Алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси учун лицензия қандай олинади

preview

Янги Алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби, шунингдек, лицензия талаблари ва шартларини бузганлик учун қўлланадиган чоралар ва санкциялар тўғрисидаги низом тасдиқланди (20.05.2020 йилдаги 301-сон ВМҚ).

Мазкур ҳужжатга асосан алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланишга фақат БҲМнинг 1 000 бараваридан кам бўлмаган миқдорда устав фондига эга юридик шахслар ҳақли. Алкоголь маҳсулотларини сақлаш, қабул қилиш ва тарқатиш бўйича нормаларга риоя қилишдан ташқари, улгуржи савдо билан шуғулланувчи:

  • этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмаси ҳажмини ҳисобга олиш автоматлаштирилган ахборот тизими иштирокчиси бўлиши;
  • ДСҚнинг ахборот тизимига интеграциялашган электрон ҳисобварақ-фактурадан фойдаланиши керак.

Ҳужжатларни кўриб чиқиш учун йиғим БҲМнинг 5 бараварини, лицензия тўлови – йилига БҲМнинг 200 бараварини ташкил этади.

Маҳаллий пиво маҳсулотлари, кўпикланадиган ва табиий виноларнинг улгуржи савдоси учун лицензия олиш шарт эмас.

Туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан "Шаробсавдо" улгуржи базаларига илгари берилган лицензиялар 3 ой муддатда қайта расмийлаштирилиши шарт.

Қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.05.2020 йилдан кучга кирди.

Лола АБДУАЗИМОВА