллантирилган ҳисоботда ўзини ўз банд қилган шахснинг ўзи томонидан тўланган солиқ суммалари такрорланганини хабар қилиш керак.

Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахсдан у солиқ солинмайдиган 100 млн сўмдан ошганлигини, ошган суммадан айланмадан олинадиган солиқни тўлаганлигини ва ҳисоботларни топширганлигини тасдиқловчи ҳужжатни сўраши керак.

Ўзини ўзи банд қилган шахс нима қилиши керак

Ўзини ўзи банд қилганлар ҳозир умуман оғир аҳволга тушиб қолишган:

1) улар солиқларни ортиқча тўлашга мажбур;

2) улар ҳисоботни юбора олмайдилар, чунки 233 коди билан хато чиқмоқда, ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳатто ўзини ўзи банд қилган шахснинг кейинги ойдаги даромадлари кам эмас, балки кўпроқ бўлса ҳам.

Ҳисоботнинг ўзи автоматик тарзда шакллантирилгани эса саволлар туғдиради.

Бу ҳисобот шакли норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тасдиқланмаганлиги сабабли, солиқ муносабатлари субъектлари учун уни топшириш бўйича янги мажбуриятларни жорий қилиш Солиқ кодексининг 4-моддасига зид келади .

Солиқ тўловчилар ва солиқ агентлари юзага келган вазиятда Солиқ қўмитасидан нимани кутмоқда

Жуда кўп саволлар туғилмоқда, чунки 02.04.2025 йилдаги «Автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолиятини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 200-сон ВМҚда таксичилар ҳақида сўз боради, солиқ органи эса унинг нормаларини барча ўзини ўзи банд қилган шахсларга «мослаштирмоқда». Бу тўғрими?

Солиқ идораси солиқ тўловчиларга бу масалани қандай кўришини ва солиқ тўловчиларида юзага келган муаммолар қандай ҳал қилинишини тўғридан-тўғри ва очиқ айтиши керак.

Шошма-шошарлик билан тузилган ҳисоботлар солиқ тўловчилар ва уларнинг солиқ агентлари айнан нима қилиши ва қандай тартибда ишлаши кераклиги ҳақида тушунча бермайди.

 

Юлия ТАРШИЛОВА тайёрлади


ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ /ru/publish/doc/text210570_yuridik_shahslar_uzini_uzi_band_qilgan_shahslarga_tulovlar_buyicha_jshds_hisobotini_qanday_qayta_topshiradi