2022 йил 1 майдан нималар ўзгаради

preview

2022 йил 1 майдан  миллий қонунчиликдаги ўзгартиришларнинг навбатдаги тўплами кучга киради.

 

Божхона қийматини аниқлашнинг янги қоидалари  

Янги Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби тўғрисида низом кучга киради. Ҳужжат ташқи иқтисодий битимлар, жумладан ўзаро боғлиқ шахслар билан битимларга нисбатан божхона қийматини аниқлаш усулларидан фойдаланишда шартлар ва чекловларни аниқлаштиради.

 

Норезидентлар учун ЖШДС ставкалари  

Норезидент жисмоний шахснинг Ўзбекистондаги манбалардан оладиган даромадлари (дивидендлар, фоизлар ва фрахтдан олинадиган даромадлардан ташқари) бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси 12% миқдорида белгиланади.

 

Маҳалла раисларининг лавозим маошлари

Маошлар маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгиланади:

  • 500 тагача бўлганда – МҲЭКМнинг 4 баравари миқдорида;
  • 501 тадан 1 000 тагача бўлганда – МҲЭКМнинг 4,5 баравари миқдорида;
  • 1 000 тадан ортиқ бўлганда – МҲЭКМнинг 5 баравари миқдорида.

 

Меҳнат мигрантлари оилаларини қўллаб-қувватлаш

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг маблағлари ҳисобидан ҳар йили:

а) маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимлари ёрдамчиларининг ёзма тавсияномасига асосан:

  • боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган оилаларга БҲМнинг 2 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. Уни олиш учун  “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлиш керак;
  • меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун БҲМнинг 5 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. Уни олиш учун “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да рўйхатда бўлиш ёки “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дан бирига киритилган бўлиш керак;

б) маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг ёзма тавсияномасига асосан:

  • “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да рўйхатда бўлган ёки “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дан бирига киритилган ҳамда меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг болаларига мавсумий фаолият юритадиган оромгоҳларга бепул йўлланмалар берилади.

 

Автомобиль тарихи” давлат хизмати

У қуйидаги ахборотларни ўз ичига олади:

  • автотранспорт воситаси ҳақида умумий маълумотлар;
  • босиб ўтган масофаси;
  • шартномалар тузилганлиги (ишончнома, ижара, ҳадя шартномаси);
  • йўл-транспорт ҳодисаси содир этилганлиги;
  • содир этилган қоидабузарликлар;
  • гаровнинг ҳолати;
  • тақиқ мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
  • божхона расмийлаштируви ҳақида;
  • лицензия мақоми (йўловчи ташиш бўйича).

 

Ташқи қарзни жалб қилишга қўйиладиган талаблар

Хусусан:

  • ташқи қарзни жалб қилиш ва уни тақдим этишни тартибга солиш мақсадида давлат иштирокидаги корхоналар, молиявий ҳолатига кўра, «паст хатарли», «ўрта хатарли» ва «юқори хатарли» тоифаларга автоматик тарзда таснифланади;
  • жалб этиладиган ташқи қарз миқдори давлат иштирокидаги корхоналарнинг бизнес-режасида акс эттирилади.

Пенсияларни ҳисоблаш ва тўлаш тизими

  • “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларга ва оилаларга кўрсатиладиган моддий ёрдамлар, меҳнат органлари томонидан тўланадиган ишсизлик нафақаси ва стипендиялар ҳамда жазони ўтаб озодликка чиққан фуқароларга тўланадиган моддий ёрдам пуллари ҳар ойнинг 5-санасига қадар - пенсия ва нафақалар билан бир вақтда АТ “Халқ банки”нинг сайёр кассалари томонидан маҳаллаларга етказилади;
  • пенсия ва нафақалар ҳамда моддий ёрдам пулларини фуқароларга нақд пулда етказиб бериш хизматлари учун 1%и миқдорда банкка хизмат ҳақи тўлаб берилади. Ушбу сумма бюджет ва Пенсия жамғармаси томонидан қопланади. Сайёр кассалар пенсия ва нафақа суммаларини уларни олувчиларнинг хоҳишларига кўра нақд пулга алмаштириб беради;
  • барча турдаги давлат пенсияларини, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан тўланадиган нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни ҳамда кам таъминланган оилалар учун болалар нафақаси ва моддий ёрдам пулини банк карталари орқали олувчиларга ҳар ойлик пенсия ва нафақа пулининг 1 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинади.

 

Чет эл инвестициялари

Хорижий фуқароларга Вазирлар Маҳкамаси рўйхати бўйича янги барпо этилаётган қуйидаги кўчмас мулк объектларини (бундан ер участкаси мустасно) сотиб олиш тарзида инвестиция киритиш ҳуқуқи берилади:

  • Тошкент вилояти, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида — қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати $150 мингдан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати $180 мингдан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари;
  • бошқа ҳудудларда — қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати $70 мингдан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати $85 мингдан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари.


Хорижий фуқаролар томонидан кўрсатилган кўчмас мулк объектларининг сотиб олиш Ўзбекистонда доимий рўйхатдан ўтиш ва яшаш гувоҳномасини олиш учун асос бўлмайди.

 

Norma.uz материаллари асосида