• beta

Алкоголь ишлаб чиқарувчилар спиртни қандай олади

12.06.2019

 

Истеъмол этил спиртини алкоголь ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ўртасида тақсимлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди (ВМнинг 8.06.2019 йилдаги 474-сон қарори).

 

Тақсимлаш тасдиқланган ишлаб чиқариш ва сарфлаш параметрлари доирасида ҳар чоракда амалга оширилади. Йиллик истеъмол талаби 500 далдан ошмайдиган ишлаб чиқарувчилар учун спирт йилда 1 марта ажратилади.

 

Алгоритм қуйидагича. Ишлаб чиқарувчи ариза топширади, унда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот номи, ишлаб чиқариш ва спиртга бўлган эҳтиёж ҳажмлари кўрсатилади. Ҳужжат Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясига (бундан кейин – Инспекция) жўнатилади.

 

Тақсимот ҳисобот чораги бошланишидан камида 10 кун олдин, ўз фаолиятини ҳисобот чораги давомида бошлаган ишлаб чиқарувчилар учун эса (тақсимланмаган қолдиқлардан) ариза топширилган кундан бошлаб 5 кун ичида амалга оширилади. Дастлаб аризада кўрсатилган маълумотлар, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш бўйича лицензия талаблари ва ўтган йилнинг мос даврида ҳақиқатда ишлаб чиқарилган ҳажм таҳлил қилиниб, ўрганилади. Шу сабабли ҳақиқатда тақсимланган ҳажм сўралганидан фарқ қилиши мумкин.

 

Инспекция тақсимот ҳақидаги маълумотларни спирт ишлаб чиқарувчи ташкилотларга ҳисобот чораги бошланишидан 5 кун олдин тақдим этади. Шу асосда алкоголь ишлаб чиқарувчилар билан чораклик (йиллик) спирт олди-сотди шартномалари тузилади. 100 фоиз олдиндан тўлов асосида сотилади. 

 

Тақсимланган ҳажмлар тўлиқ, ишлаб чиқаришни оқилона ташкил этиш учун зарур ҳажмда олинганда – чорак охиригача тақсимланган ҳажмлардан ортиқча спирт олиш мумкин. Бунинг учун ортиқча спирт ресурсларига эга бўлган исталган спирт ишлаб чиқарувчи ташкилот билан шартнома тузилиб, Инспекция бу ҳақда 1 иш куни мобайнида хабардор қилинади.  

 

Жорий чоракда олинмаган, тақсимланган ва қўшимча декалитрлар кейинги чоракка ўтказилмайди. Биринчи ҳолатда ишлаб чиқарувчи жорий чоракда юклаб жўнатилмаган ҳажм учун олдиндан тўланган тўловни қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.06.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов.





 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал