ХЙТ дафтарчаси қандай олинади ва нима учун ундан маҳрум қилишлари мумкин

preview

Ўзбекистон Республикаси ташувчиларига ХЙТ (Халқаро йўлларда ташиш) дафтарчасидан фойдаланиш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти ва Халқаро ташувчиларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 1975 йилдаги ХЙТ дафтарчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги Божхона конвенцияси қоидаларидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва бундай ҳуқуқни қайта тиклаш тартиби ҳақидаги низом тасдиқланди. Иккала ҳужжат 02.12.2021 йилдаги 727-сон ВМҚ билан тасдиқланган. Батафсил - norma.uz портали шарҳида. 

 

ХЙТ дафтарчасини қўллаш учун рухсатнома қандай олинади 

ХЙТ дафтарчаси – жўнатиш жойидан манзилдаги жойгача юкларни кузатиб борадиган халқаро божхона ҳужжати.

Ундан фойдаланиш учун рухсатнома электрон шаклда расмийлаштирилади, амал қилиш муддати - чекланмайди. Ариза берувчи ХЙТ Конвенциясига 9-илованинг II қисми 1-бандида назарда тутилган қуйидаги шарт ва талабларга риоя қилиши лозим:

  • автомобиль транспортида халқаро юк ташиш тажрибаси ёки имконияти мавжудлиги;
  • ХЙТ Конвенциясида назарда тутилган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлайдиган барқарор молиявий ҳолатга эга бўлиши;
  • ХЙТ Конвенциясини қўллаш тўғрисидаги билимларга эга бўлиши;
  • божхона органи томонидан ХЙТ дафтарчасини қўллаш юзасидан сўров олинган кундан эътиборан 1 йил ичида божхона қонунчилик ҳужжатлари бузилиши ҳолатларининг мавжуд эмаслиги;
  • бартараф этилмаган солиқ қонунчилик ҳужжатларини бузиш ҳолатлари мавжуд эмаслиги;
  • Кафолат уюшмаси олдидаги мажбуриятлар тўғрисидаги декларацияни имзолаш.

Кафолат уюшмаси - бу ХЙТ конвенцияси ва Ўзбекистон қонунчилик ҳужжатларига кўра ХЙТ дафтарчасидан фойдаланувчи шахсларга кафиллиги тан олинган уюшма (Ўзбекистон халқаро автомобилда ташувчилар уюшмаси - ХАТУ).

Аризани кўриб чиқиш ва ХЙТ дафтарчасидан фойдаланишга рухсатнома берганлик учун йиғим ундирилмайди.

Аризани ЯИДХП орқали ДБҚнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига бериш зарур. Уни кўриб чиқиш учун 3 иш куни талаб этилади. Рухсатнома бериш тўғрисида қарор қабул қилиш учун яна 2 иш куни талаб этилади.

 

Нима учун ХЙТ дафтарчасидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилишади

Янги Низомга асосан ташувчи Давлат божхона қўмитаси қарорига мувофиқ Ўзбекистон ҳудудида қуйидаги ҳолларда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги Божхона конвенцияси қоидаларидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин:

а) Конвенция талабларининг бузилганлиги муносабати билан божхона тўловларини тўлаш бўйича мажбуриятини бажармаслик;

б) қуйидагиларда ифодаланадиган Конвенция талабларининг бир неча марта бузилиши ва (ёки) Ўзбекистон божхона қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилмаслик:

  • Ўзбекистон божхона чегараси орқали товарларнинг ноқонуний олиб ўтиш;
  • божхона назоратидаги товарларни етказиб бериш жойига етказиб бермаслик ёки божхона органлари рухсатисиз товарларни бошқа шахсларга бериб юбориш ёки уларни йўқотиш;
  • Ўзбекистон божхона ҳудудидан чиқариб юборилишига рухсат берилган товарларни ишлатилиши ва (ёки) уларга эгалик қилиш;
  • Божхона кодексида белгиланган муддатларда халқаро ташувдаги транспорт воситаларини республика божхона ҳудудидан олиб чиқиб кетмаслик.

Ташувчини ҳуқуқдан маҳрум қилиш бўйича қарор ҳудудий божхона бошқармалари киритган таклифлар асосида ДБҚ томонидан қабул қилинади ва Халқаро йўлларда ташиш Ижроия кенгаши ва Кафолат уюшмасига (ХАТУ) юборилади.

Шунингдек, Низомда кўрсатилган ҳуқуқларни тиклаш шартлари ва тартиби келтирилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 4.03.2022 йилдан кучга киради.

Norma.uz материаллари асосида