Давстатқўм статистика ҳисоботларини электрон шаклда тақдим этиш тартиби тўғрисидаги янги Низомни ишлаб чиқди

preview

Лойиҳани ишлаб чиқиш «Estat 4.0» АТнинг янгиланган версиясини синов режимида ишга туширилиши билан боғлиқ. Buxgalter.uz тафсилотларни аниқлаштирди:


Илгари
ёзганимиздек, Estat дастурининг янги версияси (4.0) ва олдинги версияси (3.0) ўртасида сезиларли фарқ шундаки, уни фойдаланувчининг компьютерига юклаб олиш ва ўрнатиш зарур эмас. Тизим web-платформада ишлайди, ЭРИдан фойдаланган ҳолда шахсий кабинетга кириш тақдим этилади.

Хўш, янги Низом нимани назарда тутади?

1. Статистика ҳисоботларини электрон шаклда тақдим этувчи респондентлар, уларнинг қоғоз шаклидаги нусхасини тақдим этишга мажбур эмас. Қолганлар учун, уларни қоғоз шаклида, тегишли статистика органига тақдим этишнинг амалдаги тартиби сақланиб қолинади.

2. Статистика органлари статистика ҳисоботини тақдим этишнинг белгиланган даврийлигидан кўпроқ даврийликда талаб қилишга ҳақли эмас.

3. Белгиланган намунага мос келмаган ва респондентнинг ЭРИ билан имзоланмаган электрон шаклдаги статистика ҳисоботи кўриб чиқилмайди

4. Тақдим этилган ҳисоботни ишлов бериш натижалари бўйича респондент электрон шаклда қуйидагиларни олади:

  • маълумотномани – агар ҳаммаси мос келса ва қабул қилинган бўлса;

ёки

  • кўрсатмани – агар хатолар  рўйхати, уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар, топширишнинг сўнгги муддатлари ва белгиланган муддатда топширмаганлик учун маъмурий оқибатлар кўрсатилган ҳолда ҳуқуқбузарликлар аниқланган бўлса.

5. Агар жорий ҳисобот даври учун тўғриланган статистика ҳисоботи кўрсатмада белгиланган муддатда тақдим этилган бўлса, ҳисоботларни тақдим этиш муддатларини бузганлиги учун белгиланадиган маъмурий жазо чоралари қўлланилмайди.

6. Агар респондент, статистика ҳисоботини юборгандан сўнг, ундаги хатолар ва номувофиқликларни мустақил аниқласа, у статистика органларига тўғриланган ҳисоботни тушунтиришлар билан юбориши лозим. Қайта ишлаш даври ўтгунига қадар(жўнатилган пайтдан эътиборан 1 соат ичида) респондент томонидан тўғриланган ҳисоботнинг қайта юборилиши статистика ҳисоботини тақдим этиш тартибини бузиш ҳисобланмайди.

7. Агар респондент техник сабабларга кўра, кўрсатма ёки маълумотномани бир соат ичида олмаган бўлса, ўзи жойлашган жойдаги статистика органига хабар бериши лозим. Статистика органи ходими респондент билан биргаликда, 8 иш соатидан ошмаган муддатда муаммони аниқлаш ва уни бартараф этиш керак.

8. Ҳисоботни электрон шаклда юборган пайтдан бошлаб, респондент электрон ҳужжатни хулоса билан олгунга қадар Estat-4.0 тизимини мониторинг қилиши лозим. Респондентнинг хоҳишига кўра берилган хулоса тўғрисида хабарнома кўрсатилган телефон рақамига СМС шаклида ҳам юборилиши мумкин.

НҲҲ Лойиҳаси ҚҲТБТ порталида жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. У ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки рад этилиши мумкин. Ҳавола орқали кириб, муҳокамада қатнашиш мумкин. 


Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади.