Тадбиркорлар қуёш панелларини ўрнатганлик учун қандай имтиёзларга эга бўлишади

preview

Электр энергетика тизимига юкламани пасайтириш учун давлат қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланувчи тадбиркорларни рағбатлантиради.

Нафақат имтиёзлар, балки мажбуриятлар ҳам қўшилади. Бу Президентнинг “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-57-сон қарорида назарда тутилган.

 

Янгиликлар:

1. “Яшил энергия” МЧЖ ташкил этилади. Ушбу компания ижтимоий соҳа объектлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бино ва иншоотларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатади.

Унга қуйидагиларга рухсат берилди:

  • ўз маблағлари ҳисобидан давлат органлари ва ташкилотлари бино ва иншоотларида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатганда, ушбу бино-иншоотларнинг тегишли қисмларидан ижара ҳуқуқи асосида бепул фойдаланиш. Ижара шартномалари белгиланган тартибда солиқ органларида рўйхатдан ўтказилади;
  • маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилардан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ва уларнинг эҳтиёт қисмларини харид қилиш, ўрнатиш ва уларга сервис хизматларини кўрсатиш учун энг яхши таклифларни танлаб олиш натижаларига кўра тўғридан-тўғри шартномалар тузиш.

2. 11 минг нафар тадбиркорнинг бино ва иншоотларида қуёш панеллари ўрнатилади ҳамда кичик фотоэлектр станцияларини барпо этилади. Режа – қарорга 3-иловада.

3. 2023 йил 1 апрелдан бошлаб умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғи, қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғи ҳамда юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан:

  • улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан 3 йил муддатга;
  • ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса — 10 йил муддатга озод этилади. 

4. 2023 йил 1 мартдан бошлаб, агар сиз электр энергетика тизимига уланиш учун берилган техник шартларда кўрсатилган қувватдан юқори бўлмаган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини электр тармоқларига уласангиз, қўшимча техник шарт олиш талаб этилмайди.

5. Тадбиркорларга, шу жумладан хорижий инвесторларга:

  • қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат органига ва (ёки) ҳудудий электр тармоқларига ўрнатилган тарифларда, бошқа истеъмолчиларга ўзаро келишилган нархларда тўғридан-тўғри тузилган, шу жумладан узоқ муддатли шартномалар асосида сотишга;
  • бошқа шахсларга тегишли объектларда ижара ҳуқуқи асосида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиб, ушбу қурилмаларда ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотишга рухсат берилади.

6. Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган тадбиркорлик субъектлари томонидан ой давомида ягона электр энергетика тизимига узатилган ва истеъмол қилинган электр энергияси ҳажмининг ҳисоби Ҳудудий электр тармоқлари АЖ биллинг тизимида юритилади. Ой якуни билан тармоққа узатилган ва истеъмол қилинган электр энергияси ҳажми ўртасидаги тафовутга асосан ўзаро ҳисоб-китоб қилинади. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан электр энергиясини сақлаб бериш хизмати учун ҳақ олинмайди.

Қуввати 300 кВт ва ундан юқори бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлаб чиқарилган электр энергияси ушбу манбалар Энергетика вазирлигида рўйхатдан ўтказилганидан кейингина амалга оширилади.

7. 2023 йил 1 мартдан бошлаб “Яшил энергия” банк молия маҳсулоти жорий этилади. Унинг ёрдамида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини сотиб олиш ва ўрнатиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларининг энергия самарадорлигини ошириш учун имтиёзли шартларда ресурслар олиш мумкин.

8. 2023 йил 1 апрелдан бошлаб республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли (умумий қуввати 50 кВт гача) қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича “Қуёшли хонадон” дастури ишга туширилади. Режа – қарорга 4-иловада.

Дастур доирасида:

а) жисмоний шахсларга тегишли объектларда ўрнатилган қуёш панелларида ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига Давлат бюджетидан 1 000 сўмдан субсидия ажратилади. Субсидия ҳар ой якуни билан жисмоний шахслар томонидан ягона электр энергетика тизимига узатилган энергия ҳажми ва тизимдан истеъмол қилинган электр энергияси ҳажми ўртасидаги ижобий тафовут миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади.

Субсидия маблағлари жисмоний шахсларнинг жами даромадлари таркибига киритилмайди. Уни ҳар ойда “Soliq” мобиль иловаси орқали ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар фуқароларнинг банк пластик карталарига олиш мумкин;

б) жисмоний шахслар томонидан ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергияси ҳажми:

– ой давомида ягона электр энергетика тизимидан истеъмол қилинган электр энергияси ҳажмидан кўп бўлган тақдирда, шу ой учун электр энергияси бўйича “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга тўлов қилинмайди;

– ой давомида ягона электр энергетика тизимидан истеъмол қилинган электр энергияси ҳажмидан кам бўлган тақдирда, шу ой учун электр энергияси бўйича тўловлар истеъмол қилинган ва узатилган электр энергияси фарқидан келиб чиқиб ҳисобланади.

9. 2023 йил 1 майдан бошлаб фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш талаби жорий қилинади.

10. Кўп ижтимоий соҳа объектлари, иссиқхоналар, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг (тасдиқланган рўйхат бўйича) локал иситиш тизимлари кўмир ёқилғисига ўтказилади.

11. 2023 йил 1 майдан бошлаб:

  • янги ташкил этиладиган иссиқхона хўжаликлари ҳамда цемент, ғишт ва оҳак маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга табиий газ тармоқларига уланиш учун техник шартлар берилиши тақиқланади;
  • республикадаги барча ёқилғи (автобензин, суюлтирилган ва сиқилган газ) қуйиш шохобчаларининг маиший-техник эҳтиёжлари ва ҳудудини ёритиш учун электр энергияси таъминотининг камида 50 фоизи ушбу объектларда ўрнатиладиган қуёш панеллари орқали қопланади.