Диққат! Солиқ кодексига тузатишлар тасдиқланди

preview

СКга ўзгартиришлар ва қўшимчалар ўтаётган йилнинг сўнгги кунида тасдиқланди. Бу ҳақда Молия вазирлиги Юридик ва жисмоний шахсларга солиқ солиш ҳамда божхона имтиёзларини қўллаш тартибига киритилаётган ўзгартиришлар тўғрисида Ахборот хабарини эълон қилган ҳолда маълум қилди.

Ҳужжатнинг асосий қоидаларини эълон қиламиз:

 

Солиқларнинг ставкалари бўйича. Фойда солиғи (15%, алоҳида тоифалар учун - 20%), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (12%), юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ (1,5%), қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ер солиғи (0,95%), ижтимоий солиқ (бюджет ташкилотлари - 25%, қолганлар - 12%) бўйича ставкалар сақлаб қолинмоқда.

 

Қўшилган қиймат солиғи бўйича:

1. Солиқ тўловчиларнинг тоифаси, солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби, шунингдек солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатлари сақлаб қолинмоқда.

2. 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб солиқ ставкаси 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилмоқда.

3. Қопланадиган қўшилган қиймат солиғи суммасининг асослилиги юзасидан камерал солиқ текширувини ўтказиш муддатлари 60 кундан 30 кунгача қисқартирилмоқда.

4. Қуйидагилар бекор қилинмоқда:

а)  2023 йилнинг 1 апрелидан бошлаб қуйидагилар бўйича берилган имтиёзлар:

  • бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар йиллик минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурлари доирасида кўрсатиладиган геология хизматлари бўйича айланма;
  • почта маркалари, маркали откриткалар, конвертларни реализация қилиш бўйича айланма;
  • бюджет маблағлари ҳисобидан бажариладиган илмий-тадқиқот ва инновацион ишларни реализация қилиш бўйича айланма.

б) 2023 йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўриқлаш бўлинмалари хизматлари бўйича тақдим этилган имтиёзлар.

5. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан қўшилган қиймат солиғини тўловчилар деб эътироф этилиши мумкин.

6. 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб жорий қилинадиган тартибга кўра, гувоҳноманинг амал қилиш муддати тўхтатилганлиги муносабати билан ҳисобга қабул қилинмаган, ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган (тўланиши лозим бўлган) солиқ суммасига, гувоҳноманинг амал қилиш муддати тикланган тақдирда, солиқ тўловчида ва унинг харидорларида гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилган давр учун тузатишлар киритилиши (ҳисобга қабул қилиниши) назарда тутилмоқда.

7. Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясида ҳисобда турадиган солиқ тўловчиларга товарларни импорт қилиш чоғида қўшилган қиймат солиғи тўлови ҳисобига бюджетдан қопланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғи суммаларини ўзаро ҳисобга олиш ҳуқуқи берилмоқда.

Қўшилган қиймат солиғини ўзаро ҳисобга олиш солиқ ва божхона органлари томонидан автоматик режимда амалга оширилади. Бунинг учун ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси бўлган солиқ тўловчи БЮДни расмийлаштираётганда импорт қилиш чоғида қўшилган қиймат солиғи қопланиши лозим бўлган сумма ҳисобидан тўлангани тўғрисида белги қўйиши лозим.

 

Акциз солиғи бўйича:

1. Солиқ тўловчиларнинг тоифаси, шунингдек солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва солиқни тўлаш муддатлари сақлаб қолинмоқда.

2. 2023 йилнинг 1 февралидан бошлаб нефть маҳсулотлари ҳамда ишлаб чиқариладиган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бўйича акциз солиғи ставкалари 10 фоизга индексация қилинмоқда.

3. 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб алкоголь маҳсулотларини (кучсиз алкоголли ичимликлар бундан мустасно) ишлаб чиқаришда акциз солиғи акциз тўланадиган маҳсулот таркибидаги этил спиртининг улушидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Бунда ишлаб чиқариладиган алкоголь маҳсулотининг ўлчов бирлиги «литр» деб белгиланди (илгари «дал» эди).

2022   йилда ароқ, коньяк ва бошқа алкоголь маҳсулотларига акциз солиги ставкаси 1 дал учун 138 000 сўм (ёки 1 литр учун 13 800 сўм) миқдорида белгиланган эди.

