Божхона кодексининг янги таҳрири: барча нормалар битта ҳужжатда

preview

Янги таҳрирдаги Божхона кодекси лойиҳасига божхона маъмуриятчилигини такомиллаштиришга, инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган НҲҲ қоидалари киритилган.

Ҳужжатда Президент фармонлари ва қарорларида белгиланган божхона тартиб-таомилларини соддалаштирадиган нормалар акс эттирилган.

1. Қуйидагиларга рухсат этилади:

  • кўргазма ва ярмаркаларда намойиш этиш учун мўлжалланган қиймати эквивалентдаги 5 000 АҚШ долларигача товарларнинг юк ҳужжатларига мувофиқ олиб чиқишга (29.12.2017 йилдаги ПҚ-3451-сон);
  • шартномалар тузмасдан халқаро тўлов тизими орқали тўланган ҳолда Интернет тармоғи орқали битта инвойс бўйича 5 000 АҚШ долларигача товарлар ва хизматларни экспорт қилишга (30.10.2018 йилдаги ПФ-5564-сон);
  • божхона хизмати органларига Ўзбекистон ҳудудида қайта ишлаш операциялари амалга оширилганда товарларнинг келиб чиқиш мамлакати тўғрисидаги қарорни олдиндан беришга;
  • товарлар чиқарилганидан кейин (27.02.2019 йилдаги Ф-5445), шунингдек божхона чегарасида давлат назоратини амалга оширадиган бошқа давлат органлари билан ҳамкорликда божхона назоратидан ўтказишга (5.02.2019 йилдаги ПҚ-4160-сон).

2. Қуйидагилар жорий этилади:

  • божхона органлари томонидан товарлар талабларга жавоб бермаганда, уларни ушлаб қолиш тартиби;
  • божхона органларини олдиндан хабардор қилиш тартиб-таомиллари;
  • даврий декларацияларни тақдим этиш йўли билан битта ташқи савдо шартномаси доирасида бир хил товарларни божхонада расмийлаштириш;
  • декларацияларни Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва тақдим этиш (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон);
  • «сариқ», «қизил», «яшил» ва «кўк» йўлакларни қўллаган ҳолда хатарларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими;
  • ваколатли иқтисодий операторлар институти (24.11.2018 йилдаги ПФ-5582-сон).

3. Қуйидагилар бекор қилинади:

  • товарлар божхона режимларига жойлаштирилганда божхона органлари томонидан рухсатномалар берилиши;
  • божхона брокери сифатида фаолият юритишга рухсат берувчи ҳужжатлар талаб этилиши (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон).

4. Жисмоний шахсларга қуйидагиларга рухсат этилади:

  • қиймати 5 000 АҚШ долларидан ортиқ бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда олиб киришга (18.05.2019 йилдаги ПФ-5721-сон);
  • умумий қиймати 5 000 АҚШ долларидан ортиқ бўлмаган товарларни божхона декларациясини тақдим этмаган ҳолда олиб киришга (6.02.2018 йилдаги ПҚ-3512-сон).

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.


Гулнора Абдуназарова.