ПФ-229-сон ва ПҚ-290-сон ҳужжатлар бўйича тикув-трикотаж корхоналарига имтиёзларни қандай қўллаш керак

preview

Президентнинг 27.12.2024 йилдаги ПФ-229-сон Фармони ва Президентнинг 19.09.2025 йилдаги ПҚ-290-сон қарори билан тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм-атторлик саноати корхоналарига имтиёзлар берилди. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имтиёзларнинг турли амал қилиш муддатлари ва уларни қўллашнинг турли тартибларини белгилайди.

Имтиёзларни қачон ва қандай қўллаш кераклигини buxgalter.uz илтимосига кўра иқтисодий масалалар бўйича мутахассис Умид ҲАМРОЕВ тушунтириб берди:

Керакли тушунтиришни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Президентнинг ПФ-229-сон Фармони билан 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм-атторлик саноати соҳасидаги корхоналар учун қуйидаги ставкалар белгиланди:

– фойда солиғи – 2%;

– ижтимоий солиқ – 1%.

Бунда қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилиши керак:

  • 1 000 тагача иш ўрнига эга корхоналарнинг камида 15% ходимлари, шунингдек 1 000 тадан ортиқ иш ўрнига эга корхоналарнинг камида 10%, бироқ камида 150 нафари Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ёки Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг аъзоларидан иборат бўлиши керак;
  • ўртача ойлик иш ҳақи камида  МҲТЭКМнинг 2 баравари миқдорида ҳисобланиши керак;
  • тўқув, тикув-трикотаж, пойабзал ёки чарм-атторлик маҳсулотларини реализация қилишдан тушган умумий тушум ҳисобот даври учун товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган жами даромаднинг камида 90%ини ташкил этиши керак.

Бу шартларга риоя қилинмаган тақдирда солиқ ҳисоботи солиқ имтиёзидан фойдаланмасдан қайта тақдим этилади, солиқлар пеня ҳисоблаган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади ва бюджетга ундирилади.

Мазкур норма СК 483-моддасига қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасига киритилди. Лойиҳа тасдиқланиш босқичида. Қонун қабул қилингандан сўнг тегишли тармоқлар корхоналари белгиланган шартларга риоя қилган ҳолда ушбу имтиёздан фойдаланиши мумкин бўлади. Бунинг учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоб-китобларини тақдим этиш керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз:

Солиқ имтиёзлари Солиқ кодексига асосан берилади.

Имтиёзлар Президент қарорлари билан фақат белгиланган солиқ ставкасини камайтириш тарзида, бироқ 50 фоиздан ортиқ бўлмаган ва кўпи билан 3 йил муддатга тақдим этилиши мумкин .

Шунингдек, қонунчилик яратиш жараёнида Президент қарорлари аниқлаштирилиши, тўлдирилиши мумкинлигини ҳам ҳисобга олиш керак. Шунинг учун имтиёзларни Солиқ кодексига киритилгандан кейингина қўллаш керак.

 

Президентнинг 19.09.2025 йилдаги ПҚ-290-сон қарорига мувофиқ 2025 йил 1 сентябрдан 3 йилга:

  • пахта-тўқимачилик кластерлари, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1% этиб белгиланади;
  • белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган аралаш мато ва газлама, чарм ва ипак саноати учун хом ашё божхона божидан озод этилади.

Ижтимоий солиқ ставкасини пасайтириш биринчи навбатда пахта-тўқимачилик кластерларига тааллуқлидир.

Президентнинг бу қарори аллақачон СКга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги навбатдаги қонун лойиҳасида ўз аксини топади. ПФ-229-сон қарор билан тикув-трикотаж саноати учун назарда тутилган шартлар сақланиб қоладими деган савол қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида кўриб чиқилади.

Шунинг учун имтиёзларни Солиқ кодексига киритилгандан кейингина қўлланг.

Маълумот учун:

Ижтимоий солиқ бўйича бошқа имтиёзларни қўллаш тартиби ҳақида тавсиядан ўқинг.

 

 

 

ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ /ru/publish/doc/text211018_pf-229-son_va_pq-290-son_hujjatlar_buyicha_tikuv-trikotaj_korhonalariga_imtiezlarni_qanday_qullash_kerak