2023   йилда ушбу маҳсулотларга акциз солиги ставкаси акциз тўланадиган товар таркибидаги сув қўшилмаган этил спиртининг 1 литри учун 34 500 сўм миқдорида белгиланмоқда. Масалан, ароқ таркибидаги этил спирти улуши 40%ни ташкил этади, 1 литр учун акциз солиғи суммаси 13 800 сўмни (34 500 сўм х 40%), 2023 йилнинг 1 февралидан бошлаб эса индексацияни ҳисобга олган ҳолда -15 200 сўмни (38 000 сўм х 40%) ташкил этади.

4. 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб озиқ-овқат хом ашёсидан ректификацияланган этил спирти, эфиральдегидли фракциядан техник ректификацияланган этил спирти ва асосий фракциядан этил спиртига акциз солиғи ставкаси 5 бараварга оширилади ва 1 литр учун 7 450 сўмни ташкил этади.

5. 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб алкоголь ва тамаки маҳсулотларини импорт қилишда акциз солиғи ставкалари 5 фоизга пасайтирилмоқда.

 

Фойда солиғи бўйича:

1. Солиқ тўловчиларнинг тоифаси, солиқнинг ставкалари, солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинмоқда.

2. 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб товарларни (хизматларни) экспортга реализация қилишдан олинган фойдага, экспортдан олинган даромаднинг жами даромаддаги улушидан қатъи назар, 0 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича солиқ солиниши лозим. Бунда 2023 йил 1 январдан бошлаб доимий муассасалар орқали Ўзбекистон Республикасида фаолиятни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентларига хизматлар кўрсатишдан олинган фойда бўйича 0 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси қўлланилмайди.

3. Қуйидаги тоифадаги солиқ тўловчилар учун фойда солиғи ставкасини 50 фоизга пасайтириш ҳуқуқи берилади:

а) 2022 йилнинг 1 сентябридан кейин биринчи марта фойда солиғини тўлашга ўтган айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларга - солиқ тўловчи солиқ тўлашга ўтган йилдан кейинги битта солиқ даври давомида, башарти пасайтирилган солиқ ставкаси қўлланадиган солиқ даврида солиқ тўловчининг жами даромади 10 миллиард сўмдан ошмаган бўлса;

Бунда мазкур солиқ тўловчилар солиқ базасини соддалаштирилган тартибда жами даромаднинг 25 фоизи миқдорида белгилашга ҳақли.

Мисол. 2022 йилнинг 1 октябрида (яъни 2022 йилнинг 1 сентябридан кейин) фойда солиғини тўлашга ўтган солиқ тўловчи, башарти 2023 йилда унинг жами даромади 10 млрд сўмдан ошмаган тақдирда, солиқ тўловчи 2023 йил (1 йил) давомида фойда солиғини 7,5 фоиз ставкаси бўйича тўлашга ҳақли бўлади.

б) 2022 йилнинг 1 сентябридан кейин жорий солиқ даври давомида жами даромади биринчи марта 10 миллиард сўмдан ошган солиқ тўловчиларга - башарти пасайтирилган солиқ ставкаси қўлланадиган солиқ даврларида жами даромад 100 миллиард сўмдан ошмаган бўлса, жорий солиқ даври ва кейинги солиқ даври давомида.

Мисол. 2023 йилнинг 9 ойи якунларига кўра солиқ тўловчининг жами даромади биринчи марта 10 млрд сўмдан ошди. Солиқ тўловчининг 2023 ёки 2024 йилдаги жами даромади 100 млрд сўмдан ошмаса, у 2023 йил учун 7,5% миқдоридаги ставкани қўллаган ҳолда фойда солиғини тўлайди ва 2024 йилда (2 йил) пасайтирилган ставкани (7,5%) қўллайди.

Пасайтирилган солиқ ставкаси ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ва акциз солиғини тўловчиларга нисбатан, шунингдек солиқ тўловчи тугатилган ва (ёки) пасайтирилган солиқ ставкасини қўллаш учун солиқ тўловчининг товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган даромадларини икки ва ундан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ўртасида тақсимлаш (бўлиш) далиллари аниқланган тақдирда қўлланилмайди.

4. Фойдали қазилмалар кавлаб олинадиган конларда тоғ жинсларини олиб ташлаш ишлари истиқболни кўзлаб амалга оширилишини инобатга олган ҳолда, улар алоҳида амортизация активлари гуруҳига ўтказилди. Ушбу харажатлар мазкур амортизацияланадиган актив бўйича амортизация нормасини, бироқ бир йилда жамғарилган харажатлар суммасининг 33 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда, қўллаш орқали солиқ тўловчининг жами даромадидан амортизация ажратмалари кўринишида чегирилиши назарда тутилган.

