ID-картани қандай ва қаердан олиш мумкин бўлади

preview

Президентнинг 22.09.2020 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. ID-карталарини олиш механизми қандай ишлаши ҳақида  юридик масалалар бўйича “Норма” эксперти Олег ЗАМАНОВ гапириб берди:

- Эслатиб ўтамиз, ID-карталар 2021 йилдан бошлаб 2011 йилги намунадаги биометрик паспортлар ўрнига жорий этилади. Бунда биометрик паспорт тизимининг амалдаги инфратузилмасидан фойдаланилади.

ID-картани олиш ва алмаштириш юзасидан қуйидагиларга мурожаат қилиш мумкин:

  • Ўзбекистон фуқаролари - ўз ихтиёрига кўра хоҳлаган ИИБнинг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига (олиш ва алмаштириш учун) ёки давлат хизматлари марказларига (алмаштириш учун);
  • мамлакатда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар - доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзилдаги МваФР бўлинмасига –олиш учун, ва ўз ихтиёрига кўра хоҳлаган  бундай бўлинмаларга - алмаштириш учун.

2020 йил якунига қадар ЯИДХПда ID-картасини олиш учун мурожаат қилиш, электрон навбатга туриш ва онлайн тўловни амалга ошириш имкониятини жорий этишлари керак.

Карта ҳужжатлар топширилганидан эътиборан 1 иш куни мобайнида расмийлаштириб берилади, ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган шахсларга - 15 кун муддатда уларнинг яшаш манзилига борган ҳолда карта расмийлаштирилади ва кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди. Ҳукумат илгари ID-карталарни расмийлаштириш ва бериш учун давлат божини белгилаган эди – БҲМнинг 89%и миқдорида. Фармон эса ушбу масалада “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга ҳавола беради (у ерда ҳозирча бундай ставка мавжуд эмас, таҳр.).

Шунингдек, таъкидлаб ўтамизки:

  • ID-картасининг бланкасида эгасининг миллати ҳақидаги маълумотлар кўрсатилмасдан унинг чипига киритилади;
  • ўз ID-картасини олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаган, яроқсиз ҳолга келтирган ва йўқотиб қўйган тақдирда, жаримага тортилмайди.

Бундан ташқари, ID-карталари боланинг туғилиши ФҲДЁ органи томонидан қайд этилиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома тақдим қилинганидан сўнг ота-онаси, васийлари (ҳомийлари) ихтиёрига кўра расмийлаштирилиши мумкин. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома эса ID-картасини олиш учун мурожаат этилганда ФҲДЁнинг ягона электрон архиви орқали олиниши мумкин.

Қачон ҳамма ID-картага ўтиши шарт

Биометрик паспортлар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс ва чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномаларини ID-карталарига алмаштириш икки босқичда амалга оширилади:

  • 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабрга қадар - ихтиёрийлик асосида 16 ёшга тўлганда ҳамда қонунчиликда кўзда тутилган бошқа сабабларга кўра;
  • 2023 йил 1 январдан 2030 йил 31 декабрга қадар - мажбурий тартибда.

Амалдаги биометрик паспорт ва Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низом 2030 йил 31 декабрга қадар ҳақиқийдир. 2011 йилги намунадаги биометрик паспорт 2031 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Norma.uz материаллари асосида