2020 йилда 2019 йил учун ҚҚС қопламасини олиш мумкинми?

preview

Корхона 2019 йил учун ҚҚС қопламасини олмоқчи. Қайси муддат мобайнида ариза бериш мумкин?  Агар корхона йил бошидан бошлаб ҚҚС тўловчиси бўлмаса, қайси давр учун ҚҚСни қайтариш мумкин? 2017 йилдан бошлаб айни пайтга қадар у ўз фабрикасини қурмоқда, шу вақт учун реализация бўйича айланмалар бўлмади.

Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ ҚҚС маъмурчилиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фурқат ҚЎШЧОНОВ жавоб берди:

- Қайтариш тўғрисидаги ариза билан солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати мобайнида мурожаат қилиш мумкин. У унинг натижалари бўйича солиқ мажбурияти белгиланадиган солиқ даври тугагандан кейин 5 йилни ташкил этади. Даъво қилиш муддатини аниқлашда СКнинг 88-моддасида белгиланган  ҳисоблаб чиқариш қоидасини ҳам инобатга олиш зарур. Ариза солиқ тўловчининг шахсий кабинетида электрон шаклда расмийлаштирилади.

Ариза берувчининг корхонасида камерал текширув ўтказилади . ҚҚСни қайтариш тўғрисидаги аризада кўрсатилган солиқ даври учун илгари солиқ аудити ўтказилган ҳоллар, шунингдек қайтаришнинг тезлаштирилган тартиби истисно ҳисобланади.

Агар камерал текширув натижаларига кўра солиқ органлари қайтарилиши баён этилган солиқ суммаси ўрнини тўлиқ ёки қисман қоплаш тўғрисида қарор қабул қилса, ҚҚСни қайтариш ариза берилган санадан эътиборан 60 кундан кечиктирмай амалга оширилади.

Тезлаштирилган тартибда қайтаришда - ариза берилган санадан эътиборан 7 кун ичида қайтарилади. Бундай тартиб :

1) Ўзбекистоннинг йирик солиқ тўловчилар тоифасига белгиланган тартибда киритилган юридик шахсларига;

2) солиқни қоплашга доир ариза билан бирга амалдаги банк кафолатини тақдим этган ёки солиқ органлари билан гаров шартномасини ушбу Кодекснинг 107 ёки 109-моддаларида белгиланган тартибда расмийлаштирган солиқ тўловчиларга;

3) экспорт ва унга тенглаштирилган операцияларни амалга оширадиган шахсларга - агар илгари бу шахсларга солиқ суммаси қопланган ва бунда қонунбузарликлар аниқланмаган бўлса, ноль даражали солиқ ставкаси қўлланилиши натижасида ҳосил бўлган солиқнинг ошиб кетган суммалари қисмида;

4) чет эл дипломатик ваколатхоналарига ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарига;

5) маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчиларига агар бундай битимда ноль даражали ставка қўлланилиши назарда тутилган бўлса;

6) солиқ мониторинги иштирокчиларига татбиқ этилади.

2019 йилда шундай тартиб амал қилганки, унга мувофиқ умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтилганда, шу жумладан - белгиланган йиллик айланманинг (олинган тушумнинг) энг кўп миқдоридан ошган ва (ёки) ҚҚСни ихтиёрий тўлашга ўтилган тақдирда, юридик шахс ТМЗнинг қолдиқлари ва узоқ муддатли активлар бўйича ўтилган пайтдан эътиборан солиқ суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлган. Тадбиркорлик фаолияти доирасида фойдаланиладиган кўчмас мулк барпо этилганда, ҚҚС суммаси 36 календарь ой давомида тенг улушларда ҳисобга олинган. Бунда солиқ тўловчида ҳисобга олиш ҳуқуқи фақат объект фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан пайдо бўлган .

2020 йилдан бошлаб узоқ муддатли активлар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш тартиби ўзгарди. Кўчмас мулк объектлари, шу жумладан - қурилиши тугалланмаган объектлар сотиб олинганда, шунингдек келгусида ўз асосий воситалари сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган активларни яратиш учун товарлар (хизматлар) сотиб олинганда сотувчи томонидан солиқ тўловчига тақдим этилган солиқ суммасини ҳисобга олиш тўлиқ ҳажмда амалга оширилади .

Бу шуни англатадики, ҚҚС тўловчилари кўчмас мол-мулк бўйича солиқни тўлиқ ҳажмда – 36 ойга бўлмасдан ҳисобга олишга ҳақли. Бунда узоқ муддатли активлар бўйича ҳисобга олинмаган ва 2020 йил 1 январь ҳолатига 4410-счёт дебети бўйича ҳисобда турган ҚҚС суммаси, 2020 йил январда 6410-счёт дебетида тўлиқ ҳисобга олинади. Мазкур норма фақат 2019 йилда сотиб олинган узоқ муддатли активларга нисбатан қўлланилади, сабаби улар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқи 2019 йил 1 январдан тақдим этилган .

Корхонада реализация бўйича айланмалар бўлмаганлиги боис, 2019 йилдан бошлаб “ҚҚСнинг салбий суммаси” – ҳисобга олиниши лозим бўлган солиқ сумманинг реализация бўйича айланмалар бўйича ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасидан ошиши ҳосил бўлди. Корхона кўрсатилган суммани СКнинг 274-моддасида, шунингдек Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида Низомда белгиланган тартибда қайтариш ҳуқуқига эга.