5. 2022 йилдан бошлаб фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширувчи норезидент тасарруфида солиқ тўланганидан кейин қоладиган соф фойда дивидендларга тенглаштирилган ва унга 10 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича солиқ солиниши лозим бўлган.

Фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширувчи норезидент дивидендлар кўринишидаги даромадлар бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида назарда тутилган пасайтирилган солиқ ставкасини қўллашга ҳақли эканини назарда тутувчи аниқлаштириш киритилди. Дивидендлар кўринишидаги даромадлар бўйича солиқ солиш масалаларига доир Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бир нечта пасайтирилган солиқ ставкаси назарда тутилган бўлса, уларнинг энг паст бўлгани қўлланилади.

6. 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб норезидентнинг монтаж қилиш ва (ёки) ишга тушириш-созлаш хизматлари ва бошқа шунга ўхшаш хизматларни кўрсатишини назарда тутувчи асбоб-ускуналарни сотиб олиш (сотиш) учун ташқи савдо контракти доирасида, кўрсатиладиган хизматлар қиймати алоҳида кўрсатилмаса, у ҳолда норезидентнинг солиқ солинадиган даромади бундай хизматларнинг бозор қийматидан келиб чиқиб аниқланади (илгари - асбоб-ускуналар қийматининг 20 фоизи).

7. Солиқ бўйича аванс тўловлари суммаси тўғрисидаги маълумотномани солиқ органларига тақдим этиш муддатига ўзгартириш киритилди. Хусусан, 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб солиқ тўловчи ушбу маълумотномани жорий чоракда олиниши кутилаётган фойда суммасидан келиб чиқиб кейинги чоракдаги биринчи ойнинг 15-санасигача (илгари 10-санасигача) тақдим этишга ҳақли.

 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича:

1. Солиқ тўловчиларнинг тоифаси, солиқларнинг ставкалари, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш (шу жумладан, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига 0,1% ўтказиш) тартиби сақлаб қолинмоқда.

2. Жисмоний шахслар ўз даромадларини ипотека кредитларини сўндиришга йўналтирганда, бир вақтнинг ўзида турар жой қиймати (бугунги кунга келиб 300 млн сўм) бўйича талабни бекор қилган ҳолда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ солинмайдиган даромад суммаси 15 млн сўмдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 80 бараваригача (ёки 73,6 млн сўм) оширилмоқда.

3. 2023 йилнинг 1 апрелидан бошлаб жисмоний шахсларнинг ҳаётини узоқ муддатга суғурталаш ҳақини тўлашга йўналтириладиган жисмоний шахсларнинг даромадлари қисмида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинмоқда.

4. Қатъий белгиланган миқдорларда солиқни тўловчи жисмоний шахслар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси 10 фоизга индексация қилинмоқда.

5. Кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай белгиланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича йиллик солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатларига ўзгартириш киритилди.
2022 йил якунларига кўра йиллик солиқ ҳисоботини 2023 йилнинг 15 февралидан кечиктирмай тақдим этиш зарур.

6. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқариш мақсадида жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари 10 фоизга индексация қилинмоқда.

 

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича:

1. 2023 йилда қуйидагилар сақлаб қолинмоқда:

  • солиқ базасини, шунингдек 1 кв.м учун мутлақ миқдорда белгиланган энг кам қиймат миқдорларини белгилаш тартиби;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларининг кўчмас мулк объектларининг белгиланган энг кам қийматига, туманларнинг иқтисодий ривожланишига қараб, 0,5 гача бўлган камайтирувчи коэффициентни белгилаш ҳуқуқи;
  • солиқ базасига нисбатан 1,5 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси.

2. Солиқ кодексининг 415-моддаси тўртинчи қисмида назарда тутилган объектлар бўйича белгиланган пасайтирилган солиқ ставкасини базавий солиқ ставкасига, 2023 йилда уни 0,5 фоиздан 0,6 фоизгача ошириш йўли билан, босқичма-босқич етказиш давом эттирилади. Юридик шахслар учун пасайтирилган солиқ ставкаси 2020 йилдан бошлаб илгари солиқ имтиёзлари берилган объектлар бўйича жорий этилган эди.

