• beta

Онлайн-НКМга эга тадбиркорлар учун нақд пулда ҳисоб-китоб суммаси бўйича чекловлар олиб ташланиши мумкин

25.06.2019

ҚҲТБТ порталида Президентнинг савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада эркинлаштириш ҳамда пул тушумлари устидан жамоат назоратини кучайтириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Фармони лойиҳаси жойлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 февралдаги 150-сон қарорига мувофиқ, пойтахтда 1 июлга қадар фискал модулдан фойдаланган ҳолда онлайн назорат-касса машиналарини (кейинги ўринларда – НКМ) жорий этиш бўйича тажриба лойиҳаси ниҳоясига етиши керак. Ҳозирча иштирок этиш ихтиёрий бўлган лойиҳа якуни бўйича онлайн-НКМни кейинчалик қўлланилиши бўйича Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритишлари керак.

Ишлаб чиқилган лойиҳа билан савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаларида онлайн-НКМ қаторида виртуал кассаларни жорий этиш таклиф этилаётир. Уларнинг ишлаш принципи онлайн-НКМнинг ишлаши каби бўлиб,  нақд пулда ва (ёки) банк пластик карталари орқали амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига онлайн-узатиб боришдан иборат.

 

Имтиёз ва преференциялар кимга берилади

 

2019 йил 1 сентябрдан бошлаб онлайн НКМ ёки виртуал кассадан тўлиқ фойдаланишга ўтган тадбиркорларга қуйидагилар таклиф этилмоқда:

биринчидан, амалдаги фискал хотирага эга бўлган НКМни ишлатиш мажбуриятини бекор қилиш;

иккинчидан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш доирасида товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олиш, хизматлар кўрсатиш ва ходимлар иш ҳақини (ЖШДС ва бошқа мажбурий тўловларни ушлаб қолган ҳолда) бериш мақсадлари учун кунлик нақд пул тушумини тўлиқ ўз ихтиёрида қолдиришга рухсат бериш;

учинчидан, кейинчалик сотиш мақсадида чекланмаган миқдорда нақд пулда товарлар сотиб олишга ҳамда нақд пулга сотиб олинган товарларнинг (бензин, дори-дармон ва бошқа акциз ости товарлар бундан мустасно) суммасидан қатъи назар ҳисобварақ-фактура ва харид чеки ёки аҳолидан харид қилинган ҳолларда маҳсулот сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжат асосида кирим қилишга рухсат бериш. Эслатиб ўтамиз, ҳозир нақд пулда ҳисоб-китоб қилиш учун шартнома тузиш, НКМдан фойдаланиш, олинган нақд пулни инкассация қилиш зарур, битта шартнома бўйича сумма эса ЭКИҲнинг 100 бараваридан ошмаслиги керак;

тўртинчидан, кассир-операциячи томонидан назорат-касса дафтарини юритиш ҳамда иш куни охирида ҳар бир НКМ бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш мажбуриятини бекор қилиш;

бешинчидан, 2020 йил 31 декабрга қадар ҳар бир касса учун онлайн НКМ харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни фойда солиғи, ЯСТ ёки қатъий белгиланган солиқ тўлови ҳисобидан, бироқ тўлов муддатида амалда бўлган ЭКИҲнинг (базавий ҳисоблаш миқдорининг) 10 бараваридан ошмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқини тақдим этиш;

олтинчидан, виртуал касса дастурий маҳсулотининг базавий қисмини бепул бериш;

еттинчидан, соддалаштирилган шаклда солиқ тўловчининг шахсий кабинетида рўйхатга қўйиш орқали алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ва умумий овқатланиш жойларида сотиш ҳуқуқини бериш. Бу имконият белгиланган миқдорда ойлик йиғимларни мунтазам тўлаш ҳамда онлайн НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланиш қоидаларига қатъий амал қилган тақдирда юзага келади.

Бундан ташқари, табиий ва қайта ишланган чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини сотишдан олинадиган даромадларни ЖШДСдан озод қилишда реализация қилинган маҳсулот унга ёки унинг оила аъзоларига ажратилган ер участкасида етиштирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш тартиби бекор қилиниши кутилмоқда.

 

Чекларни рўйхатдан ўтказинг – соврин ютиб олинг ёки ЖШДСнинг бир қисмини қайтариб олинг

 

Жамоатчилик назоратини кучайтириш ва харидорларни рағбатлантириб бориш мақсадида, чеклардаги QR код ёки фискал белгилар асосида ютуқли ўйинлар ташкил қилиш кўзланган. Жисмоний шахслар чеклардаги QR код ёки фискал белгиларни ДСҚнинг мобиль иловаси ёки расмий сайтида рўйхатдан ўтказиш орқали уларда иштирок этиши мумкин бўлади. Бунинг учун 2019 йил 1 октябрдан махсус жамғарма ташкил этилиб, унга савдо ва хизмат кўрсатиш, шу жумладан умумий овқатланиш корхоналаридан ундириладиган солиқ тўловлари (ҚҚС, фойда солиғи, ЯСТ) суммасининг 0,1%и йўналтирилади. Рўйхатдан ўтказилган чекларнинг жами суммаси йиллик даромадининг 50%идан юқори бўлган жисмоний шахсларга, даромад солиғининг 20%игача, лекин 1 календарь йили давомида МҲЭКМнинг 10 бараваридан ошмаган қисми қайтариб берилади.

Бундан ташқари, лойиҳа билан жисмоний шахсларнинг банк пластик карталари ёки чегирма (дисконт) карталарига оммавий оферта шартлари асосида ўтказилган бонуслар (пул, балл ва бошқа бирликлар) шаклидаги маблағларга (cashback) ЖШДС базаси сифатида қарамаслик таклиф қилинмоқда.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

Ленара Хикматова.

 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал