Ташқи савдо операцияларини тартибга солиш ўзгартирилмоқда

preview

ҚҲТБТ порталида Президентнинг ташқи савдо операцияларини рағбатлантиришга қаратилган Фармони лойиҳаси эълон қилинган. Ўзгартиришлар ва қўшимчаларнинг моҳияти нимада? Ҳужжатнинг якуний таҳририда яна нималарни инобатга олиш мақсадга мувофиқ бўлади? Тафсилотлар – buxgalter.uz шарҳида.

Бугунги кунда барча ташқи савдо шартномалари Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими (ТСОЯЭАТ) орқали мониторингдан ўтказилади, 3 минг АҚШ долларигача бўлган товарлар (хизматлар) экспорти бундан мустасно. Лойиҳага мувофиқ товарлар (хизматлар) экспорти бўйича истисно 5 минг АҚШ долларигача кенгайтирилади.

Экспорт операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг ягона муддати (кейинчалик санкция қўллаш билан)  120 кундан 180 кунгача оширилади.

Лойиҳа қуйидаги шартларга риоя қилинган тақдирда товарларни (ишлар, хизматларни) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ҳақиқатда олиб кириш мажбуриятисиз сотиб олиш ва сотишга йўл қўяди:

  • мазкур операциялар бўйича ахборотни ТСОЯЭАТга киритиш;
  • товарларни (ишлар, хизматларни) етказиб бериш хизматига оид шартномаларни тузиш асосида - бошқа норезидентга трансферабель аккредитивлар ва бошқа тўлов ҳужжатларини қўллашни инобатга олган ҳолда операцияларни амалга ошириш;
  • товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш амалга оширилган санадан бошлаб 180 календарь куни мобайнида Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисоб рақамларига пул маблағларини ўтказиш. Ушбу муддатнинг бузилиши муддати ўтган дебитор қарздорлик сифатида қаралади.

Шунингдек, лойиҳага асосан товарларни (ишлар, хизматларни) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ҳақиқатда олиб кириш мажбуриятисиз сотиб олиш ва сотиш операцияларини амалга ошириш чоғида:

  • ўзбекистонлик экспорт қилувчилар томонидан олинган тушумни бошқа юридик шахслар фойдасига қайта беришга рухсат этилади ;
  • бундай операциялар савдо-воситачилик хизмати кўрсатиш фаолияти деб қаралади ва савдо-воситачилик хизмати кўрсатиш буйича белгиланган тартибда солиққа тортилади.

Buxgalter.uz тавсия қилади

Лойиҳадаги таклифлар, шубҳасиз, эътиборга молик, айниқса – муддати ўтган дебитор қарздорликни аниқлаш учун муддатнинг узайтирилиши. Шу билан бирга, “Норма” экспертларининг фикрига кўра, лойиҳада:

1) валюта назорати қоидаларига импорт ва экспорт божхона режимларидан фарқли божхона режимларида божхона чегараси орқали ўтиш билан боғлиқ бошқа ҳолларни киритиш имкониятини кўриб чиқиш;

2) товарларни (ишлар, хизматларни) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ҳақиқатда олиб кириш мажбуриятисиз сотиб олиш ва сотиш операциялари - ёки савдо, ёхуд воситачилик операциялари сифатида қаралиши зарур.