3. 2022 йилнинг 1 июлидан бошлаб қонунчиликда юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг оширилган ставкаларини белгилаш йўли билан таъсир чоралари қўлланилиши мумкин бўлган объектларга солиқ солиш тартиби бекор қилинди.

4. Солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва солиқни (бўнак тўловларини) тўлаш муддатларига ўзгартириш киритилди. Хусусан, қуйидаги муддатлар белгиланмоқда:

  • солиқ ҳисоботини тақдим этиш - ҳисобот бериладиган солиқ давридан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай. Солиқ даври учун солиқ, бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда, худди шу муддатда тўлиқ тўланади;
  • жорий солиқ даври учун солиқ суммаси тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш (бўнак тўловлари) - жорий солиқ даврининг 20 январидан кечиктирмай;
  • айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар томонидан бўнак тўловларини тўлаш - ҳар чоракдаги учинчи ойнинг 20-санасидан кечиктирмай. Қолган солиқ тўловчилар учун бўнак тўловларини тўлаш муддатлари сақланиб қолади - ҳар ойнинг 10-санасигача, бунда улар январь ойи учун 20 январдан кечиктирмай тўлайдилар.

 

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича:

1. 2022 йилда амал қилган солиқ ставкалари Солиқ кодексининг 422-моддаси биринчи қисми 1-3-бандларида назарда тутилган объектлар бўйича ўртача 10 фоизга индексация қилинмоқда. 2018 йилда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар томонидан белгиланган жисмоний шахслар учун солиқ солиш объектларининг кадастр қиймати миқдори (солиқ базаси) сақланиб қолиши шуни тақозо этди.

2. 2023 йилда турар жой фонди объектларига (шу жумладан, кўп квартирали уйларга узвий боғлиқ бўлган машина турар жойларига) эга бўлган жисмоний шахслар учун солиқ суммасини ўтган йилдагига нисбатан оширишга чеклов қўллаш амалиёти сақлаб қолинмоқда. Хусусан, 2023 йилда 2018 йилда белгиланган кадастр қиймати асосида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси 2022 йил учун ҳисобланган солиқ суммасидан 1,3 баравардан ортиқ миқдорда ошиши мумкин эмас.

Маълумот учун: Ушбу чеклов мол-мулк солиғини инвентаризация қийматидан ҳисоблаб чиқаришдан (2018 йилгача) мол-мулкка кадастр қийматидан келиб чиқиб солиқ солишга ўтгандан сўнг солиқ юки кескин ошишига йўл қўймаслик мақсадида 2018 йилдан бошлаб жисмоний шахсларга тегишли барча кўчмас мулк объектларига нисбатан қўлланилади.

Бунда 2023 йилдан бошлаб яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари қисмида жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммасини ўтган йилдагига нисбатан чеклашни қўллаш амалиёти бекор қилинади. Ушбу норма кўчмас мулк объектлари жисмоний ёки юридик шахсга тегишли эканидан қатъи назар, уларнинг функционал вазифасига (нотурар жойлар) қараб солиқ солишнинг тенг шароитларини яратиш мақсадида жорий этилган.

Ер солиги бўйича чеклов жисмоний шахслар томонидан 2022 йилдан бошлаб тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиладиган ер участкаларига нисбатан қўлланмайди.

3. 2022 йилнинг 1 июлидан бошлаб қонунчиликда юридик шахслар учун назарда тутилган оширилган солиқ ставкаларини белгилаш йўли билан таъсир чоралари қўлланилиши мумкин бўлган кўчмас мулк объектларига солиқ солиш тартиби бекор қилинди.

 

Ер солиғи бўйича:

1. Юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини ҳисоблаб чиқариш тартиби, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматига нисбатан 0,95 фоиз миқдорида белгиланган солиқ ставкаси сақлаб қолинмоқда.

2. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун 2022 йилда амалда бўлган ер солиғининг базавий ставкалари ўртача 10 фоизга индексация қилинмоқда. Бунда солиқ ставкаларининг аниқ миқдорини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан базавий ставкалар асосида, туманларнинг иқтисодий ривожланишига қараб, оширувчи ва камайтирувчи коэффициентларни қўллаган ҳолда аниқлаш тартиби сақлаб қолинади.

3. 2023 йилда уй-жой фондининг кўчмас мулк объектлари эгаллаган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига эга бўлган жисмоний шахслар учун солиқ суммасини ўтган йилдагига нисбатан оширишга чеклов қўллаш амалиёти сақлаб қолинмоқда. Хусусан, солиқ юкининг кескин ошишига йўл қўймаслик мақсадида, 2023 йилда солиқ суммаси 2022 йилда ҳисобланган солиқ суммасидан 1,3 баравардан ортиқ миқдорда ошмаслиги лозим.

4. 2023 йилда Солиқ кодексининг 429-моддасида назарда тутилган юридик шахсларнинг алоҳида объектлар билан банд бўлган ер участкалари учун солиқ ставкаларига нисбатан қўлланиладиган пасайтирувчи коэффициентни 0,25 дан 0,3 гача ошириш йўли билан юридик шахслар учун пасайтирилган солиқ ставкасини базавий солиқ ставкасига босқичма-босқич етказиш давом эттирилади. Юридик шахслар учун пасайтирилган солиқ ставкаси 2020 йилдан бошлаб илгари солиқ имтиёзлари берилган объектлар бўйича жорий этилган эди.

Солиқ кодексининг 429-моддаси олтинчи қисми иккинчи-бешинчи хатбошиларида назарда тутилган объектлар бўйича пасайтирувчи коэффициентлар республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳари бўйича ўртача белгиланган солиқ ставкасига нисбатан қўлланилади.

5. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга солиқ солишнинг тенг шароитларини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эга бўлган жисмоний шахсларга нисбатан деҳқон хўжаликлари учун назарда тутилган ер солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби татбиқ этилади. Улар учун ер солиғи суммаси солиқ органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган ер участкаларининг норматив қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади. Бунда ер участкаларининг норматив қиймати, тегишинча, ўртача туман (шаҳар)нинг суғориладиган ёки суғорилмайдиган ери бўйича аниқланади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг сифати ёмонлашган ёки яхшиланган (бонитет балли пасайган ёки ошган) ҳолда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эга бўлган деҳқон хўжаликлари ва жисмоний шахсларга нисбатан Солиқ кодексининг 429-моддаси тўққизинчи ва ўнинчи қисмларида назарда тутилган тартиб татбиқ этилади.

6. 2022 йилнинг 1 июлидан бошлаб қонун ҳужжатлари билан юридик шахслардан олинадиган ер солиғининг оширилган ставкаларини белгилаш йўли билан таъсир чоралари қўлланилиши мумкин бўлган объектларга солиқ солиш тартиби бекор қилинган.

7. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва солиқни тўлаш муддатларига ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, қуйидаги муддатлар белгиланмоқда:

  • солиқ ҳисоботи ва юридик шахсда солиқ солиш объекти ҳисобланмайдиган ер участкалари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш - жорий солиқ даврининг 20 январидан кечиктирмай;
  • айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар томонидан солиқ тўлаш - ҳар чорак учинчи ойининг 20-кунидан кечиктирмай. Қолган солиқ тўловчилар учун солиқни тўлаш муддатлари сақланиб қолади - ҳар ойнинг 10-кунига қадар, бунда улар январь ойи учун 20 январдан кечиктирмай тўлайдилар.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва солиқни тўлаш муддатлари сақлаб қолинмоқда.

 

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича:

1. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинмоқда.

2. Қуйидагиларга эга бўлган жисмоний шахслар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш жорий этилади:

а) тадбиркорлик фаолияти ва (ёки) даромад олиш учун мўлжалланган нотурар жой мақсадидаги кўчмас мулк объектларига якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган солиқ ставкалари бўйича;

б) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга деҳқон хўжаликлари учун белгиланган солиқ ставкалари бўйича.

Мазкур норма якка тартибдаги тадбиркорлар ва жисмоний шахслар томонидан нотурар жой биноларида тадбиркорлик фаолияти учун, шунингдек қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун деҳқон хўжаликлари ва жисмоний шахслар томонидан фойдаланиладиган сув ресурсларига солиқ солишнинг тенг шароитларини яратиш мақсадида жорий этилган.

Солиқ тўловчиларнинг ушбу тоифаси бўйича солиқ суммаси солиқ органлари томонидан ҳисоблаб чиқарилади.

3. 2022 йилда амалда бўлган солиқ ставкалари ўртача 10 фоизга индексация қилинмоқда.

4. Қуйидаги муддатларга ўзгартиришлар киритилди:

  • Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари (бундан қишлоқ хўжалиги корхоналари мустасно) учун солиқ ҳисоботини тақдим этиш, у ҳисобот бериладиган солиқ давридан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай белгиланади. Солиқ даври учун солиқ, бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда, худди шу муддатда тўлиқ тўланади;
  • солиқ органлари томонидан солиқни тўлаш тўғрисидаги тўлов хабарномасини топшириш, у солиқ давридан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай белгиланади.

5. Қишлоқ хўжалиги корхоналари учун солиқ тўлашнинг 2 та муддати белгиланади:

  • 1 октябрга қадар - қишлоқ хўжалиги корхонаси ўтган солиқ даврида қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқ кўпайтириш (етиштириш) учун фойдаланадиган сув ҳажми асосида солиқ органлари томонидан аниқланган йиллик солиқ суммасининг 70 фоизи. Бунда қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан ўтган солиқ даврида фойдаланилган сув ҳажми тўғрисидаги маълумот мавжуд бўлмаганда солиқ суммаси сувдан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш соҳасидаги ваколатли орган томонидан тасдиқланган сув истеъмоли нормативлари бўйича аниқланади;
  • 15 декабрга қадар - солиқнинг қолган суммаси.

 

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича:

1. Қора, қимматбаҳо, рангли ва радиоактив металлар, шунингдек нодир элементлар ва нодир ер элементлари (кейинги ўринларда - металлар) бўйича жорий этилаётган тартибга мувофиқ:

  • қазиб олинган (ажратиб олинган) металларни ҳақиқатда реализация қилиш ҳажми солиқ солиш объекти ҳисобланади;
  • қазиб олинган (ажратиб олинган) металларни ҳақиқатда реализация қилиш ҳажми солиқ базаси ҳисобланади.

2. Газ конденсати бўйича солиқ базаси табиий газ ва нефть учун назарда тутилган тартибга айнан ўхшаш тарзда аниқланади.

3. “Netback” механизми қўлланиладиган металлар ва углеводородлар бўйича фискал периметрига аниқлик киритилмоқда. Бунда фойдали қазилмаларнинг ушбу турлари бўйича солиқ базасини аниқлашда қазиб олинган фойдали қазилмаларни ташиш ва (ёки) қайта ишлаш, шу жумладан қайтариш шарти билан уларга қайта ишлов бериш билан боғлиқ харажатлар суммаси солиқ тўловчи томонидан солиқ органлари билан биргаликда аниқланади. Мазкур харажатлар суммасига календарь йил якунлари бўйича шунга ўхшаш тартибда тузатиш киритилиши мумкин.

4. Темир бўйича солиқ ставкаси 5 фоиздан 2 фоизга пасайтирилди.

 

Айланмадан олинадиган солиқ бўйича:

1. Айланмадан олинадиган солиқ ставкалари солиқ тўловчиларнинг барча тоифалари учун 4 фоиз миқдоридаги ягона ставкани белгилаган ҳолда бирхиллаштирилмоқда.

Бунда бориш қийин бўлган ва тоғли ҳудудларда жойлашган корхоналар учун пасайтирилган солиқ ставкалари 1 фоиз миқдорида, бошқа аҳоли пунктларида жойлашган корхоналар учун - 2 фоиз миқдорида (шу жумладан, электрон тижорат) ва аҳолиси сони юз минг нафар ва ундан кўп кишидан иборат шаҳарларда - 3 фоиз миқдорида сақлаб қолинди.

2. 2023 йилдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар ихтиёрий асосда қатъий белгиланган миқдорда солиқ тўлашни танлашга ҳақли. Бунда жами даромад суммаси 500 миллион сўмдан ошмаганда йилига 20 миллион сўм қатъий белгиланган миқдордаги солиқни, жами даромад суммаси 500 миллион сўмдан ошганда эса йилига 30 миллион сўм тўлашни танлаш ҳуқуқи берилмоқда.

Қатъий белгиланган суммадаги солиқ тенг улушларда ҳар ойда, календарь ойдан кейинги ойнинг 15-кунидан кечиктирмай тўланади.

Мазкур солиқни тўлашга ўтиш учун солиқ тўловчи солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги солиқ органига кейинги ой бошланишидан 10 кун олдин хабарнома юбориши зарур. Мазкур норма 2023 йилнинг 1 январидан кучга киришини эътиборга олган ҳолда, биринчи марта қатъий белгиланган суммада солиқ тўлашга ўтаётган солиқ тўловчилар солиқ органларига хабарномани 2023 йилнинг 25 январидан кечиктирмай тақдим этишга ҳақли.

Янги ташкил этилган солиқ тўловчилар давлат рўйхатидан ўтиш чоғида қатъий белгиланган суммада солиқ тўлашни танлашга ҳақли.

Қатъий белгиланган суммада солиқ тўлашни рад этиш навбатдаги солиқ даври бошидан амалга оширилади.

Солиқ даври мобайнида қатъий белгиланган суммада солиқ тўлашга ўтишда, солиқ миқдори қатъий белгиланган суммани 12 га бўлиш ва олинган натижани жорий солиқ даври охиригача қолган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади.

Солиқ даври мобайнида қатъий белгиланган суммада солиқ тўловчининг жами даромади 500 миллион сўмдан ошган тақдирда, қатъий белгиланган суммадаги солиқ суммаси у ошган ойдан бошлаб жорий солиқ даври охиригача, 500 миллион сўмдан ортиқ жами даромадга эга солиқ тўловчилар учун белгиланган солиқ ставкасидан келиб чиққан ҳолда қайта ҳисобланади.

Солиқ даври мобайнида қатъий белгиланган суммада солиқ тўлашдан қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини тўлашга ўтишда қатъий белгиланган суммадаги солиқ ушбу солиқларга ўтилган охирги календарь ойни ҳисобга олган ҳолда тўланиши лозим.

Айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларга қатъий белгиланган миқдорда тўланадиган дивидендларга фойда солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди.

Ихтиёрий ёки мажбурий тартибда ҚҚС тўлашга ўтишда бундай солиқ тўловчиларга ҚҚС билан харид қилинган товарлар қолдиқлари бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқи берилмайди.

3. Солиқ даври мобайнида жами даромади 1 миллиард сўмдан ошган солиқ тўловчилар, шу жумладан янги ташкил этилган юридик шахслар ва янги рўйхатдан ўтказилган якка тартибдаги тадбиркорлар жами даромаднинг кўрсатилган миқдорига етган кундан эътиборан қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини тўлашга ўтадилар.

 

Бошқа ўзгартиришлар:

1. 2023 йилнинг 1 апрелидан бошлаб устав фондида (устав капиталида) чет эл инвестициялари улуши камида 33 фоиз бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун божхона ҳудудига олиб кириладиган мол-мулк бўйича божхона божидан мавжуд имтиёзлар бекор қилинмоқда, агар 2023 йилнинг 1 январига қадар хорижий инвестор ҳамда инвестициялар ва инвестиция фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш соҳасида ваколатли давлат органи ўртасида тузилган инвестиция шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса.

2. Молия-хўжалик фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган асосий воситалар ва бошқа мол-мулкнинг сақланиши учун солиқ қарзи ундирувини солиқ қарзи мавжуд солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш муддати 30 кундан 60 кунгача узайтирилмоқда.

3. Жами даромади 10 млрд сўмгача бўлган қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини тўловчиларга солиқ қарзини 6 ой муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш ҳақида хабардор қилиш ҳуқуқи берилмоқда (бундан устав фондида (устав капиталида) 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга бўлган юридик шахслар, ер қаъридан фойдаланувчилар ва акциз солиги тўланадиган товарларни ишлаб чиқарувчилар мустасно).
Бунда фоизларни тўламасдан бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти календарь йил давомида бир марта тақдим этилади.

4. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган айрим товарлар бўйича божхона божининг ноль даражали ставкасини қўллашнинг амал қилиш муддати 2024 йилнинг 1 январига қадар узайтирилмоқда.

5. Тугатилаётган юридик шахс томонидан ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқлар (пенялар, жарималар) суммалари солиқ органи томонидан бошқа солиқлар бўйича солиқ қарзини сўндириш ҳисобига ҳисобга олиниши лозим. Солиқ тўловчи томонидан ариза тақдим этилмаган тақдирда, ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқлар (пенялар, жарималар) суммалари Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестридан чиқарилган солиқ тўловчининг шахсий ҳисобварақасидан ҳисобдан чиқарилади.

6. Бюджет ташкилотларига товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича тақдим этилган солиқ имтиёзлари 2024 йилнинг 1 январига қадар узайтирилмоқда.

7. 2023 йил учун айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимларнинг энг юқори ставкалари ҳамда хорижий давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғимлар ставкаларининг миқдорлари 2022 йил даражасида сақлаб қолинмоқда.

Д. Султонов,

Молия вазири ўринбосари

Манбага қаранг